Буюк Беруний

Tekst
Przeczytaj fragment
Oznacz jako przeczytane
Jak czytać książkę po zakupie
  • Czytaj tylko na LitRes "Czytaj!"
Буюк Беруний
Czcionka:Mniejsze АаWiększe Aa

СЎНМАС МАШЪАЛЛАР

Берунийнинг шахси ва фаолияти ҳақидаги энг ишонарли ва қимматли маълумотларни жаҳоншумул, наинки жаҳоншумул, балки фалакшумул олимнинг ўзи ёзиб қолдирган каттаю кичик асарларидан олиш мумкин. Оз эмас, нақ минг йилдан кўпроқ вақт илгари ёзилган ҳасби ҳол – таржимаи ҳолларининг қимматини ўлчаш учун бирон-бир тошу тарози бормикан? Кўпчилик қатори мен ҳам бу қомусий билимлар соҳиби бўлмиш буюк аждодимизнинг “Ҳиндистон” асарини она тилимизда ўқиб чиққан эдим. 1966 йилда! Ҳиндшунос талаба бўлганим боис “Ҳиндистон” асарини ўқишни фарзу қарз деб билгандим. Э-воҳ! Мен китоб эмас, тўрт томони ҳам осмонга туташ уммонга “калла ташлаган” эканман. Шундан бери Абу Райҳон Берунийнинг мухлисиман. Аллома шахсиятига қизиқишим беқиёс.

Шоир Комил Хоразмий қаламига мансуб “Буюк Беруний” достони қўлёзмасини ўқиб чиқдим. Достон муаллифи илмий, бадиий манбалардан унумли фойдаланибди. Асар дебочасидаёқ фалсафий руҳ нигоҳимизни матн ичкарисига тортади:

 
Аллоҳ бир бандага солса гар назар,
Шавкати ўчмагай қиёмат қадар.
 
 
Асрлар қаъридан таратганча нур,
Башарга бағишлаб тургувси ғурур.
 
 
Нодир инсонларни кўрди бу фалак,
Тенгсиз заковатдан бергувчи дарак.
 

Чиндан ҳам Абу Райҳон Беруний – минг йилда бир учрайдиган нодир шахс. Достон муаллифи таъкидлаганидек, Беруний жаҳолат шайтоний қаҳқаҳа отган даврда яшаб, ижод қилди. Бинобарин, уни илм майдонининг паҳлавони дейиш мумкин. К.Хоразмий алломани таърифлаб ёзадики:

 
… Илм машъаласин кўтарганча даст,
Дилин эзгуликка этганча пайваст –
 
 
Майдонга чиқади мисли баҳодир,
Кўзи келажакни кўришга қодир.
 
 
Кукундек соврилар кумуш-у тилло,
Ки идрок жаҳонда баридан аъло.
 

Албатта, буюк шахслар ҳақида асар битиш ҳазилакам амал эмас. Айниқса, Берунийдек жаҳонни забт этган олим тўғрисида! Бунинг учун шоир малака ҳосил қилиши, қалами обдон “чархланмоғи” даркор. Комил Хоразмий “Хоразмнома” достонини ёзиб, эълон қилдирганидан кейин ўзига нисбатан ишончи ортгани шундоққина сезилиб турибди. “Буюк Беруний” достонига алоҳида тайёргарлик кўрилгани ҳам бор гап. Шоир Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино ва уларнинг устозлари образларини ишонарли алпозда яратган. Подшоҳлар образлари ҳам ўқувчи қизиқишини оширади. Айниқса, Маҳмуд ўазнавий ва Беруний орасидаги зиддиятли манзаралар, менимча, қиёмига етказилган. ўазнавий Ҳиндистонга қилич кўтариб борган бўлса, Беруний қалам ушлаб туради. Подшоҳ ҳиндларни зор қақшатса, аллома уларни кўкка кўтаради. ўазнавийнинг назарида Беруний чорасиз киши:

 
Подшоҳ-чун Беруний ожиз бир одам,
Қатлга буюрар хоҳлагани дам.
 
