Czytaj książkę: «Умрим есталиклари»
Czcionka:
“Дийдор ғанимат” китобидан
ҚАЛАМ
Ё пирим, деб йўлга чиқдим,
Йўлда йўлдошим қалам.
Ҳам сиру асрорим айтсам,
Ёру сирдошим қалам.
Гоҳ қувонсам, гоҳ куюнсам,
Танти тенгдошим қалам.
Дилдаги дардимни айтсам,
Сабру бардошим қалам.
Гоҳ насиҳатгўй вале,
Қавму қариндошим қалам.
Оқилу доно бўлиб,
Ишда ишбошим қалам.
Юрту элнинг бахтини
Куйла, сирдошим қалам.
Ўктам айтур шу сабаб,
Йўлда йўлдошим қалам.
МЕНИНГ ИШҚИМ
Менинг ишқим ҳамон бўлгай, севар ёрим омон бўлса,
Севар ёру диёримда ҳамон шундай замон бўлса.
Ажаб барно, ажаб доно, ажойиб нозу истиғно,
Ҳусн мулкида ул Лайло каби соҳибжаҳон бўлса.
Қаро кўзу қаро холу қаро сочини айтайму,
Кўнгилни шод этарга ул қаро қоши камон бўлса.
Келишган қомати шамшод, нигоро, интизор этма,
Не тоқат айлайин мен бир томон, у бир томон бўлса.
Уни севмоқ билан шодман, бу йўлдан кечмагум асло,
Агар севги гуноҳ бўлса, агар севги ёмон бўлса.
Ўшал хушхулқли ёр бирла қилурга шарҳи ҳол Ўктам,
Наманган боғидай кўркам, латофатли чаман бўлса.
ҲЕЧ КИМНИ ЎХШАТОЛМАДИМ
Кимга қиёс этай мен, ёр, қадди-қоматингни,
Ёр, қадди-қоматингни, дилбар латофатингни.
Дилбар латофатингга жоним садоға бўлса,
Жоним садоға бўлмай кўрсат садоқатингни.
Садоқатли нигоро, сунбул сочингга борман,
Сунбул сочингни ўйнаб қилдинг кароматингни.
Қилдинг кароматингни, тушди бошимга савдо,
Инсонму ё малакму, билолмадим зотингни.
Билолмадим зотингни, қилмадинг илтифот ҳам,
Сенга таадди айлаб кездим вилоятингни.
Кездим вилоятингни тополмай ўхшашингни,
Васфингни ёза-ёза такрорладим отингни.
Такрорладим отингни меҳру муҳаббат билан,
Муҳаббатинг ёр бўлди, кўрдим саодатингни.
Барнолигингни Ўктам куйлар экан ҳамиша,
Дариғ тутма, нигоро, биздин иноятингни.
ДИЙДОР ҒАНИМАТДУР, ГУЛИМ
Кўргани келдим сани, дийдор ғаниматдур, гулим,
Интизор этма мани, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севганим соҳибжамол, ҳусни паридек баркамол,
Келганим кўрма малол, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севганим ойдек тўлар, сал кўрмасам кўргим келар,
Бирга ўлтиргим келар, дийдор ғаниматдур, гулим.
Ўйнагин гул-гул ёниб, зулфинг белингда тўлғониб,
Бўлса суҳбатлар қониб, дийдор ғаниматдур, гулим.
Ёшлигинг бахтинг-ку, жон қадрига ет, сарвиравон,
Ўтгуси елдек бу он, дийдор ғаниматдур, гулим.
Севгимиз ёд айлагил, суҳбатни обод айлагин,
Ўктаминг шод айлагин, дийдор ғаниматдур, гулим.
ЎТДИ ГЎЗАЛИМ
Ўтди гўзалим у томондан бу томонга,
Солмай назарин биз каби яхшию ёмонга.
Билмам неча йил қилгуси ул жабрини жонон,
Ҳижрон азоби рангимни ўхшатди сомонга.
