Пахта-тўқимачилик кластерлари пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш

Tekst
Przeczytaj fragment
Oznacz jako przeczytane
Czcionka:Mniejsze АаWiększe Aa

1.11. Ишлаб чиқариш маданияти ва унга эришиш йўллари

Ишлаб-чиқариш маданияти меҳнатга виждонан ёндошиш билан бошланади. Эркин яратувчанлик меҳнатда инсонни дунёқараши таркиб топади, унинг истеъдоди ва имкониятлари ривожланади, тажриба ва билими кўпаяди. Агар ишлаб-чиқариш маданиятини ошириш, меҳнат шароитларини яхшилаш ва меҳнат интизомини мустаҳкамлашга йўналтирилган барча тадбирлар узликсиз равишда режа бўйича олиб борилса, ишлаб чиқариш жароҳатининг камайиши қонуний тус олади. Шартли равишда ушбу тадбирлар учта гуруҳга бўлинади.

Биринчи гуруҳга ишлаб чиқаришни самарадорлигини ошириш ва ишловчилар меҳнатини ташкиллаштириш, иш жойларида тозалик ва тартибни назорат қилиш, корхона ҳудуди ва ишлаб чиқариш биноларини кўкаламзорлаштириш, ёритгичларни рационал жойлаштириш, шовқинни ихоталаш ва табиий шамоллатиш қурилмалари, механизмлар, ускуналар, хоналарни техник эстетика талаблари бўйича ранглаш, меҳнат қонунларига ва ички меҳнат тартиби қоидаларига риоя қилиш тадбирлари киради.

Иккинчи гуруҳга: сермеҳнат ва оғир ишларни механизациялаштириш тадбирлари, жумладан, пахта ва пахта маҳсулотларини транспорт воситаларига юклаш, ташиш, пахтани ғарамлаш ва уни технологик оқимга қайта ишлаш учун узатиш; технологик ускуналар ва ишлаб чиқариш участкаларини ҳамда вентиляция, аспирация ва чанг тутиш қурилмалари, гидропресс ускуналари, сепаратор ва шу каби катта ўлчамли ускуна ва машиналарни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш тадбирлари киради.

Учинчи гуруҳга: технологияни такомиллаштириш, янги ишлаб чиқариш ва маиший хизмат кўрсатиш хоналарини қуриш ва реконструкция қилиш, технологик жараёнларни комплекс механизациялаштириш ва автоматлаштириш, юк ортиш-тушириш ишларини ялпи механизациялаштириш, ишлаб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш ҳамда ишловчиларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш ва бошқалар киради.

2. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ МУҲИТИ НОҚУЛАЙ ОМИЛЛАРИ ВА УЛАРНИ ТАЪСИРИДАН ҲИМОЯЛАШ

2.1. Ишлаб чиқариш муҳити ноқулай омилларининг синфланиши

Ишлаб чиқариш муҳитининг ноқулай омиллари табиий таъсири бўйича қуйидаги гуруҳларга бўлинади: физикавий; кимёвий; биологик ва психофизиологик.

Ишлаб чиқаришнинг физикавий ноқулай омиллари ўз ичига қуйидагиларни: ҳаракатланаётган машиналар ва механизмлар; ишлаб чиқариш ускунасининг қўзғалувчан қисмлари; силжитилаётган пахта хом-ашёси, пахта маҳсулотлари, материаллар; бузилаётган пахта ғарамлари; иш зонаси ҳавосини юқори чангланганлиги ва газланганлиги; ускуналар, материаллар сиртларининг юқори ёки паст ҳарорати; иш зонаси ҳавосини юқори ёки паст ҳарорати; иш жойида шовқинни юқори даражаси; титрашни юқори даражаси; инфратовуш тебранишларининг юқори даражаси; ультратовушни юқори даражаси; иш зонасида юқори ёки паст барометрик босим ва унинг тез ўзгариши; ҳавони юқори ёки пастки намлиги; ҳавони юқори ёки пастки қўзғалувчанлиги; иш зонасида ионлаштирувчи нурланишнинг юқори даражаси; одам танаси орқали ўтиб туташиши мумкин бўлган электр занжири кучланишининг юқори қиймати; статик электрнинг юқори даражаси; электр магнити нурланишининг юқори даражаси; электр майдонини юқори кучланганлиги; магнит майдонини юқори кучланганлиги; табиий ёритишни етарли эмаслиги ёки йўқлиги; иш зонасини етарли ёритилмаганлиги; ёритишнинг юқори ёрқинлиги; тўғри ва аксланган ялтираш; ёруғлик оқимининг юқори пульсацияланиши; ультрабинфша радиацияни юқори даражаси; инфрақизил радиацияни юқори даражаси; деталлар, асбоблар, ускуналар сиртларидаги ўткир қирралар, ғадир-будирликлар; иш жойини ер (пол) сиртига нисбатан анча юқорида жойлашганлиги ва вазнсизликни олади.