 
Зиндонга ташлатмоқ бир одатий ҳол,
Баъзида маҳзундир, баъзида хушҳол.
 

Аён бўладики, қилич қудратидан қалам кучи устун чиқади. Беруний қалами боис ер юзида довруқ қозонди. ўазнавий эса золим ҳукмдор сифатида кўплаб миллатларнинг нафратига нишон бўлгани тарихдан маълум. Мазкур тарихий ҳақиқатни Комил Хоразмий бадиий ҳақиқатга айлантира олган. Бинобарин, мен ҳам достонни мароқ ила ўқиб чиқдим. Кўзларим қувонди, дилим яйради.

Ҳурматли китобхон! К.Хоразмийнинг “Буюк Беруний” достонини мутолаа қилар экансиз, лавҳалар ўз ўрнида яратилганига гувоҳ бўласиз. Асар ёзиш баҳонасида Комил Хоразмий олис ўтмишга ҳам саёҳат қилади, бугунги кундаги илмий тараққиётлардан ҳаяжонга тушади, яхши умид ва ишонч билан келажакка кўз тутади. Зеро, илм аҳлида келажакка қизиқиш ва интилиш бўлмаса, у ҳеч қаёққа бора олмайди. Нуқул ўтмишдаги шон-шавкатга маҳлиё бўлиш кишига фойдали эмас:

 
Достонни битирдим Наврўз маҳали,
Режалар бисёрдир кўнгилда ҳали.
 

Шу байтни битган шоирдан яна кўп асарлар кутишга ҳақлимиз. Демак, мавзу яна давом эттирилиши аниқ. Энди достоннинг тарбиявий аҳамияти хусусида сўз айтмоқчиман. Достонда Абу Райҳон Беруний иродаси пўлатдек мустаҳкам шахс сифатида тасвирланган. Ул зот ҳар қандай оғир даврларда ҳам ўзини йўқотиб қўймайди, балки, бир иложини топиб, мушкулот қаъридан қутилишга муваффақ бўлади. Бинобарин, ирода – халоскор. Алломанинг кучи, қуввати шунда-да ахир?! Такаббур, урушқоқ подшоҳлар билан муроса қилиш, жаҳолат аждарҳодек бошини кўтарган вақтда самога боқиб, юлдузлар “шивирини” эшитмоқ, гоҳо шон-шавкатли юрт таърифини келтирмоқ осон иш эмас. К.Хоразмий алломанинг худди шу жиҳатларини рангин лавҳаларда ифодалаб, савобга дахлдор бўлибди:

 
Бир китоб ёзмоқчи ҳинд мулки ҳақда,
Кўрган-кечирганин ёдида сақлаб.
 
 
Гарчи ҳайратбахшдир қадимий Юнон,
Ундан ҳам қадимий аммо Ҳиндистон.
 

Ўтмишдаги аллома аждодлар келажак йўлини ёритувчи сўнмас машъаллардир. Бизнинг вазифамиз – шу машъалларни бир-бир қўлга олиб, унга “ёғ қуйиб”, яна-да кучлироқ порлатиб, келажак йўлини тағин-да бехато ва бенуқсон кўра билмакдир. Комил Хоразмий ўз замондошларига шу эзгу ниятни билдирмоқ учун ўзининг буюк ватандоши Ал-Беруний ҳақидаги достонини ҳалол тер тўкиб битган экан, ул кишини аждодларимизнинг руҳи қўлласин!

Амир Файзулла, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

БУЮК БЕРУНИЙ
(Достон)

Ибн Сино аста юриб Берунийнинг ёнига борди. Гўё унинг теран ўйларини ҳуркитиб юборишдан қўқран

– дай, секин унинг елкасини қучди.

– Беҳуда изтироб чекасиз, устод! Зеро, сиз айтган бу разолат ва жаҳолат янгилик эмасдур бу кўҳна дунёда!

– Биламен, Абу Али! Ҳаммасини биламен! Аммо… “Ал-Қонун”ни яратган Ибн Синони бундай хору зор қилмоқ!..

– Қўйинг, устод! Наҳот бу ҳақдаги ривоятни эшитмаган бўлсангиз?