Бир мен эмас ишқида куйган, неча ошиқ
Ваҳ-ваҳ, қиё боқмади ул аҳли замонга.
Сабрим тугагач журъат этиб йўлини тўсдим,
Таклиф этайин юрса агар боғу чаманга.
Чимрилди қоши, бир силкиниб кетди йўлига,
Ҳай-ҳай, онинг кокиллари тегди товонга.
Бу ҳолни кўриб маст бўлибон учди хаёлим,
Гўёки сайд сайёдини олди нишонга.
АЙРИЛИБ БЎЛМАС
Машрабга ўхшатма
Суюкли ёрим, эй жонон,
ўзингдан айрилиб бўлмас,
Қаро кўз-қошларинг, эй жон,
сўзингдан айрилиб бўлмас.
Соғиндим мен жамолингни,
юзингда якта холингни,
Қачон кўргум висолингни,
кўзингдан айрилиб бўлмас.
Фироқингда ётиб бедор,
қаро сочинг қилиб хумор,
Қачон топгум севикли ёр,
юзингдан айрилиб бўлмас.
Юрибдурман бу чаманда
эсу ақлим бўлиб санда,
Қачон топгум Наманганда,
изингдан айрилиб бўлмас.
Соғиндим мен ниҳоятда,
карам бўлса иноятда,
Қўшиқ айтарди ғоятда,
созингдан айрилиб бўлмас.
BИCOЛ
Менинг кўнглимни сайд этган ўшал кўзи хуморидур,
Ёзиб мадҳини байт этган қаро қоши ҳилолидур.
Муҳаббатнинг ниҳоли йилма-йил барқ уриб ўсди,
Қуёшдек парвариш этган гўзал ёрнинг висолидур.
Нигоримнинг юзин кўрсам очилгайдир дили бағрим,
Қувончим кўкка сиғмай ёзибман дилда боридур.
Севикли дилрабони таърифига сўз тополмасдан,
Чалиб соз тавсиф этдим, кўнгилда жоннинг торидур.
Сочингга оқ тушубдир, деб таажжуб қилмангиз, дўстлар,
Кўнгил ёшдур, бу соч оқи муҳаббатни қировидир…
РОҲАТ
Дили жоним қилур роҳат кўзингга термилиб турсам,
Тўлин ойдек жамолингга, юзингга термилиб турсам.
Висол боғи сенинг васлинг билан обод, эй дилбар,
Чаман аро очилгай дил, ўзингга термилиб турсам.
Шакаргуфтор нигорим нутқини жон деб эшитгайман,
Кўнгил тоғдек ўсар ҳай-ҳай, сўзингга термилиб турсам.
Сенга ортар мани меҳрим, ҳалол меҳнатда Ўктамман,
Зафар қучганда таққан юлдузингга термилиб турсам.
МЕҲМОНИ БЎЛИБ ЎЛТИРДИМ
Бахтим борки, шаҳло кўзнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим,
Гўзал юзу ширин сўзнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Ишқ элидаги султоним
фармонига фидо жоним,
Қолмай юракда армоним,
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Раҳм тушдими дилига,
номимни олди тилига,
Сўзлар ширин хил-хилига,
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
Кўкда порлаган юлдузнинг,
сунбул кокили қундузнинг,
Ўктамжон, ул гўзал қизнинг
меҳмони бўлиб ўлтирдим.
КЎЗИ ШАҲЛО КЕЛМАДИ
Навоийдан илҳомланиб
Кўзларим йўл устида, ул гулираъно келмади,
Гулираъно демаким, ул қадди барно келмади.
Қадди барно келса деб кўз тутибман интизор,
Интизор айлаб мани қилди таманно келмади.
Интизорлик дардини ман ёру дўстга арз этиб,
Йўқласин бир бора деб қилдим тавалло, келмади.
Қайта-қайта чиқдиму йўлларига, воажаб,
Ҳар чиқиб боққанда бўлди меҳри аъло, келмади.
Тонггача кўз юммадим аҳволима раҳми келиб,
Барқ уриб чиқди қуёш, ул кўзи шаҳло келмади.
