Czytaj książkę: «Қўрқма»
Муҳтарам ўқувчи, ушбу романни ўтган асрнинг йигирманчи йилларида Германияда таҳсил олган ва собиқ Совет Иттифоқи томонидан шафқатсизларча қатл этилган миллат йигит-қизларининг нурли ва ёниқ хотирасига бахшида этаман. Асар улар руҳи ҳамда улуғ миллатим олдидаги қарздорлик бурчи ўлароқ дунёга келди.
Шом маҳал тўлғоқ шол қилди оёқларини, бақирди ўртаниб-ёниб, харсанг ботгани каби сувнинг тубига чорасиз оғриққа ботиб борарди, қора тердан ивиган ва ранги ўчган сарғиш, эски чойшабни алам-ла тишларди, баттар ситарди тортиб, тимдалаб, қорайган тирноқлари билан кучанарди ерга тираниб. Ариқнинг лойқа суви тинарди эски тунука тоғарада, бепарво барча азобга, секин липиллаб.
Она ўлимни эрмак қиларди бир бахтиёр бола туғмоқлик учун. Аммо мен дунёга бахтли бўлиш учун келмаганман! Бекор кетди шунча лойқа сув ва дод-войинг!
Ерни ёргудай бақириб бўшалдинг ва шошиб тикилдинг ёшдан хиралашган тим қора кўзларинг билан қизғиш ва ориқ этимга.
Ҳарқалай, чигиртканинг оёқларидай қимирлаб турарди сен туққан иссиқ бир туюр гўшт.
Йиғладинг, кулдинг. “Ўлик бола туғиб қўймадим-ку” деб, сўнг яна ва яна шукур айтдинг Аллоҳга! Айтавердинг пичирлаб, шодлаб кўксинг…
Бехабар эдинг-да, ўқиёлмас эдинг қонсиз ва рангсиз, ириган пиёздай юмшоқ пешонамга ёзилган қарғишни шу он.
Ҳа, ўша он ёнаётган одам чўғдай учиб сувга урган каби ўзини қуёш ҳам ботиб кетди даҳшатдан қизариб, қонаб.
Азалдан йўқ эди насибам бахтдан, толедан, фақат билардимки, тирик эдим ўзгалар қони, жони ва гарданига илинган лаънатлар учун. Эскидан қолган бир капгир қарғиш бадалига ҳаво ўтиб турар эди томоғимдан қум сизгани каби чанқаган саҳройи танасига. Аммо бу лаънат эгасининг қабри қани, қаердан келмоқда балолар? Ҳеч билмас эдим, топа олмасдим қанча қидирмай!
Маломат қилдим, сўкдим, тақдири азални ғорат этдим, нолидим, ёлвордим ёлғиз Худога. Бари ҳавога учди, худди кетар чоғи келинчак ота уйидан тўккан ёшлари чимилдиққа етар-етмас аригандек шундоқ ҳам нафаси қисқа бўлди юракда аҳднинг, мақсаднинг!
Кўп ҳам куттирмади, олти ойлик – тилсиз гўдаклигимда бошланди бари. Ва сўнгги бор ўша куни Аллоҳга ёлвориб йиғладим: “Менинг пешонамга неларни ижод этдинг-а?! Қаердан ёғилмоқда бунча лаънатлар? Фалакнинг қай томонида беркинганча режа тузар кир ниятда қора булутлар?!”
Шундан буён фақат куламан, жаноза ўқидим ҳайқириб кўз ёшларимга.
Йиғини буткул кўмдим миллатим мозорларига.
Мен яшамаяпман.
Мен мудраганча куляпман! Ўлсам, жисмим қолиб, қабрга ғариб кулгим кўмилар ўралмай сурпга, сарпога!
*
Мен ер билан ўйнашиб ўсдим, у билан тиллашиб улғайдим!
Ерга етти марта йиқилган боланинг кўзидан ўт эмас, сўз отилади. “Ҳе, сенинг онангни…” – тупроқни тепиб-тепиб, сўкиб-сўкиб катта бўлдик.
Бало келса-келмаса, ерга тупуриб-тупуриб ўтдик.
Ғазабимиз унга, қон тўксак, тер тўксак, нохос қисталсак, севсак, исталсак ва оқибат ўлигимиз ҳам унга.
Нимага?
Қачонгача бор хорлик ерга?
Қачонгача бадалини шу тупроқ тўлайди?
Мен яқинларим ўлимида ёлғиз уни айбдор билдим.
Барини у ютиб кетди, йўқ қилди шафқатсиз ва меҳрсиз шу тупроқ!
“Қачон одамга тўясан сен?”
Сўнг билдимки, оиламни қутқарган она ер экан!
*
Момом бўйчан, боши катта, қошлари сийрак, кўзлари кўм-кўк, қўллари, бармоқлари узун-узун, гап-сўзи дадил, қишин-ёзин икки бети қип-қизил бўлиб ёниб турадиган кампир эди. Кексайган бўлсалар-да, бир келиндан кўп қимирлар, бутун оиланинг ичиш-емишини гарданидан қўймаган, аниқроғи, ҳеч кимга бермаганди.
У икки оёқда тик ўлишни истарди, худди баҳодирлардай.
Юзи доим қизариб тургани етмагандай, мен саволга тутавериб ичини ҳам ёндирардим.
Момомни қийнаган, йиғлатган ёки кулдирган бўлсам, ўзимга боғлиқ бўлмаган сўроқлар эвазига эди. Мен доим ичимдаги саволларга жавоб изладим: “Ким ва улар қаерда?”