– Не ривоят?

– Шундайким, буюк бир донишманд бани башарнинг нопок истаклари ва тубан эҳтиросларини бир уйга қамаб қўйилган уч махлуқ – одам, тўнғиз ва арслонга ўхшатган экан. Бани одам деганда у ақл-идрокни назарда тутибди, тўнғиз деганда инсоннинг чиркин хоҳишларини, арслон деганда эса қаҳру ғазабини назарда тутибди. Бу уч махлуқнинг қайси бири зўр чиқса, қамалган уйда ўша устунлик қилар эмиш.

– Хўш, хўш?

Бу қиссадан ҳисса шулки, тўнғиз билан шер, яъники, тубан эҳтирослар қанчалик зўр бўлмасин, бани одам, яъники, ақл-идрок енггусидир!

Одил ЁҚУБОВ.
(“Кўҳна дунё”романидан.)1

1

 
Аллоҳ бир бандага солса гар назар,
Шавкати ўчмагай қиёмат қадар.
 
 
Асрлар қаъридан таратганча нур,
Башарга бағишлаб тургувси ғурур.
 
 
Нодир инсонларни кўрди бу фалак –
Тенгсиз заковатдан бергувчи дарак.
 
 
Кўп илмларники сув қилиб ичган,
Билим дунёсида қуш бўлиб учган.
 
 
Шайтоний қаҳ-қаҳа билан жаҳолат,
Барчани қўқритган пайтида ҳайҳот –
 
 
Илм машъаласин кўтарганча даст,
Дилин эзгуликка этганча пайваст –
 
 
Майдонга чиқади мисли баҳодир,
Кўзи келажакни кўришга қодир.
 
 
Кукундек соврилар кумуш-у тилло,
Ки идрок жаҳонда баридан аъло.
 
 
Тарихдан ўчгувси қоронғи чоҳлар,
Тахтида гердайган юзлаб подшоҳлар.
 
 
Келажак авлодлар номин билмагай,
Ўйу хаёлларин, комин билмагай.
 
 
Кетарлар келмаган кабидир гўё,
Уларни назарга илмайди дунё.
 
 
Лекин ёддан чиқмас эзгу амаллар,
Ўчириб кетолмас асрий шамоллар.
 
 
Ақл йўлларини тўсолмас ҳеч кас,
Юлдузга тош етмас, билингизки, бас.
 
 
Бир инсон ҳақида сўзлай ҳикоя,
Руҳлари шод бўлгай бизлардан шояд.
 
 
Лақаби Беруний, исм – Абу Райҳон2,
Ер юзи бўлмишдир илмидан ҳайрон.
 
 
Завқидан мавжланмиш дарёи азим,
Ташрифидан хурсанд қадим Хоразм.
 
 
Жаҳонда бу қадар буюклардир кам,
Идрок қувватига вақт эрур ҳакам.
 
 
Ўн аср тумани оша бир шоён,
Бизга қараб турар гўё навқирон.
 
 
Илм тоғларини забт этган даҳо,
Олимлар ичида мисоли анқо.
 
 
Ўзин тилсим аро қилмишдир пинҳон,
Котнинг маъданлари шундай бегумон.
 

2

 
Тўқиз юз етмиш уч – йил эди сана3,
Иккинчи зулҳижжа, куни – пайшанба.
 
 
Янгича ҳисобга қилсак гар таъбир,
Кузак аввали, тўртинчи сентябр.
 
 
Ноёб бир чақалоқ топмиш таваллуд,
Кўрган тушларидан онаси хушнуд.
 
 
Маскани шаҳардан эди ташқари,
Эли фаровондир, шоддир ёш-қари.
 
 
Хоразм пойтахти – гўзал шаҳар Кот4,
Фозиллар илм ила қоқмишлар қанот.
 
 
Аму қиғроғидан тошган вақт ахир,
Вайрон бўлган эди гўзал шаҳар Фир5.
 
 
Шундан сўнг Кот шаҳрин обод қилдилар,
Маккор ғанимларни ношод қилдилар.
 