Келмагай ёрдан умид бор, келмаганин ўйла хўп,
Зори гирён йиғлатиб Мажнунни Лайло келмади.
Келганим билса маломат қилмасин ағёр, деб,
Дўстига айлаб карам ул ақли доно келмади.
БОҒБОН ЙИГИТ ҚЎШИҒИ
Сув бўйига гул экарман севгили ёримни деб,
Сарвиқомат, сочи сунбул, лола рухсоримни деб.
Ўзгача тарҳин тузиб боғни бўстон айладим,
Шу гулистонга ярашган кўзи хумморимни деб.
Товланиб очилса гул ҳарён муаттар ҳид сочиб,
Келса ёр баҳрин очишга ошиқи зоримни деб.
Лутф этиб боқса гулим, гулдин кошона айлабон,
Андалибдек куйлар эрдим номусу оримни деб.
Юртни обод, элни шод этмоқ дилимда муддао,
Ўктамо, меҳнат қилурман шу чаманзоримни деб.
ПОКИЗА ГАВҲАРСАН
Жамолинг ой каби порлаб кўрингайдир уйингдан ҳам,
Менинг наздимда ул равшан ою юлдуз кунимдан ҳам.
Қаро кокилларинг васфин десам сунбулму райҳоним,
Қараб ҳайрон бўлиб қолдим узун сочинг бўйингдан ҳам.
Қошинг қошинг билан пайваст, жамолингга бўлибман маст,
Бирор фурсат нари кетмас, хаёлимдан – ўйимдан ҳам.
Қачон топгум сени, дилбар, ширинсўзлиқ шакаргуфтор,
Олай ором, ёзиб хуммор, қўшиқ айтган куйингдан ҳам.
Гўзалсан, шамсу анварсан, ажаб покиза гавҳарсан,
Насиб этгаймикин менга ўрин тегмоқ тўйингдан ҳам.
Дилинг поку сўзинг поку юзинг поку ўзинг ҳам пок
Шунинг-чун ўргилур Ўктам эришган обрўйингдан ҳам.
ДИЛАФРЎЗ РАҚСГА ТУШГАНДА
Томоша қил, яшаргай дил
Дилафрўз рақсга тушганда,
Юзи гул, сочлари сунбул
Дилафрўз рақсга тушганда.
Келишган қомати шамшод,
тиши дур, лаблари ёқут,
Кўзи чўлпон, шириндир тил,
Дилафрўз рақсга тушганда.
Қаро тун чойшабин йиртиб,
кўкда барқ урди юлдузлар,
Кулиб-қутлаб узатгай гул,
Дилафрўз рақсга тушганда.
Ҳусн тахтига султонлик
ярашган хўб муборак деб,
Кўриб унга бўлибман қул,
Дилафрўз рақсга тушганда.
Кўриб санъатни бундоғ,
кечиб жондин деди Ўктам,
Молу дунё менга бир пул,
Дилафрўз рақсга тушганда.
БИР ПАРИ
Субҳидам чоғи эди, ёнимдан ўтди бир пари,
Бир парики беназир, соҳибжамоллар сарвари.
Юзлари ял-ял ёнар, кўзлар хумор, қошлар камон,
Улпарини ишқи бирлан ёзилди кўнгил дафтари.
Арғувоний кўйлак ичра салланодир сийми тан,
Жон тасаддуқ бўйига мафтун қилар сумбатлари.
Сочи сунбулму дейин, яшнаб туришинму дейин,
Юрган юришинму дейин, кўргум келур кўрган сари.
Илтифот айлаб манга гуфтугў этди калом,
Ёзганим бирла адо бўлмас парининг гаплари.
Бунча хушрўй, бунча хушбўй, бунча кўркам бўлмаса,
Қолмагай Ўктамда армон бўлса шундоғ дилбари.
ЎТДИМ ЯНА КЎЧАНГДАН
Қўмсаб юзингни, жонон,
ўтдим яна кўчангдан,
Кўзлар бўлиб нигорон,
ўтдим яна кўчангдан.