Кимёвий ноқулай омилларга турли агрегат ҳолатидаги ўткир моддалар: дихлорэтан, ацетон, бензол ва бошқа эритувчилар; метан, корбонат ангидрид, ацетилен ва бошқа газлар; лаклар, буёқлар, эмаллар; дори воситалари ва бошқа кимёвий моддалар киради.

Ишлаб чиқариш муҳитининг кимёвий ноқулай омиллари қуйидагиларга бўлинади:

одам организмига таъсирини тавсифи бўйича – токсик, ғаштлантирувчи-ғижинтирувчи, сенсибилизация қилувчи, канероген, мутаген, репродуктив (насл) фаолиятга таъсир этувчи;

одам организмига ўтиш йўли бўйича – нафас олиш органлари орқали; ошқозон-ичак йўли бўйича; тери ва кўзни шиллиқ қавати бўйича.

Ишлаб чиқаришнинг биологик ноқулай омиллари ўз ичига биологик объектлар – патоген микрорганизмлар (бактериялар, вируслар, риккетсии, спирохети, одий қўзиқорин) ва улар ҳаёт-фаолиятининг маҳсулотларини олади.

Асаб-психик юкланганлик ақлий ўта юкланганликка, тахлиллагичларни ўта юкланганлиги, меҳнатни монотонлиги, ҳиссиётли ўта юкланганликка бўлинади.

2.2. Ишлаб чиқаришнинг хавфли ва зарарли омиллари

Одамнинг меҳнат фаолияти ишлаб чиқариш шароитларининг маълум муҳитида кечади ва у гигиеник талабларга риоя қилинмаганда одамни ишлаш қобилияти ва соғлиғига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин. Одамни ҳаёти ва соғлиғига номақбул таъсир этадиган ҳодиса, жараён ва нарсага хавф дейилади.

Маълум шароитларда ишловчига номақбул таъсири жароҳатланишга ёки бошқа бехосдан соғлиқни тез ёмонлашувига, ҳатто ўлимига олиб келувчи омил ишлаб чиқаришнинг хавфли омили, номақбул таъсири касалланишга ёки иш қобилиятини пасайишига ва (ёки) кейинги авлодлари соғлиғига салбий таъсир ўтказиши мумкин бўлган муҳит ва меҳнат жараёнининг омили эса ишлаб чиқаришнинг зарарли омили дейилади.

Хавфли ёки зарарли омилнинг таъсири оқибатида содир бўлган ҳодисага бахтсиз ҳодиса, унинг оқибатида одам организми терисини шикастланиши ва унинг функцияларини бузилишига жароҳат дейилади.

Зарарли меҳнат шароитлари таъсири келтириб чиқарадиган касалланиш касбий касалланиш (касб касаллиги) дейилади. Касб касалликларига сурункали чанг бронхити, титраш касаллиги, ўткир моддалар билан заҳарланишлар ва б.қ. киради.