Момом жавобдан қочиб жеркиб қоларди:
– Бор, бор-эй, калламни ёқиб единг! Муштдай бўлиб ёмон саволлар берасан, ким ўргатяпти сенга?
– Билмайман, ўзи келади, момо… – кейин яна тилимни тия олмайман. – Отангиз ким ўтган ўзи? Унинг балоси ураётгандир менга?
– Нима?! – кўк кўзлари чақнаб кетади, сўнг тезакни сомонга зарб билан уриб, жаҳл билан бақиради: – Тил теккизма отамга! Улар ер тирнаган – деҳқон бўлган! Кўп кун кўрмай эрта ўлган, бечора. Гуноҳ қилиш учун ҳам яшаш керак. Ҳов, ана бобонгдан сўра, не бало келса, бошимга ундан учади.
Молнинг тезаги ҳар тараф сочилади, мен жуфтакни ростлаб қоламан!
Бобом қишлоқда қирқ йил ўқитувчилик қилган, аммо саволларимга аниқ жавоб билмайди, балки бола билиб айтмайди.
Ота-онам – савол!
Ота-онам – завол!
Онам бутун дунёга ваҳима қилиб мени туққан-у, олти ойлигимда отам билан бирга ёниб кетган. Қишлоқ пахтасига қўшилиб, худди унда ўрмалаётган бир чумоли каби сонияда куйиб қолишган. Гувиллаб, балки жазиллаб, балки тутаб, балки ўкириб, балки йиғлаб, балки кулиб, мени ўйлаб ёки ўйламай, қўлларини чўзиб ёки барига тан бериб, кўниб…
Уларни эслаганимда аччиқ куйинди тўлади ўпкамга.
Шу билан бобомнинг етти ўғилдан бунёд катта оила аталмиш муқаддас лагани катилади. Мен сағир қоламан.
Балки, олти ойлигимдаёқ ярим оламим кесилгандир ўртасидан тенг. Кўз ёшим, бахт ва омадим ул тарафда қолиб, ёниб кетгану, бизга фақат мерос қолгани мудроқлик, исталмаган табассум!
Мен мактабга бормадим, уни оралаб ўсдим.
Қартани чийлаган каби китобни “ўйнадим”.
Шунда ҳам баҳоларим “беш” бўлди, аммо ичимни эзиб ётган саволларим жавобсиз қолаверди. Мактаб исталган саволни беришинг учун эмас, аксинча, исталган жавобни олишинг учун экан!
Тез ўқишда ҳаммадан ўздим! Бир дақиқада икки юз сўз ўқидим, бари кераксиз, маънисиз эртаклардан бўлиб, сийқасининг ачиган таъми шундоқ тилимга сезилиб турарди. Ҳуснихатим бўлса чиройли ва диктантим бехато эди, аммо бу ҳунар билан тайинли гап тузишни билмасдим. Гапирганда ўрисча сўз қўшмадим, фақат ўзбекча сўкишни ўргандим. Ҳисобу масалани тез ечдим, гарчи қўлимда ҳеч пул бўлмаса-да. Чизган расмларим эса сира-сира ўхшамади. Ғалати эди, саволларим ва ўзим каби бетартиб.
Мактабдан Лолани севдим ва ҳали ҳам севаман. Қўшни эдик, қўшюракка айланиб ўсдик.
Кулдим, кулдим, кулавердим ҳатто йиғлаш ҳам тасалли бера олмайдиган даҳшатли онларда.
Мен саволларимга жавоб излаб, Берлингача келдим.
Ахтардим уларни. Аслида, ўзимни изладим.
Мен Ватанни бир қиздай севдим. Орзиқиш билан, қизғаниш, ғуборсиз, гоҳ ҳирс, гоҳ мақтанчоқлик, гоҳ мудроқ, гоҳ уйғоқлик билан, неки иллатлар бор, неки эзгуликлар, бари-бари билан муҳаббат қўйдим.
Бу ғаройиб севги тарихи эса узундан-узун ҳикоядир.
Эснамай мудраш, очиқ кўзлар билан туш кўришни ўрганмоқ қандай соз! Ухлаш учун энди кўзни очиб юмиш шарт эмас. Кимгадир тикилганча жиддий ёки самимий хуррак отавериш мумкин соатлаб.
Тилим чиқмай туриб шу савол билан боқдим дунёга: “Кимлар сотган эди уларни?”
Уйғотмоқчи бўлдим яйловда ухлаётган оломоннинг кетига тепиб, елкасидан туртиб: “Ҳой, барака топкурлар, туринглар, қўйларинг бошга кўтарди-ку вокзални!”
Аммо ҳеч ким турмади!
Қоқ тушда чақмоқ чақди, момақалдироқ гумбурлаб тилка-пора қилди фалакни, ёмғир қуйди осмонга уланган сим арқонлардай узилмай. Сўнг шамол туриб, қувиб кетди булутларни олдига солиб, аммо уйғонмасди ҳеч ким қабристонда ётгандай беғам. Жонга теккан эди қор парчалари каби бир хил ҳаёт!
Қайсидир телеканалда янгиликлар бериляпти.
Бошловчи немис қиз, овози ўткир, чиройли, аммо уни ҳеч қачон севмаган бўлардим ёниб. У хабарни ўз тилида бошлаб, ўзбекча тугатади: “Берлиндаги талабалар ётоқхонасининг бирида навбатдаги жиноят содир бўлди. Жабрланувчи ҳам, жиноятчи ҳам Ўзбекистон фуқаролари. Ётоқхона мудири Лаура Шмидтнинг айтишича, жанжал севги можароси туфайли юз берган. Оқибатда, бир йигит яланғоч ҳолда деразадан пастга улоқтирилган, аммо тасодиф туфайли тирик қолган. У касалхонага ётқизилган, ҳозирда аҳволи мўътадил. Жиноятни содир этишда айбланаётган шахс эса ҳали ҳам топилгани йўқ. У худди кўкка учиб кетгандай ғойиб бўлган!”