 
Савдо карвонлари тўхтаб ўтарди6,
Кимда пул дарди бор, кимда фан дарди.
 
 
Бунда кесишарди Булғор йўли ҳам7,
Овруполиклар-чи олар эди дам –
 
 
Гоҳ суҳбат қуришиб карвонсаройда,
Турли китоблардан ахтариб фойда.
 
 
Хитойга шу йўлдан кетар эдилар,
Ноёб китобларни элтар эдилар.
 
 
Ҳиндистон карвони тўхтагани он,
Гурунглар қизирди – олимлар бийрон.
 
 
Эрон тужжорлари марғур эдилар,
Бир тарафда мато, бир тарафда зар.
 
 
Хуллас, олтин кўприк эди Кот шаҳри,
Шонли мамлакатнинг пойтахт шаҳри.
 
 
Шу ерда Муҳаммад8 топарди камол,
Кучга тўлар эди бир бургут мисол.
 
 
Оддий гўша бўлмас даҳо ватани,
Юлдуздан ранг олмиш руҳи ва тани.
 

3

 
Тарихда қолажак ҳақпараст подшоҳ,
Илму маърифатдан бўлса гар огоҳ.
 
 
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ироқ9,
Одил подшоҳ эди – тақдири бироқ –
 
 
Муносиб тушмади адолатига,
Дуч келди замоннинг жаҳолатига.
 
 
Бу ҳақда кейинроқ айтажакмиз сўз,
Бошга тушганини кўрар дерлар кўз.
 
 
Подшоҳ донишмандни олса агар тан,
Фуқаро шод бўлгай, гуллагай ватан.
 
 
Жаннат боғларидан олиб намуна,
Юртнинг ниҳоллари гуркираб унар.
 
 
Мансур10 таянч бўлмиш подшоҳга шу вақт,
Даҳо ақли ила ёришмишдир тахт.
 
 
Қондошликка туташ бунинг барчаси,
Мансур –ку подшоҳ амакиваччаси.
 
 
Улкан кашфиётлар меъмори бўлди,
Самони ўрганиб шукуҳга тўлди.
 
 
Математик эди ҳамда астроном,
Менелой11 йўлини қилди бардавом.
 
 
Беруний назмидан олиб иқтибос,
Таъриф қилайлик биз, бу мантиқа хос:
 
 
“Минбарларга чиқиб, ошиб мартабам,
Ўтди неъмат соясида кўп оним.
 
 
Боқди Ироқ оиласи сут билан,
Ниҳол эдим, Мансур бўлди дармоним” 12.
 
 
Мансур Берунийга худ13 падар эди,
Буларнинг иккиси жуфт гавҳар эди.
 
 
Қуёш баландлигин асбоблар ила,
Ўрганди Беруний шитоблар ила14.
 
 
Ўн олти ёшида қуёшга боқиб,
Ҳайратга чўмдирди Ибн Ироқни.
 
 
Ўрганди мунтазам араб лисонин15,
Глобус ясашнинг топди имконин16.
 
 
Жаҳонда илк бора глобус ясаб,
Ер шарин чизгани эмас бесабаб –
 
 
Қоронғи зулматга очган эди йўл,
Фанлар чўқисига узатганди қўл.
 
 
Дейдилар: кимда бор шундай шижоат,
Фаришталар унга тиз букар албат!
 
 
Қуёшни ва Ойни тадқиқ этди у,
Фалакка юксалмиш инсоний туйғу.
 
 
Дуч келди бир куни олими юнон,
Ўсимлик фанидан дарс берди чунон.
 
 
Ўсимлик забонин ўргатиб қўйди,
Беруний буни ҳам тақдирга йўйди17.
 
 
Тақдир ҳукми ила шундай ажабо,
Чекка бир қишлоқда улғаймиш даҳо!
 
 
Ер ости, ер усти идрокида жам,
Унга эшик очмиш ғаройиб олам.
 
 
Уни излар гўё маъданлар ўзи,
Шуъла талашади гар тушса кўзи.
 
 
Қўйингки, бир замон қолганча ҳайрон,
Европа ном бермиш унга: Ал Барон18.
 