Сонли тавсифига ва таъсирининг давомийлигига кўра ишлаб чиқаришнинг айрим зарарли омиллари хавфли бўлиб қолиши мумкин. Хавфли ва зарарли омилларни мавжуд нисбатидан ва чегаравий рухсатли даражасидан келиб чиқиб меҳнат шароитлари зарарли ва хавфли омиллари даражаси бўйича тўртта синфга бўлинади: 1-синф – оптимал меҳнат шароитлари; 2-синф – рухсатли меҳнат шароитлари, функционал четланиш келтириб чиқаради, аммо регламентланган дам олишдан кейин организм нормал ҳолатга қайтади; 3-синф – зарарли меҳнат шароитлари, гигиена нормаларидан ортиқ, кейинги авлодларга ноқулай таъсир этувчи ишлаб чиқаришнинг зарарли омиллари мавжудлиги билан тавсифланади. 3-синф меҳнат шароитлари зарарлиги бўйича тўрт даражага бўлинади:

қайтадиган функционал ўзгаришлар келтириб чиқарадиган ва касалланиш ривожланиши таваккалини асословчи гигиеник нормалардан четланишларни тавсифлавчи меҳнат шароитлари;

хавфли ва зарарли омилларнинг шундай даражасидаги меҳнат шароитлари, улар турғун функционал бузилишлар келтириб чиқариши, кўпчиллик ҳолларда вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотиш билан бўладиган касалланиш ҳолатларнинг кўпайишига, умумий касалланиш частотасини ошишига, касбий патологиянинг бошланғич белгиларини пайдо бўлишига олиб келиши мумкин;

зарарли омилларнинг шундай даражаси билан тавсифланувчи меҳнат шароитлари, у меҳнат фаолияти даврида енгил шаклдаги касбий патологияни ривожланишига олиб келади, меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотиш билан юқори даражадаги касалланишни келтириб чиқариши мумкин;

касбий касалланишнинг кўрсатадиган шакли пайдо бўлиши мумкин бўлган меҳнат шароитлари, сурункали патологияни аҳамиятли ўсиши таъкидланади ва меҳнат қобилиятини вақтинчалик йўқотиш билан юқори даражадаги касалланиш кузатилади.

4-синф – хавфли (экстремал) меҳнат шароитлари, ишлаб чиқариш омилларининг шундай даражаси билан тавсифланадиган, уларнинг таъсири иш сменаси (ёки унинг бир қисми) мобайнида ҳаёт учун хавф солади, ўткир касб жароҳатини оғир шаклини юқори таваккали вужудга келади.

Ишлаб чиқаришнинг зарарли ва хавфли омиллари орасида маълум боғланганлик кузатилади. Кўпчиллик ҳолларда зарарли омилларнинг мавжудлиги хавфли омилларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади. Масалан, ишлаб чиқариш хонасининг ўта намлиги ва ток ўтказувчан чангларнинг (зарарли омиллар) мавжудлиги одамни электр токи (хавфли омил) билан жароҳатланиш хавфини кучайтиради.

2.3. Ишлаб чиқаришдаги жароҳатланишлар сабаблари ва хавфли зоналар

Пахта тозалаш корхоналари ишлаб чиқариш жараёнларида тан жароҳатланиши олишлар қуйидаги хавфли омиллар сабабли: пахта тозалаш корхоналари технологик ускуналарини ҳаракатга келтирувчи электр токи ва электрқурилмалардан хавфсиз фойдаланиш қоидаларига риоя қилинмаганликдан; технологик машиналарни ҳаракатланувчи ишчи органлари (шеткали, қозиқли, аррасимон тишли барабанлар, шнеклар, валчалар, аррали валлар ва б.қ.) ва уларни ҳаракатлантирувчи қисмлари (валлар ва бириктирувчи муфталар, тишли, занжирли, тасмали, червякли узатмалар ва уларнинг деталлари- ғилдираклар, занжирлар, тасмалар, шкивлар, ва б.қ.) хавфсизлиги таъминланмаганлигидан; пахта тозалаш корхоналарида меҳнатни мухофаза қилиш қоидалари талаблари бузилганлигидан; 45 градусдан юқори ҳароратда қиздирилган сиртлар ва агрессив таъсир этувчи кимёвий моддалар (ишқорли ва кислотали аккумляторлар учун натрий ва калий ишқорлари ҳамда сульфат кислотанинг ишлатилиши) билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаганликдан; бехосдан юқоридан нарсаларнинг тушишидан; суянчиқлар билан жиҳозланмаган нарвонлардан фойдаланишдан ва бошқалардан содир бўлиши мумкин

Инсон саломатлиги ва ҳаёти учун доимий ёки вақти-вақти билан хавф содир бўладиган ҳудуд хавфли зона деб аталади. Пахта тозалаш заводларида хавфли зона: пахта ғарамидан 3—4 метр масофагача доимий хавфли зона мавжуд – пахта ғарами қулаб кетиши мумкин; лентали транспортер остида, ғарам бузгич стреласининг иш зонаси остида, машиналар юритмалари яқинида ҳам хавфли зона бўлади; дориланган уруғлик чигитни қопларга солиш жойида зарарли чанг чиққанлиги сабабли, хавфли зона ҳосил бўлади.