Ким у?
Нега ғойиб бўлади?
Нима учун бундай тушлар кўряпман?
Мудроқлик туман янглиғ атрофга тарқайди.
Кўзларимда Самарқанд – кўкшаҳар қад ростлайди.
Самарқандни миллионлар севади, унга узоқлардан интилади, аммо ҳеч ким менчалик жинни асир бўлиб эмас!
Самарқанд ўлим олди хирқираётган гўзал қизга ўхшайди. Азроил қўлларидан ҳам уялиб, ўла олмаётган қизга!
Гоҳида унинг хирқираши ҳеч тўхтамайди, у дунёни бузмоқчи бўлади. Оҳ, ожиза қўллари каби бугун кучсиздир Самарқанд!
Кўҳна кентни тинглашинг учун харобалари ичра минг кеча бедор туришинг етарли. Шунда шаҳарнинг тирик ва гўзал мурдасини кўришинг мумкин.
Арвоҳлар ва ўликлар жанги ҳам жуда қизиқ.
Мен у ерда илк бор ўтган аср бошида ўқиш учун Германияга отланган талабаларнинг қадам товушларини эшитганман. Шунда оёқ зарбларидан жинни бўлай деганман.
Улар менга жуда яқин ва бир-биримизни шарҳсиз тушуна олардик. Берлинга отланган Туркистон талабалари.
Уларнинг ортидан бораман, кузатаман, тинглайман тилга кўчмаган ўйларини. “Балки, саволларим эгаси улардир”, – деб ўйлайман.
Улар сафида сочлари қириб олинган, кўзлари хиёл қисиқ, жағ суяклари юзида бўртиб турган, униққан ёқали илдираган кўйлак кийган ҳардамхаёл бир йигитча бор. У барчадан кўпроқ Самарқанд билан гурунг қилади, қулоқ тутади ва ҳасратларини тинглай олади. Мен эса унга забон ва қулоқ бўламан:
“Ҳамма шахд билан катта-катта қадам ташлар, негадир мен аларга етолмасдим. Чунки хаёлимда Самарқанд жаннат каби қад кўтарган ва ҳозир айнан ўша мўъжизанинг устидаман, азиз тупроғини босиб ўтаётгандим. Шунинг учун ҳам оёқларим ўз-ўзидан мозорда юрган каби эҳтиётланмоқда.
Берлин тадориги олди Самарқандга келганимиз қандай соз бўлди-я? Эски шаҳар харобаларига тикилганим сайин кўҳна кентнинг олис ва оғир ҳасрати куч билан елкамдан босиб бораётгандек қадамларим баттар унмай қолди. Кўзларим чор тарафга аланглар, нураган ва устида қуёшнинг синиқ нурлари аксланаётган ғиштларни ушлаб кўргим, уни кимлар тиклагани ҳақида соатлаб хаёллар сургим келади. Аммо фурсат топилмас, тош қотганим сайин шерикларимдан орқалайвердим. Алардан уятли бўлиб қолмайин деяпман. Узоқдан нураган деворлар ва улкан гумбазни кўриб, кўксим тошиб кетди. Қайга шошаётганимизни эндигина фаҳм этдим. Буюк Темур сағанасига!
Фитрат нигоҳи ўткирлашган. Борган сари унинг қадамлари тезлашар, қўлларини оёқларига монанд олдинга ташларди. Барча унинг ортидан чопқиллар, Темур мақбараси эса бутун Самарқандга соя солиб тургандек мағрур ва тик эди.
Қуёш харобага тўла улкан Самарқандга маъюс термилишдан толиқди. Гумбаз устига ботаётган офтобнинг қизғиш нурлари гўё нафис матодек тўшалди. Қаршимизда тарих ва шон кўмилган мақбара эмас, балки Темурнинг ўзи серқош, ўткир нигоҳлари билан тикилиб тургандек чўчирдик.
Биз унинг пойида тиз чўкдик.
Бир дам бутун Самарқанд сукутга чўмгандек бўлди. Қуёшнинг алвон нурлари-да мовийтус гумбазга ин қургандек тош қотди.
Фитрат домланинг мунис тиловати дайди шамолларга эргашиб, мақбара атрофини кезар, қадим арабий ёзувлар битилган ғиштин деворларга бориб, алар тилида аксланиб қайтарди.
Домланинг кўзи аввал оғир мунгга, сўнг йилт-йилт ёшларга тўлди, ачишган бурнини тортди, олдинга чўзилган ияги титрар, қорамтир юзи рангсиз эди. Барча жимлик дарёсига чўккан. Фақат кўзлар музламаган, иссиқ ёш оҳ-воҳга тўлган Самарқанднинг лой кўксига шашқатор тўкиларди. Гўё Фитрат эмас, Самарқанд йиғларди, ўксиб-ўксиб, тўлиб-тўлиб!
Тутиб бўлмас учқур ўйлар шаҳарнинг бир пайтлар улуғликда тенгсиз, ҳозир эса хароб сарою мақбараларига кетди, танидаги ўйиқ деворлар, чирқиллаб ётган руҳларга урилавериб дарвешсифат бўлиб қолган инжиқ, телба шамолларга қўшилиб, Самарқандни айланиб чиқди.