 
Жаҳонни лол этган шу табарук зот,
Унинг маконидир хосиятли Кот.
 
 
Бунда ҳар бир одам яшар фаровон,
Матолар арзондир, арзон эрур нон.
 
 
Ариқларда гўё оқарди шарбат,
Табиблар илкидан чекинарди дард.
 
 
Шундай давлат эди гуллаган алҳол,
Довруғи достондир Боғ Эрам19 мисол.
 
 
Бу юртда адолат бақрарор эди,
Юлдузлар нафаси бир девор эди.
 
 
Ошно тутинганди бўри-ла қўзи,
Элнинг амал билан бир эди сўзи.
 
 
Шўхчан қўшиқ айтиб қизу жувонлар,
Мавж уриб турарди дарё томонлар.
 
 
Гоҳида жўшарди бирдан жунунлар,
Фароғат яшарди Лайли – Мажнунлар.
 
 
Севги савдоси ҳам тушиб бошига,
Ёш олим талпинмиш йигит ёшида.
 
 
Кўнгилни забт этмиш ул моҳитобон,
Ифорин таратиб бир сулув Райҳон.
 
 
Самони эслатар мовий кўзлари,
Мумдек эритарди танни сўзлари.
 
 
Сочлари жингала елкаси узра,
Юрмайди юрганда – оқушдек сузар.
О, қиё қарашлар! Кўзлар жодуси,
Тун чоғи қочади олим уйқуси:
 
 
“Дийдорга бўларми ҳеч қачон қониб,
Ёниб кетмоқдаман, севгидан ёниб!
 
 
Лабларинг асалдан тотлидир Райҳон,
Сени кўрмасам гар – бу дунё ёлғон.
 
 
Кўп сир-синоатни кашф эта билдим,
Аммо, сенинг қалбинг мен учун тилсим.
 
 
Шивирлаб жонимни ёқиб кетурсан,
Мени беҳишт сари шу он элтурсан.
Сен мени қўлласанг – жаҳон қўлимда,
Тошлар эриб кетар илкис йўлимда.
 
 
Фақат мен билан бўл – кетмагин йироқ,
Дўзах азобидир фақирга фироқ.
 
 
Тонгга довур сени ўпиб қонайин,
Муҳаббат ўтида доим ёнайин.
 
 
Менга чикорадир қилич ҳам, қин ҳам,
Кўкда қанот қоқан учқур лочин ҳам.
 
 
Шаҳло кўзларингда аксим кўраман,
Тилло сочларингни доим ўраман.
 
 
Сени кўп кўрмагай фақирга Худо,
Сенинг умринг тилаб қилгум илтижо!”
 
 
Райҳон дер: “Сўзларим тингла Муҳаммад,
Аллоҳ инъомидир билсанг, муҳаббат.
 
 
Муҳаббат кўнгилнинг ишидир азал,
Муҳаббат туфайли сувлар ҳам асал.
 
 
Аммо, ўзга бўлар тақдир йўриғи,
Жинларга ўлжадир отнинг тўриғи.
 
 
Сени унутмасман токи тирикман,
Қайғу, дардларингга доим шерикман.
 
 
Сен менинг кўнглимда яшарсан, ҳайҳот –
Лекин ўз ҳолимга қўймагай ҳаёт.
 
 
Бахт ҳақда сўрасанг – тундай қародур,
Бизнинг йўлларимиз, билсанг, айродур.
 
 
Чунки, бу дунёда йўқдир адолат,
Бир куни чанг солгай бизга жаҳолат.
 
 
Қуёшнинг юзини бекитар булут,
Олисларга учгин – сен мени унут!
 
 
Муҳаббат достонин ортиқ сўйлама,
Юлдузларга кўз тик – мени ўйлама.
 
 
Сўнгги нафасгача дуода қолай,
Хаёлан ҳамиша дардингни олай.
 
 
Асарда тасвирла оразимни ҳам,
Дунёга танитгин Хоразмни ҳам.
 
 
Сенга қойил қолсин бутун Ер юзи,
Шунда рози бўлгим – бу Райҳон сўзим.
 