Вақти-вақти билан содир бўладиган хавфли зонага гидропресс камераси олдида тола тойини итариб чиқаргич ҳаракат қиладиган зона ва иш камераси фартугини олганда жин ёки линтер олдида содир бўладиган хавфли зоналар киради.

 

Хавфли зона ўз чегарасини ўзгартириши мумкин: лентали транспортер фермасининг эгилиш бурчаги ва туриш жойига кўра, пахта ғарамининг баландлигига кўра хавфли зонанинг чегаралари ўзгариши мумкин.

2.4. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларнинг вазифалари ва турлари

Ҳимояловчи ва сақловчи воситалар одамни хавфли зонага тушиб қолишини ҳамда хавфли ва аварияли ҳолат вужудга келишини бартараф этишга мўлжалланган бўлиб, ҳар қандай ускунага хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини беради. Ҳимояловчи ва сақловчи воситаларга:

машинанинг ҳаракатланувчан ёки тегиб кетиш хавфи бўлган қисмларини ёпувчи, юқори ва паст ҳароратдан ҳамда зарарли чанглар ва нурланишлар таъсиридан ишловчиларни жароҳатланиш ва зарарланишдан ҳимояловчи чегараловчилар (ёпгичлар, тўсқичлар);

механизмларни хавфсиз ишга туширувчи ва тўхтатувчи мосламалар (машина иш органларини зудлик билан тўхтатилишини таъминлаш учун электродвигателни электр занжирига тескари улаб айлантириш ҳамда динамик тормозлаш усуллари қўлланилади);

ускуналарнинг юқорида жойлашган қисми ва деталларига хавфсиз хизмат кўрсатилишини таъминлайдиган қурилмалар (иш майдончалари, нарвонлар ва б.қ.);

хавфли омил пайдо бўлганлигидан огоҳлантирувчи қурилма ва асбоблар (манометрлар, огоҳлантириш воситалари ва б.қ.);

хавфни бартараф этувчи қурилма ва асбоблар (тўсқичлагичлар, сақловчи клапанлар, муфталар ва б.қ.);

тўсиқлар, газ баллонлари, ишга тушириш ручкалари ва тугмачалари, симларни белгилаш маркалари ва бошқаларидан ажратиш учун бўялиши ва бошқалар киради.

Тўсқичлагичлар (блокировка) қурилмалари одамни хавфли зонага ўтишига тўсқинлик қилади ёки унинг бу зонада бўлган пайтида хавфли омилни бартараф этади. Электр тўсқичлагичлар технологик ускуна электр юритмасини машинанинг хавфли зоналарида ҳимояловчи тўсиқлар (ёпгичлар) мавжуд бўлганда юргизади.

Пахта тозалаш корхоналари машина ва механизмларида пайдо бўладиган шовқин, титраш ва чанг зарарли омиллар жумласига киради.

2.5. Ишловчиларни шовқин ва титрашдан ҳимоялаш

2.5.1. Шовқиннинг пайдо бўлиши ва унинг одам организмига таъсири

Шовқин (товуш) газсимон муҳитларда тўлқинли тарқалади ва одам эшитадиган оралиқда эластик тебраниш ҳосил қилади.

Товуш эластик муҳитни тўлқинли ҳаракати каби тавсифланади, уни одамни эшитиш аппарати қабул қилади.

Ишлаб чиқариш шовқини – турли суръатли ва частотали, вақт бўйича тартибсиз ўзгарувчи ва ишловчиларда ёқимсиз ҳиссиёт келтириб чиқарувчи товушлар тўплами.

Ўзгармас шовқин – «секин» ўлчов прибори стандартлаштирилган вақт тавсифномасида ўлчанганда 8 соатлик иш куни ёки иш сменасида вақт бўйича товуш даражаси 5 дБ дан кўп ўзгармайдиган шовқин.