Шу оний фурсат бир неча ўн минг йиллик мозийга кўмилган кўҳна кент кўксидаги бор алам ва орзуларни, ғуруру армонларни бизнинг бошимиз узра сочгандек, қулоқларимизга ҳайқиргандек бўларди.
Биз улуғ Темур сағанаси қошида шу миллат, шу Самарқанд буюклигини қайтаришга, Олмониядан таълим олиб, ёруғ юз билан Ватанга тик қайтмоққа қасам ичдик жонимиз билан, Самарқандимиз билан!
Саслар ила ҳайқирдик, тўлғандик, гўё тепамизда мук тушиб, Темур ва азиз Самарқанд бизни тингларди.
Мадрасалар, мақбаралар, тимлар, уларни тутиб турган адоқсиз руҳу хоклар уйғонган, дарвеш шамоллар, қовжираган дарахтлар тўлғанган, ҳатто чорсуда жон сақлаётган мардумлар ҳам қасамёдимизни бирдек эшитгану, зумда ёд олиб, қулоқларимизга бақирганча такрорларди. Гўё биз эмас, Самарқанднинг тирикларию ўликлари, улуғу ботирлари, гуноҳкору гуноҳсиз подшоҳлари қасамёд қилар, бизнинг сўзларни такрорлар, бутун осмон онт ичилган каломга шаҳодат бергандек даҳшатли ҳайқирарди…
Қуёш Самарқанддан тонди – қизарганча ботди-кетди. Фитрат домла ёшли кўзларимизга бир-бир қараб чиқди. Чин дилдан ичилган онт унга ғурур ва умид бериб, чеҳрасини бироз ёриштирган бўлса-да, кўзларидаги мунг ҳали аримаганди. Олдимизда Олмония, олисларга чўзилувчи айрилиқ йиллари турарди. Бизни не савдолар кутаётганини ҳеч ким билмайди. Бу оғир йўл азобини чуқур англаб турган устод барчамизни бирма-бир бағрига босди ва: “Худо ёр бўлсин!” – деб дуо қилди.
Ичилган қасам ўқ каби кўксимизга қадалди, шаҳдимизни баланд қилди. Қайтаётиб қадамларим ўз-ўзидан тетиклашганини англаб турар, ортга қарашга эса қўрқардим. Худди қасамимни тинглаган улуғ Темур ва Самарқанд қўзғалиб ортимиздан келаётгандай. Хуфтон намозини Бухорога кетаётган пайтда, поездда ўқидик”.
Мени талабаларнинг оёқ зарблари аллаларди, шу бўйи, минг кеча Самарқанд харобалари ичра қолиб кетдим.
*
Сағирлик қурсин, ёлғизлик арисин.
Ғалати бола бўлиб ўсдим.
Севганим Лолага ҳам телба-тескари саволлар берардим.
Балки, сўровлар ҳам меники эмасдир.
Лола нозик тилинган этга ўхшаш кичкина оғзи, ўткир қалам билан чизилган ингичка лаблари билан сўроқларимга дадил-дадил жавоб берарди.
– Тўйимиз бўлади, сўнг менга нечта туғиб берасан?
– Ўнта.
– Шунчалар кучлими ҳирсинг?
– Шу билан сағирлигинг бадалини кўр дунёдан оламан!
– Ҳали бирор марта туғруқ азобини тортмаганинг учун шундай катта кетаётгандирсан-а?!
– Тўғри, ҳали туғишга улгурмадим. Аммо зиғирча қўрқув йўқ, шунча момолар ўлмаган-ку, мен ҳам ўлмайман!
– Туғиш ўлиш билан тенг, деб эшитганман.
– Мен сен учун ўн бир марта ўларканман-да!
– Бу ҳаддан ташқари кўп. Фақат совет давридагина шунча фарзандга рухсат бериларди. Ҳозир тақиқлангани йўғу, ҳар ҳолда эҳтиёт бўлган яхши-да!
– Балки унчаликмасдир, катта бўлсам, туғаман ва сендан суюнчи олишади.
– Аёллар ҳар доим ваҳима қилади. Нима десалар ҳам, эркаклар ишонади ўзлари ҳеч қачон туға олмагани учун. Ҳа, менга битта ҳам етади. Қизми ё ўғил, фарқи йўқ! Фақат…
– Нима фақат?
– …
– Гапирсанг-чи?
– Ўлиб қолмасин! Ҳеч ким ўлдира олмасин, ҳатто ўзи ҳам!
– Мен сенга шундайидан ўнта туғиб бераман. Ўлмайдиганидан…
– Ростданми? Ўлмайдиганларнинг кўп бўлгани яхши… Улар жуда керак бизнинг тупроққа… Охиригача ўлмайдиган бўлсин…
– Жуда уят саволлар бердинг…
– Тўйдан кейин барибир бўладиган ишдан гапирдим-да.
– Барибир ҳозир тўйдан олдинги гапларни гаплашишимиз керак.
– У ёғига ҳаққимиз йўқми?
– Асло!
Лола ҳозир Берлиннинг талабаси, кўз жарроҳи бўлади.
У менга ширин кулганча. “Ўзбекларни йиғламайдиган қиламан”, – деган. Мен бу ниятига доим қарши турганман. Бир мен йиғлай олмаслигим етмайдими, ахир?
Нақадар даҳшат, умрингда ҳеч бўлмаса бир марта Ватанинг учун тўка олмасанг ёш!
Бундан ортиқ бахтсизлик бўлиши мумкинми?