 
Минг йиллар ўтса-да севгимиз яшар,
Унутмагай асло номингни башар.
 
 
Чунки сен замину осмон фарзанди,
Қуёш ўлкасининг эрка дилбанди.
 
 
Шоҳлар отдан тушгай сенинг туфайли,
Сен Мажнун эрурсан, Билимдур – Лайли.
 
 
Сўнгги қонинггача фанга тортиқ эт,
Фисқу фасод қўпса ўз юртингдан кет!
 
 
Мен эсам сенга ҳеч бермайин халал,
Ҳамиша руҳингга бўлайин маҳтал.
 
 
Сенга ярашади танҳолик эй дўст,
Сенга ярашади аълолик эй дўст.
 
 
Ранж чекмай муродга етиб бўлмас ҳеч,
Устингдан одамлик либосини еч!
 
 
Сенга фаришталар қавми харидор,
Улар имламоқда – энди яхши бор!”
 
 
Беруний бу гапдан паришон бўлди,
Турли тилсимотга бир нишон бўлди.
 
 
“Дарсу иқтибосда кўрганинг юмшоқ,
Мулойим феълимга алданма асло.
 
 
Мен жангга киришсам ёмонлик истаб,
Инсу жинслардан ҳам ўткирман аммо”20
 
 
Яхшига яхшиман, ёмонга ёмон,
Менга сен кераксан, керакмас осмон.
 
 
Менга кесак каби жавоҳирлар ҳам,
Тиғимда тортилар баҳодирлар ҳам.
 
 
Мазкур сўзларимни лоф деб ўйлама,
Дилимни доимо соф деб ўйлама.
 
 
Ақлимни жам этиб ясасам қурол,
Дунё тўзғиб кетур бир кукун мисол!”
 
 
“Бас!” деди маҳбуба: “Сўзлама ортиқ,
Аллоҳдан берилган тақдирдир тортиқ.
 
 
Манглайда борини ўқийди банда,
Қилмасайди қисмат бизни шарманда!”
 