Ўзгарувчан шовқин – «секин» ўлчов прибори стандартлаштирилган вақт тавсифномасида ўлчанганда 8 соатлик иш куни ёки иш сменасида вақт бўйича товуш даражаси 5 дБ дан кўп ўзгарадиган товуш (шовқин). Ўзгарувчан шовқин тебранувчан, узилувчан ва импульслига бўлинади.

Тебранувчан шовқин – товуш даражаси вақт бўйича узликсиз ўзгарадиган шовқин.

Узликли шовқин – товуш даражаси вақт бўйича поғонали (5 дБ ва кўпроқ) ўзгаради, бунда «импульс» ва «секин» стандартлаштирилган вақт тавсифномаларида ўлчанган товуш даражаси 7 дБ дан камга фарқланади.

Импульсли шовқин – бир ёки бир неча товуш сигналларидан ташкил топган ва «импульс» ва «секин» стандартлаштирилган вақт тавсифномасида ўлчанган товуш даражаси учун фарқ 7 дБ дан кўп бўлган шовқин.

Кенг полосали шовқин бир октавадан кўп узликсиз спектрга эга, тональ (дискрет) спектрида ифодали дискрет тонга эга (частоталари, улардаги товуш даражаси бошқа частоталардаги товуш даражасидан анчагина юқори). Реактив самолёт шовқини -кенг полосали шовқин, дискли арра шовқини – тональ (шовқин спектрида частотаси аниқ ифодаланган афзалли товуш даражали) шовқин.

Механик шовқинлар механизмларларда инерцияли ғалаёнли кучлар, деталларнинг бир-бирига урилиши, ишқаланиш ва бошқалар борлигидан вужудга келади.

Аэродинамик шовқинлар турли жисмларни газли (ҳаволи) оқим оқиб ўтиши, газларнинг ҳаракатланиши натижасида содир бўлади. Аэродинамик шовқин вентиляторлар, ҳаво пуфлагичлар, компрессорлар, газ турбиналари ишлашида, буғлар ва газларни атмосферага ва б.қ. чиқарилишида содир бўлади.

Гидравлик шовқин суюқликлардаги стационар ва ностационар жараёнлар сабабли содир бўлади.

Электромагнит шовқинлар электр энергиясидан фойдаланишда электр машиналарида ва ускуналарида содир бўлади.

Ишлаб чиқаришда содир бўладиган шовқин технология жараёнидаги машина ва механизмларнинг турлари ва сонига боғлиқ ҳолда суръати ва частотаси бўйича ўзгаради. Одамни товушни нормал қабул қилиш оралиғи чегараси 20—20000 Гц, ундан кичиги ифратовушни билдирса, бу оралиқдан каттаси ультратовушни билдиради.

Ишлаб чиқаришдаги товуш диапазонидаги шовқин ишларни бажаришда диққатни пасайиши ва хатоларни кўпайишига олиб келади. Натижада меҳнат унумдорлиги пасаяди ва бажарилаётган иш сифати ёмонлашади. Шовқин техник объектлар ва ички цех транспортидан берилаётган сигналларга одамни реакциясини пасайтиради, бу ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисалар содир бўлишига олиб келади. Ўзини даражаси бўйича оғриқ чегарасидаги шовқинлар оғриқлар ва эшитиш аппаратида жароҳат (қулоқ пардасини тешилиши ёки ёрилиши) келтириб чиқариши мумкин.

Товуш босими даражаси 30…45 дБ одам учун одатий ва унинг ишлашига халақит бермайди. Товуш даражаси 40…70 дБ гача кўпайиши асаб системасига қўшимча юкланиш яратади, кайфиятни ёмонлашишига олиб келади ва унинг давомли таъсири невроз касаллиги билан касалланишга сабабчи бўлиши мумкин.

Даражаси 80 дБ дан юқори шовқинни узоқ вақтли таъсири эшитишни ёмонлашишига – касбий карқулоқликка олиб келиши мумкин. 130 дБ дан юқори шовқин таъсирида қулоқ пардаси ёрилиши, 160 дБ дан юқори товуш даражасида эса одамни ҳалок бўлиш эҳтимоли мавжуд.