Аммо йиғламайдиган кўзлар бошқа пайдо бўлишига сира ишонмайман. Биз баҳор каби ёш тўкишни яхши кўрадиган халқмиз. Айниқса, бор-будимиздан айрилганда. Менинг ҳеч қачон мулким бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Шунинг учун ҳам йиғламасман, балки.
Мен қизиққан тарих бор, кутубхонам, севгилим бор, Самарқандим. Аммо менинг бойлигим ҳеч қачон бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ. Лекин улкан хазина ташлаб кетаётган одамдай ўлимдан қўрқаман.
Тилим “ота”, “она”, “бобо” ёки “момо” эмас, “ўлим” сўзи билан чиққан. Аниқ эслайман, бу пайтни менга ўхшаган телбаларгина эслай олади!
Отам ва онам ёнди.
Олти ой бўлганди оёқ-қўлини йиғиштирганига онамнинг, кўкраги тўла сут эди. Ризқим куйди.
У пайт энди қўлимни шимишни ва ҳар икки томонга ағдарилишни ўргангандим. Онамнинг оппоқ кўксини кўрганимда тамшаниб, табассум қила бошлагандим. Лабларим бўйсунарди ўша пайтлар.
Оппоқ пахтага ўхшаб ёниб кетди бари. Отам кўпроқ куйганди онамдан. Бечора аёл шу ҳолатда ҳам эридан ўтиб кетмаган, отам эса кўпроқ куйишни истагандек хотинидан.
Менга ўша куниёқ хотира сандиғи очилади.
Буларнинг бари туш эмас, жажжи онг сандиғига сингдирилганига ишонаман.
Хуллас, олти ойлигимдан эслай бошлайман. Қуёшнинг чиқиши, ботиши, шом ва ўлим.
Момом сариқ гулли кўйлакда эди. Ғингшийверганимдан ҳусайни узумидай чўзиқ бошли, қуруқ эмчагини оғзимга солиб қўйди. Сут чиқмади қанча тамшанмай. Шунда биқинидан чаён чаққандай бақириб, момом мени отиб юборади. “Ўлим – дейди, – бахтиқаро етим”, – дейди қичқириб, сочини юлиб, кўк кўзларини, ерни тешиб, тирнаб ўкиради, қақшайди, қалқийди, бигиз тиққандай сапчийди, уради, тепади, уввос тортади. Боласи ўлганини эшитади яна бир она! Урушда эмас, тинчликда пахтага қўшилиб ёниб кетган ўғли, сира қаҳрамон эмас у.
Мен олти ойлигимда оппоқ эмчагимдан – онамдан айрилдим. У менинг сутим эди, куйиндимга айланди. Қайнаб-қуриб, онам қобирғасига қиринди бўлиб ёпишади.
Отам ишдан келиши билан кучимга куч қўшилиб, кўпроқ ғинг-ғинглаб қолардим. Эгнига ёпишган пахтани қўли билан ишқалаб туширишни яхши кўрарди. У соқолини жуда кам қиртишларди. Шунинг учун ҳар сафар мени ўпганда юзимга сонсиз қора тиғлар ботарди ва мен йиғлардим. Ўша пайт чиндан уддалардим кўз ёшини. Ёқимли оғриқ, тер ва пахтанинг ачимсиқ анқиши димоққа ота ҳиди бўлиб урилади.
Дунёдаги энг катта ва кучли одамни ҳис қилишга ўргангандим. Мени ўлим кучимдан айирди, бутун умрга кучсиз қилди. Ўлим йиғимдан жудо қилди. Олти ойликда мени етим қилди.
Бобомнинг ҳовлиси узоқ ва яқиндан ўликнинг ҳурмати учун келган уруғлар билан тўлади. Улар шу иззат учун овоз чиқариб йиғлайдилар. Аммо элибойларга бу чиқарилаётган товуш ҳақоратдай туюлди ва келгувчиларга танбеҳ берди: “Эй, халойиқ, икки ўликнинг ҳурмати йўқму? Қаттиқроқ, ўкириб йиғланглар, икки ҳисса баланд овоз чиқсин!”
Товуш ортиб кетди: “Акам-ов, акам…”, “Опам-ов, опам…”
Бизда тирикни эмас, ўликни ҳурмат этарлар.
Ёши катталар ҳам марҳумни: “Акам, – дейди, отам”, – дейди, момолар жувонни: “Момом, моможон”, – дейди.
Бизда ўликни қадр этар шундай бир кун!
Мен элибойлар гапини англайман, қизараман, тиришаман. “Улардан ўн эмас, бир мен қолдим”, – деб қичқираман, “Сутим”, деб бақираман, “Қуввати кучим”, деб ўкираман. Барча бир он жим бўлади.
Бир чақалоқ инграши ва икки мурдагина қолди қишлоқда.
Онамнинг қоп-қора кўзлари деб йиғладим. Мен она кўзларидай тиниқ қоронғиликни бошқа ҳеч қачон кўрмадим.
Мен қичқириб бўзлайвердим. Дод солавердим. Товушимни эшитган етти қишлоқ иззиллаб йиғлади.
– Гўдак етим қолганини сезди, тавба қилай! – деди боболар.
– Эна бўлмай, болам ўлмай, мен ўлай, – деди момолар.
Мен бақира бердим: “Сут ва кучнинг ҳурмати бор…”
Момом қуруқ эмчагини оғзимга солди, чиқариб ташладим. Холам эмизикли эди, у тутди, тупуриб ташладим нордон сутини.
Ширин таъмни олти ойлигимдан унутдим, ҳозиргача биронта ширинликдан маза қилмайман.
Беш сониялар йўталиб турар, кейин бақира берардим… Бутун қишлоқ ўкириб йиғларди.