1Одил Ёқубов. “Кўҳна дунё”, Тошкент, 1986, 318-бет.
2“Берунийнинг тўлиқ исми шарифи – Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Берунийдир”. Қаранг: П.Г. Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”, Тошкент, 1973. 7-бет.
3“Ал-ўазанфар ўз иловасида Берунийнинг туғилган вақтини аниқ кўрсатиб беради: ҳижрий 362 йил, 2-зулҳижжа, пайшанба. Янги ҳисобда бу 973 йилнинг 4 сентябрига тўрғи келади. Ал-ўазанфар Берунийнинг туғилган вақтини ё олимнинг неча йил умр кўрганлиги ва қачон вафот этганлигига арқаб ҳисоблаб чиққан, ёинки Беруний учун номаълум одам томонидан тузилган гороскопи (бола туғилиши биланоқ мунажжимлар тарафидан тузилган юлдузлар жадвали – Тарж.) дан олган бўлса керак. Бунга у келтирган Беруний туғилган вақт учун юлдузлар ҳолати ҳақидаги маълумотлар далил бўлади. Бинобарин, Берунийнинг шоҳидлик беришича, у 973 йилнинг сентябрида дунёга келган.” (Ўша манба. 7-бет.)
4Беруний “Амударёнинг шақрида, Кот (Кат) (Ҳозирги Беруний райони ўрнида) шаҳри яқинидаги қишлоқда туғилган”. (Мадрим Жуманиёзов. “Маъмун академияси”, Урганч, 1994. 19-бет.) Шаҳардан ташқарида яшовчиларни “Берун” ёки “Беруний” деганлар. Бинобарин, “Беруний” атамасининг луғавий маъноси – “шаҳардан ташқарида яшайдиган киши”. (Қаранг: Абу Райҳон Беруний. “Танланган асарлар”. Тошкент, 1968. 5-6-бетлар.)
5Кот – Хоразмнинг қадимги пойтахти. “Хоразмнинг ақдимий пойтахти Кот Амударёнинг ўнг соҳилида, ҳозирда район маркази бўлмиш Беруний шаҳри ўрнида бўлган. (Унинг аввалги номи – Шаббоз). Қадим замонларда шаҳарда пахсадан ўралган Фир номли баланд қалъа бўлган. Қалъанинг теварак-атрофи уч қават девор билан ўралган. Беруний даврига келиб ақлъани шўх Амударё суви ювиб кетган. Х асрнинг охирларида шаҳар вайронага айланган қалъанинг шақрий томонида бўлган.
6Бу даврда Кот ниҳоятда обод шаҳарга айланган. Араб географи ал- Муқаддасий бу ҳақда қуйидагиларни ёзади: “Шаҳар ғоят даражада кўркам; унда фозил-у олимлар, нафис адабиётнинг кўпдан-кўп билимдонлари бор”. Араб олимининг ушбу сатрлари Котда маданий ҳаёт юқори даражада бўлганлигидан, шаҳар хўжалиги ва савдоси ривожланганлигидан далолат беради.
7Ҳақиқатан ҳам Муқаддасий ва Истаҳрийнинг, шунингдек, “Ҳудуд ал-олам” асари муаллифининг шоҳидлик беришича, шаҳарнинг оби ҳаёт билан тўла каналлари бўйларида катта-катта бозорлар, омборлар бўлган. Котнинг шимол томонга – булғорларга ва Шақрий Европанинг бошқа мамлакатларига, жануб томонга – Эрон ва Ўрта Осиёнинг Бухоро каби йирик шаҳарларига, Ҳиндистон, Хитой сингари мамлакатларга олиб борадиган савдо йўлларининг кесишган жойида ўрнашганлиги мазкур шаҳарнинг Ўрта Осиё ички ва ташқи савдосида катта роль ўйнашига сабаб бўлган.” (П.Г.Булгаков. “Абу Райҳон Беруний”, Тошкент, 1973. 7-8-бетлар.) Кот шаҳрида савдо карвонлари тўхтаб ўтган. “… Хоразм давлатининг энг гуллаб-яшнаган даври IХ- ХI асрларга тўрғи келади, бу даврда у бой ва қудратли эди. Хоразм ўша даврда бутун Хазор ҳақонлиги ерларида ўз таъсирини ўтказишга эришган эди. “ (Мадрим Жуманиёзов. “Маъмун академияси”, Урганч, 1994. 16-бет.)
8Муҳаммад – Берунийнинг исми.
9Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ио хоазмшоҳ.”Беунийнинг болалик ва ўсмилик йиллаида Кот шаҳида Иоийла сулоласининг сўнгги вакили хоазмшоҳ Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ио ҳоким бўлган. Унинг амакиси Али Ибн Ионинг ўли Абу Нас Мансу ибн Али ибн Ио Беунийнинг биинчи ва бош табиячиси ҳамда устози ҳисобланади.” (П.Г. Булгаков. “Абу айҳон Беуний”, Тошкент, 1973. 8-бет.)