Шовқинни рухсатли даражаси чегараси (РДЧ) – бутун иш стажи мобайнида ҳафтасига 40 соатдан кўп бўлмаган кундалик (дам олиш кунларидан ташқари) ишлашда, ҳозирги ва кейинги авлодларини ишлаш жараёни ёки ҳаётини кейинги даврларида, замонавий изланиш методлари билан топилган, касалланишлар келтириб чиқармаслик ва соғлик ҳолати ёмонлашмаслик даражасини билдиради.

Шовқин таъсирини одамни эшитиши нафақат товуш босими даражасига, балки частотасига ҳам боғлиқ. Паст частотали товушлар шу суръатли юқорироқ частотали товушларга нисбатан пастроқ эшитилади.

Товушни қаттиқлик (баландлик) даражаси (ўлчов бирлиги – фон) – берилган (маълум) частотали иккита товушлар қаттиқлик даражаларининг фарқи, уларда 1000 Гц частотали қаттиқлиги бўйича тенг товушлар, суръати (ёки товуш босими даражаси) бўйича 1 дБ га фарқланади.

2.5.2. Шовқиндан ҳимояланиш воситалари ва методлари

Ишлаб чиқаришда шовқинга қарши кураш мажмуий олиб борилади ва технологик, санитар-техник, даволаш-профилактик тавсифли тадбирларни ўз ичига олади.

Шовқиндан ҳимояланиш воситалари ва методларини синфланиши ГОСТ 12.1.029—80 МХСТ да «Шовқиндан ҳимояланиш воситалари ва методлари. Синфланиш», ҚМ ва Қ II-12-77 «Шовқиндан ҳимояланиш» ларда келтирилган. Улар шовқиндан ҳимояланишни қуйидаги қурилиш-акустикаси методларини назарда тутади:

а) чегараловчи конструкцияларни товушдан ихоталаш, дерезалар, эшиклар, дарвозалар ва ш.ў. ни қиртишларини (оралиқларини) жипслаш, персонал учун товушдан ихоталанган кабиналар қуриш; шовқин манбаъларини ғилофлаб ёпиш;

б) хоналарда шовқинни тарқалиш йўлида шовқин ютгич конструкциялар ва экранлар ўрнатиш;

в) компрессорлар ва ички ёнув двигателларида аэродинамик шовқин сўндиргичлар қўлланилиши; шамоллатиш тизими ҳаво трактларида товуш ютувчи қопламалар қўлланилиши;

г) экранлар ва яшил экинлардан фойдаланиб одамлар бўлиши мумкин бўлган турли жойларда шовқиндан ҳимояланган зоналар яратиш.

Шовқинни секинлаштириш пол остига бинодаги кўтарувчи конструкциялар билан қаттиқ боғланмаган эластик қистирмалар қўйиш, ускуналарни амортизаторларга ёки махсус ихоталанган фундаментларга ўрнатиш йўли билан эришилади. Товуш ютувчи воситалар сифатида: минерал вата, кигиз плиталари, шиша толаси, шунингдек, фаол ва реактив сўндиргичлар қўлланилади.

Аэродинамик шовқинларни сўндиргичлар абсорбцияли, реактив (рефлексли) ва комбинацияланган бўлади. Абсорбцияли сўндиргичларда шовқинни сўниши товуш ютувчи материаллар бўшлиқларида содир бўлади. Реактив сўндиргичларнинг ишлаш принципи сўндиргич элементларида «тўлқинли тўсиқ» ҳосил бўлиши натижасидаги товушни қайтариш эффектига асосланган. Комбинацияланган сўндиргичларда товушни ҳам ютилиш, ҳам қайтарилиш хоссаларидан фойдаланилган.

Товушни ихоталаш ишлаб чиқариш шовқинини унинг тарқалиш йўлида камайтиришни энг самарали тарқалган методларидан биридир. Товуш ихоталаш қурилмалари ёрдамида 30…40 дБ га шовқин даражаси осонгина туширилади. Самарали товуш ихоталовчи материаллар металлар, бетон, ёғоч, зич пластмассалар ва ҳ.к. бўлади.