“Чақалоқни қўшниникига чиқармайсанми, аҳмоқ хотин!”
Бобом момомни сўка кетади.
Холам белимдан олди. Кетаётиб ота-онамнинг устига ётқизиб: “Хайрлашсин”, – деди. Шунга журъат топди.
Бобом сўкди, холам йиғлади: “Охирги марта онасини ҳидласин, бобо…”
Бобом тескари қараб ўкирди: “Ҳай-й-й!”
Умрида илк бора йиғлади бобом! Тошлар эриди, олов музлади, юлдуз пастлади, тупроқ чақмоқ чалди.
Мен онамнинг кўксига ётиб, тамшаниб қолдим, уни яладим, ўпдим, сўлакайим билан унинг кўксини ҳўл қилдим… Куйинди ҳид шунда уннади, ўпкам тутунга тўлди. Мен шу куйиндини ҳар сония қўмсайман, шу куйинди билан ёнишни истамай, шу куйинди бўлиб онам билан қолишни, шу қоракуяни эмишни истайман.
Отамнинг юзи куймаганди. Лабларимни босдим, ўпдим, “ова-ова” қилдим, ёндим… ёндим, оташ эди отам, совиб эмас, қизиб ётарди.
Сўнг мен улар билан мангу хайрлашдим. Йиғлайвердим, овоз беравердим, фарзанд бўлиб туриб бердим.
Мени қўшнининг бешигига солишди, белимдан боғлашди. Овозим тинмади.
Уларни қўшқабрга қўйгачгина жим бўлдим. Тупроқ иси мени элитди.
Ота-онам жойини топди. Шундагина кўнглим тинчигандай ухлаб қолдим. Холам бўлиқ, аммо қора кўкрак тутди, эмдим нордон сутни. Момом ўкириб йиғлади, мен энди унга қараб кулдим қиқир-қиқир: ота-онам билан кўз ёшим ҳам мангу кўмилганди.
– Гўдак нимани билади? Бир йиғлайди, бир кулади, – деди момолар.
Аммо барчасини билиб турардим.
Отам ва онамни олти ойликда бир ўғилдек кўмдим. Ўлганида бақириб-бақириб йиғладим. Катталардай овозим қишлоқни тутди. Ўша кун пешонамга ёзилган бор йиғини сарф этган эканман, ортиқ кўзимдан ёш оқмади, буткул йиғидан қолдим. Бу сутдан қолгандан кўра кўпроқ азоблигини кейинроқ англаб етдим.
Сен Ватанинг учун ҳатто бир он, бир марта йиғлай олмай қариётганингни билиш нақадар даҳшат!
*
Дунёда муҳаббатдан бўлак наво йўқ.
Дунёда муҳаббатдан бўлак дард йўқ.
Бефарзанднинг ҳам, беватаннинг ҳам куйи шу.
Сенинг қисматинг торларини чертади у. Ўйларинг, хаёлларинг, тушларингни унга созлайди. Сен гоҳида бахтсизларга ҳавас-ла қарайсан, гоҳида тескариси, гоҳ ўз қисматинг ёзиқларига кўниб яшайсан, бешикда ётган бола қўллари боғлиқ ҳолда ухлашга ўрганиб қолгани ва йиғлаб-йиғлаб кўнгани каби уйқуга.
Лола, сен наво таратишдан тўхтама, асло ундай қила кўрма!
Мен қулоқ тутаман сенга, ёлғиз сенга…
Ўз наволарим эса меники эмас, йўқ-йўқ, улар дилим бўлмайди, ичим-дардимни айтмайди. Улар ўша етмиш талабадан ҳикоят сўзлайди, муҳаббатини куйлайди, созанда унутган ноталарга ўхшайди менинг ҳаётим.
Мен етмиш нолага айланаман.
Умримда кўрмаган одамларнинг аччиқ қисматлари қулоқларим остида янграйди туну кун! Товушлари ёдимда туради мамлакатнинг озодлик қўшиғи ёки муқаддас калима мисол.
Доим қулоқларим остида эшитилиб туради азоблар ва хўрлик.
Узоқ, олис-олисларда бўлишса-да, ҳатто вақтлар оша ҳам, талабалар орзуларини тинглай оламан.
Улар секин-аста қулоқларим остида пичирлашади.
Лола, сенга айтарим бир ҳаёт бор. Унда тарихим, мамлакатим ва етмиш талабадан иборат фуқароларим бор! Етмиш армоним, етмиш азобим бор, етмиш қабрим, етмиш мозорим бор!
Бир аср олдин бошланган тергов ҳали ҳам тугамаган.
Уларнинг кўзлари ёпилмаган, очиқ, ўғлонлари мағлуб бўлган қалъа дарвозалари каби.
Уларнинг ҳасратга тўла киприклари силкинса, шамол туради, қулоқларим, йўқ, буларнинг барига чидаб бўлмайди.
Терговлару отувлар тинмайди, гарчи тонг ҳам терговни ёмон кўради, кун ҳам, аммо ҳеч тўхтамайди:
– Германияга ўқишга кетаётганингизда ёшингиз нечада эди?
– 17 да.
– Қиз бола бўлишингизга қарамай, кетишингизга отангиз розилик берган, шундайми?
– Йўқ, отамнинг айби – менинг кўнглимга қарагани, инжиқликларимга кўнгани, йиғлашимни ортиқ истамай, розилик бергани! Фарзанд истаги деб ўз иродасига қарши боргани! Шу оғир жиноятми? Ота ўз қизининг қалб истагига кўнгани учун неча ойлаб тергов қилинса, хўрланса, эзилса, тағин бетоб ҳолида… Нима, совет оталарига меҳрибонлик ётми ё бу улуғ ришта бизнинг жумҳуриятда ортиқ қийматга эгамасми?