10Мансур – Абу Наср Мансур ибн Али ибн Ироқнинг туғилган йили маълум эмас. У ўнинчи асрнинг ўрталарида туғилган, деб тахмин қилинади. “… Беруний туғилган пайтда Ибн Ироқ 25 ёшда бўлган. Ибн Ироқ куч-қувватга тўлган, ижодий фаолияти равнақ топган бир пайтда, 35-40 ёшларида Берунийни ўз тарбиясига олади.” ( Ўша манба, 8-бет.)
11Ибн Ироқ ўз замонасининг машҳур олими ҳисобланган. У математика ва астрономияга доир кашфиётлари билан халқаро миқёсда ҳам танилган. “Шуни айтиш кифояки, фақат текис учбурчакларгагина эмас, балки шу билан бирга, сферик учбурчаклар учун ҳам синуслар теоремасининг дастлабки исботларидан бири шу олим қаламига мансубдир. Абу Насрнинг ушбу иши ўз вақтида Беруний ҳамда Насириддин ат-Тусийлар томонидан юксак баҳоланган эди. Ҳозирги фан тарихчилари эса олимнинг мазкур ишини математика фани тараққиётида буюк аҳамиятга молик иш деб баҳолашмоқда. Абу Наср кўпгина илмий асарлар ёзиб оқлдирган, жумладан, Менелойнинг “Сферика”сига ёзган шарҳи, хоразмшоҳ Али ибн Маъмунга бағишланган “Алмажисти Шоҳий”си, Абу Жаъфар ал-Хозиннинг зижига ёзган “Тузатишлар”и ва “Астурлоб ясаш санъати ҳақида”, “(Евклид) “Негизлар”ининг ХIII мақоласидан шак-шубҳаларни ҳал қилиш”,”Вақтнинг нотекис соатларини аниқловчи (ёритгич) параллеллари ҳақида” каби рисолалари ва ҳоказолар бунга мисол бўлади. Эслатилган асарлари номларининг ўзиёқ олимнинг кўпроқ сферик астрономия ҳамда сфералар геометриясига қизиққанлигини кўрсатади. Абу Насрнинг Берунийни математика ва астрономия фанларини ҳар томонлама чуқур ўрганишга даъват этганлигининг боиси ҳам шу.” (Ўша манба. 8-9 бетлар.)
12Бу Абу Райҳон Берунийнинг шеъри. ( Қаранг: ўша манба, 8-бет.)
13“Худ” – “Худди” маъносида.
14Беруний ўн олти ёшидаёқ астрономик кузатишлар олиб борган. “Олим ушбу кузатишларида Кот шаҳрининг географик кенглигини ҳамда эклиптиканинг экваторга оғиш бурчагининг катталигини аниқлаш мақсадида Қуёшнинг кеча-кундуз баравар бўлган пайтдаги баландлигини аниқлаган эди.
15Шуни ҳам айтиш керакки, Беруний бу тадқиқот ишларини амалга оширишда араб тилидаги махсус астрономик адабиётлардан мустақил фойдаланган.” (Ўша манба, 9-бет.)
16Ер шарининг глобуси фан оламидаги беқиёс ихтиролардан бири ҳисобланади. “Ушбу ғоя тарихи узоқ замонларга бориб тақалади: эрамизнинг II асрида яшаган Клавдий Птолемей Ер шари глобусини ясаш йўлларини кўрсатиб берган эди. Аммо, Птолемей кўрсатмаси биров томонидан амалга оширилганми, йўқми бизга маълум эмас. Сўнгги йилларга қадар Ер шарининг географик глобуси биринчи марта 1492 йили Мартин Бехайм деган олим томонидан ихтиро қилинган, деб юритилган. Берунийнинг “Геодезия”сидан географик глобус Беруний томонидан ясалгани маълум бўлди.” (Ўша манба, 10-бет.)
17Беруний ёшлик чоғларида ботаника фанига қизиқади. Юнонлик (Грециялик) ботаник олим унга сабоқ беради. “Берунийнинг ўзи “Сайдана” асарида бу ҳақда уқйидагиларни ёзади: “Менда ёшлик чоғларимданоқ табиатимда ўз ёшим ва яшаш шароитларим йўл қўйган даражада билимга бўлган иштиёқ кучли эди. Буни тасдиқлаш учун шуни айтаман: ўша вақтларда биз томонларда бир юнон яшар эди; мен доим унга хилма-хил уруғлар, ўсимликлар, мевалар ва турли бошқа нарсаларни келтирар, кейин номларини ёзиб олиш мақсадида, бу нарса уларнинг тилида қандай аталишини сўрар эдим” (Ўша манба. 10-бет.)
18Европа мамлакатларида Берунийга “Ал Барон” деганлар. (Қаранг: Тошпўлат Усмонов. “Абу Райҳон Беруний ва Маъмун академияси”. Тошкент, 2001.3-бет.)
19Боғ Эрам – Боғи Эрам маъносида. Афсонавий боғ.
20Абу Райҳон Берунийнинг шеъри. (Қаранг: Абу Райҳон Беруний. “Ҳикматлар”, араб тилидан А.Ирисов таржимаси, Тошкент, 1973. 99-бет.)
To koniec darmowego fragmentu. Czy chcesz czytać dalej?