Хоналарда шовқинни пасайтириш учун уларнинг ички сиртига товуш сўндирувчи материаллар қопланади, шунингдек, донабай товуш ютгичлар жойлаштирилади.

Шовқин товуш суръати, частотаси ва товуш босими билан тавсифланади.

Одамнинг эшитиш органи товуш тебраниши 800—4000 Гц гача оралиқ частотада яхши қабул қилади. Стандарт частота эталони сифатида частотаси 1000 Гц бўлган товуш қабул қилинган. Бу частотада товуш босими (Ро), шовқин суръати (Jo) ва товуш қуввати (Wo) ларнинг энг кам қийматлари – одамни эшитиш органи томонидан аранг фарқланадиган қийматлари чегаравий деб аталади. Бунда Ро=2x10—5, Па; Jo=10…12 Вт/м2; Wo=10…12 Вт га тенг бўлади.

Иш жойларида доимий шовқинни тавсифлаш учун ўрта арифметик частоталари 31,5; 63; 125; 250; 500; 1000; 2000; 4000; 8000 Гц бўлган октав кенгликдаги децебелда аниқланган товушлар босими даражасидан фойдаланилади. У қуйидаги формула билан аниқланади:

Lp = 20lg (P/Po),

бунда: P – товуш босимининг ўрта геометрик қиймати, Па; Po– ҳавода товуш босимининг бошланғич қиймати, Po= 2х10—5 Па.

Ҳар бир октав кенгликлар учун шовқиннинг йўл қўйиладиган қийматлари Дб да мавжуд бўлади. Ҳар қандай октав кенгликда шовқин 135 Дб (товуш босими) бўлса, ишловчининг бу ҳудудда бўлиши мумкин эмас.

Товуш босими Р, тебраниш амплетудасига пропорционал бўлган товуш тўлқини босимининг ўзгарувчан қисми, қуйидагича аниқланади:

P = F/S

бунда: F – сиртга нормал бўйича таъсир этувчи товуш тўлқинининг кучи, ньютон; S – товуш босими таъсир этувчи сирт юзаси, м2.

Товуш интенсивлиги J -вақт бирлигида товуш (шовқин) тарқалишига перпендикуляр бўлган сиртнинг 1 мдан ўтувчи товуш энергияси миқдори, Вт/ м2.

J = Р/ (ро С)

бунда: Р – товуш босими, Па; ро – муҳит зичлиги, кг/м3; С-берилган муҳитда товуш тезлиги, м/с.

Товуш частотаси f -одам қабул қиладиган товуш (шовқин) тонининг юқорилигини аниқлайди. Юқори частотали товуш ёки шовқин паст частоталисига нисбатан одам соғлиғига зарарлироқ таъсир этади.

Товуш суръати даражасининг бирлиги сифатида 1 Б (бел) қабул қилинган – бу одам эшитиш органи томонидан қабул қилинадиган энг кам товуш кучи. Амалиётда товуш суръати даражаси 0,1 белга тенг бўлган децебелда (Дб) ифодаланади. Одам қулоғи қабул қиладиган энг кам товуш суръати даражаси 10 Дб га тенг бўлиб, у эшитиш чегараси дейилади.

Спектр – бу товуш тўлқинининг тебраниш частотаси. Уни товуш ва шовқинни тавсифлаш учун билиш зарур.

Қабул қилинаётган товуш кучини таққослашни осонлаштириш учун, товуш баландлигининг ўлчов бирлиги – фон киритилган, шартли равишда эшитилаётган товуш кучи тебраниш частотаси 1000 Гц ва суръати даражаси 1 Дб қабул қилинган. Ишлаб чиқаришда турли хил спектрли ва суръат даражали товуш бўлади. Товуш спектрларини шартли равишда: паст частотали – 380 Гц гача; ўртача частотали – 380—800 Гц ва юқори частотали – 800 Гц дан юқориларга ажратиш мумкин. Шовқиннинг частотали таркиби юқори бўлган сари унинг одам организмига зарарли таъсири кучаяди. Товуш суръати (интенсивлик) даражаси 130 Дб дан ошиши эшитиш органини оғритади. Кўп вақт давомида юқори частотали шовқин таъсири остида одамнинг қулоғи касалланишга дучор бўлиш эҳтимоли мавжуд.