– Отангиз қочқин, аксилинқилобий руҳдаги танишлари билан алоқа қилиш ва жосусликка тайёрлаш учун ўқишга жўнатган. Лекин у ўйлагандай бўлмади. Сизга дуч қилгани ҳуррият эмас, оғир айблов моддалари бўлди. ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси, биринчи банди билан Ватанга хиёнат, давлат сирларини сотиш, 58-модда – қуролли қўзғолонга ҳаракат, 64-модда – совет давлатига қарши теракт, 67-модда – аксилинқилобий ташкилотга аъзолик каби оғир жиноятларни содир этгансиз.
– Ё Худойим, барчаси туҳмат! Таълим учун Олмонияга кетар эканмиз, на менда, на шўрлик отамда бирор совуқ ният бўлган. Қизиққанман, ўқимоқчи, бу тор дунёмни бироз ёритмоқчи, тоза илм ҳавосидан баҳра олмоқчи бўлганман! Таълим олиш шу қадар даҳшатли жиноятми?
– Отанг сендан кўра оғирроқ жазога лойиқдир!
– Майли-майли, мен бари хўрликка кўндим, тан оламан бор моддангни, аммо отамни тинч қўй! Унинг айби мени ўқитгани, холос! Илтимос қиламан, у оғир касал, бу азобларни кўтара олмайди, ўлиб қолади!”
Қизни отишади. Отасини эса кўмиб бўлишди. Буни қиз ўлаётган онда ҳам сезмайди. Ишонди бутун дунёни алдаган тузумга барча тоза қалбли одам боласи каби.
Қизнинг чап елкаси устида қизғалдоқ косасидай нор бор. У қонланишидан олдин кўз олдида отаси ва бир ўқ турарди.
Отаси меҳрибонлик кўрсатиб, сочини силаб қўйгандай бўлди, нималарнидир таъкидлади ҳам, сўнг ўпди болаликдаги каби чўлп этиб пешонасидан.
Миллат қизи эди. Мард қиз. Овози чиқмади, бақирмади.
Аммо ичида қизғалдоқ косасидай қўрқув бор эди ўлимдан ва ачинди шу тиниқ юзларга доғу лаб тегмай ўлиб кетаётганидан.
“Ота, кетманг!” – деди.
Бу ўлим олди алаҳсираш эмас, оқибатли қизнинг меҳрибон ота билан рози-ризочилиги.
“Унга тўсиқ бўлмади на шайтон, на ўқ!”
“Қизим, ўқишга борма!”
“Бурчим ва ажалим – миллат учун ўқимоқ!”
“Сен менинг номусимсан, қизим!”
“Бир сиз эмас, миллат оталари учун номусим – қасам!”
“Нега умринг саҳарида салом бердинг ўлимга, менинг малагим, гўзалим, маъсумам онам?!”
“Кимдир илк қадамни қўймоғи керак. Қуруқ саволлар, гумонлар, хавотирлардан қутулиб, бошламоғи керак дунёга кўз очишни, ўқишни оналари ҳам ўзбекнинг! Кимдир, аёл ё бокира бир қиз, Ватан учун ўлмоғи керак-ку туғишдан ортиб! Мен она бўлмоқдан кўра, шу миллат учун юксак ўқимоқни афзал кўрдим! Ё хато қилдимми, ота? Фақат қулфарзанд туғмоқ шарафми бу қопқондаги юртда? Оналар шундоқ ҳам кўп-ку, ичлари тўла бола! Мен улар туққан болаларни тўпламоқчи эдим илмга, маърифатга, аммо қаршимда турибди бир ўқ ва бахтиқаро ота!”
“Барига нега кўндинг? Бўйнингга олдинг хаёлингга ҳам келмаган айбловларни!”
“Қиз бола отани севар! Бари бўҳтонни симирдим токи боши омон бўлсин ҳар бир оиланинг, отамнинг! Қизларинг бор мендан зиёда, ҳали нозик, ҳали оч. Орзулари кўп мунис онамнинг, соч толаларимдан ҳам мени мўл севар. Асло жасадимни кўрсатманг унга, жиянларимга, севганимга… Улар қабримга йиллар ўтиб, баҳор устимни ажиб чучмомалару қизғалдоқлар билан безаганида, балки йўқлаб тушларига кирсамгина ҳур бўлиб, келишар қабрдан кўкармаган соф гуллар исини етаклаб…”
Ўқ фурсат бермади ортиқ дийдорга.
Бўлмаса, минглаб миллат қизларининг ҳам тушларига кирмоқлигини айтарди.
Ота билан қиз сўзлашарди сўнгги бор аламли!
“Безовта қиламан саратонда, қор ёққанда, тушу тунда. Уларга айтмоқлигим керак: “Қўрқоқни туғмоқлик ҳали оналик эмас”. Мардларнинг онасигина онадир фақат. Бизда эса бундай аёллар бир вақтлар эди сероб, мен сизнинг тушингизни бузаман бокираликни бузгани каби эрларингиз! Миллат қизлари, келажак оналари, туғмагунча мард болани то тинч қўйманг эрингизни мудрашга, ухлашга, ҳатто тик туришга! Қаршимда ўқ, у тегар ҳали мард йигит қўли тегмаган кўксимга. Билингки, шу ўқ каби тўсиқсиз кириб бораман ширин тушларингизга!”
Йиқилади токчадаги қуриган гуллар, сал туриб устига ағнайди девор. Ёпиб шувалади бор ҳақиқат. Шу билан парда ёпилади, томоша тамом!
Топа олмадим қабрини излаб.
Гуллар сочаман дегандим.
Очиқ кўзлар эса ҳамон мени таъқиб қилади. Шовқин солади кипригининг шамоли. Миллат қизлари эса сонларин очиб қаттиқ ухлайди. Туш кўришни ва унга ишонишни эса аллақачон унутишган. Аммо қўрқоқни туғиш урфда ҳамон!
Кеча ҳам ўша деб тонг қадар азоб тортдим.
Тишларимни бир-бирига қайраб, аламга ботиб ётавердим. Худди эгаси осилган терак бўйида содиқ кутаётган отдек.
Ўргандим. Азобларимни фақат кулгилар билан ифода этишни. Бўлмаса, одамлар сенинг ўртанаётганингни қаердан ҳам билишарди.
Мен талаба қизни асраб қолишни истайман. Бунинг учун нима қилиш кераклигини ўйлайман. Тунлар аччиқ-аччиқ куламан. Ўша кўзлар мени азоблайди, ухлатмайди, киприклар қорачиғимга игнадай қадалади.
Наҳот тушларини бузиб киришга битта мард қиз қолмаган бўлса миллатда!
Оналар, сиз кимларни туғаётибсиз?!
*
Бобом мени ўзи истаганидай катта одам қила олмади.
Аммо катта қилди.
Момом менга она бўла олмади, аммо эмчак тутди.
Очиққан кунларим эчки сути берди, қурут шимитди, оғзимга қуйруқ солди, гўшт тиқди.
“Сутдан қолгани билинмасин, ирик жигит бўлсин”, – деди.
Мен ирик бўлдим, чирик бўлмадим, ямоқчи бўлдим, ялоқчи бўлмадим.
Момом мени шамоллардан тўсди, янгаларнинг қусуқ гапларидан ҳам, амаким зардасидан ҳам.
Улар жеркиса, оғзига урди, уришса, олдимни олди, мени деб ўз болаларини тошлади, уларни қарғаб бўзлади. Аммо барибир бобом мени катта қилди.
У менга ҳаётни танитди. Сўкиб-сўкиб тарихни ўргатди. Ўз тарихимни билиб ўсдим. Етмиш талабани қўмсаб улғайдим.
Бобом қишлоқнинг ҳозир омон бор эркагига устоз саналарди.
Домлалик қилди қирқ йил. Ўзимизнинг мактабда ўтмишдан дарс берган, менга эса ўлгунича таълим берди.
Бобом совет даврида ҳам Темурни ёмон демаган.
Ҳар доим уни қаҳрамон кўрган.
Ҳар ҳолда, бунга қишлоқ болалари ишонмаса-да, мен инонаман.
– Бобо, – дедим бир куни сурувни сувга ҳайдай туриб, – ҳамманинг ўз тарихи бор дегансиз. Менинг тарихим-чи? Отам билан ёниб кетганми?
– Эй аҳмоқ бола! Ҳамманики бор, сув ёнади, аммо тарих ёнмайди. Уни ҳеч ким ўзига мослаб ололмайди. Сенинг тарихинг ҳам, менинг тарихим ҳам бор, жойида турибди.
– Мана бу қўйларнинг ҳам тарихи борми?
– Бор, болам.
– Ўтирик1 гапирманг!
– Қўйларнинг тарихи қўйлик, қуллик…
– Қандай қилиб қўйда тарих бўлади, бобо? Ахир улар ҳайвон-ку!
– Ўзлигини билган одамнинг тарихи бўлади, кимлигини билади. Билмаса, ҳайвон бўлади, қўй бўлади, ҳайвоний тарих бўлади.
– Менинг тарихим ҳам йўқ, чунки етимман?
– Сенинг тарихинг бор, болам… Сенинг тарихинг отанг, мен! Тарихни отам деб ўрган, болам. Тарих жигитнинг отаси, тил эса онасидир… Жигит тарихини ва тилини ота-онасидай кўриши керак. Сенинг тарихинг отанг, болам!
Йиғлай олмаганимдан куламан. Жулғунзорга урилаётган гармсел кулгиларим маънисига ета олмаганидан қайта-қайта юзларимга урилаверади, айланаверади, тимдалайверади.
Мен ўша куни қўйларимизга ўз тарихини тушунтирмоқчи бўлганман. Бобом сингари, уларнинг қайси қўрада туғилгани, қандай қўзилагани, нима егани, қаердан сувлагани, энасини қандай эмганини… аммо қўйлар тарихигамас, кўпроқ емишга, бировнинг чиройли кўкариб турган бедазорига қизиқади. Қўйларга ўт бўлса бўлди, кетаверади… Уларга тарих азиз эмас.
Лола ҳам тарихга қизиқади. Фақат қўйлардан бироз кўпроқ, бобомдан анча камроқ. Сабаби, қўрқади. Тарих даҳшатларидан эмас, отасидан. У қишлоқнинг энг машҳур шишақули, шармандаси, собиқ қассоби.
Пичоқ кўтариб семиз қўйнимас, нуқул хотинини қувиб юргани-юрган. Баъзан Лолага ҳам ташланади. Аммо у тез чопади, шунинг учун ҳам ҳеч қачон тута олмайди, мен ета олмайман-у, шишақул қандай етсин.
Лола мендан олдин қирга чиқиб кетади, мендан кўпроқ гапиради, кўпроқ ишлайди.
Биз Лола билан тўйларга боришни яхши кўрамиз. Келин билан куёвга қарайвериб, бўйнимиз толади.