Васлинг умиди бирлан
оҳу фиғон этарман,
Ҳолима ҳамма ҳайрон,
ўтдим яна кўчангдан.
Висолингга етолмай
фурсат ўтиб бородир,
Ғаниматки бу даврон,
ўтдим яна кўчангдан.
Висолинг давлатидан
бенасиб қилма, жонон,
Ўртага солма ҳижрон,
ўтдим яна кўчангдан.
Кўрсам юзингни, жонон,
жамолингга жон қурбон,
Ақлим бўлиб паришон,
ўтдим яна кўчангдан.
Умид улки, парирўй,
меҳрингни дариғ тутмай
Зорингни айла меҳмон,
ўтдим яна кўчангдан.
Таъзимни бажо айлаб
тараҳҳум айласанг гар,
Ўктам дер тасаддуқ жон,
ўтдим яна кўчангдан.
ЧУСТ ДЎППИСИ
Бу азиз бошимга кийсам,
келмас малол Чуст дўпписи,
Хушбичим ҳам сержило,
соҳибжамол Чуст дўпписи.
Неча гулюз, гултабиат,
зебо сулувлар илкида
Топди сайқал минг усулда
гулмисол Чуст дўпписи.
Бир қолип, аммо нафосат
бобида юз ноз билан
Товланиб қилгай жамолин
баркамол Чуст дўпписи.
Офарин санъатга бундоғ
барно йигитга совға деб,
Кўз нуридан тикди гул,
битказди ол, Чуст дўпписи.
Дўппи тиккан ул сулувга
эҳтиромим беҳисоб,
Бош эгиб, раҳмат дедим,
сўзимда бол, Чуст дўпписи.
Кўрсалар қардошлар ичра
ўзбеклигимнинг рамзидир,
Ўктам айтур, бир умр
бошимда қол, Чуст дўпписи.
КЎЗИМ ИЗЛАР
Бу гулшанда гўзаллар кўп,
кўзим излар у дилбарни,
Юзи гул, лаблари ёқут,
тиши дур, шамсу анварни.
Юрак амри ёмонлик йўқ,
муҳаббат хўп, садоқат хўп,
Нетай қалбим унга маҳбуб,
кўзим излар севар ёрни.
Ўзи барно, кўзи шаҳло,
ажойиб нозу истиғно,
Қиё боққанда кўп маъно,
сўзи дур, шаҳду шаккарни.
Унинг покиза меҳри
нуридан қалбим мунаввардир,
Тилайдирман, йироқ қилма
ўшандоғ нури гавҳарни.
Унинг ёди билан турсам,
унинг ёди билан юрсам,
Унинг васлидан ўргилсам,
кўзим излар вафодорни.
Ўзингсан яхши дилдорим,
Ўктаминг дер фидо жоним,
Сени васфинг ёзиб, ёрим,
тугатдим ушбу дафтарни.
НАВРЎЗИ ОЛАМ
Эсди ёқимли бир сабо, Наврўзи оламдир бугун,
Созимизда шўх садо, Наврўзи оламдир бугун.
Боғимизда тинмагай қумрию тўти чаҳ-чаҳи,
Қилди булбул ҳам наво, Наврўзи оламдир бугун.
Сув бўйида абру найсон, ялпиз кўтарди бошини,
Айди биз дардга даво, Наврўзи оламдир бугун.
Оқ ҳарир кўйлак кийиб, олма, ўрик таъзим қилур,
Унда яхши муддао, Наврўзи оламдир бугун.
Ҳамма хурсанд, ҳамма шод, ўйнаб-кулиб даврон сурар,
Шундоғ яшайлик доимо, Наврўзи оламдир бугун.
Шоду миннатдормиз, эй муҳтарам дўсту азиз,
Даврамизга марҳабо, Наврўзи оламдир бугун.
Сарвиқомат дилрабога гулдаста тердим боғ аро,
Қутлар уни Ўктам Мирзо, Наврўзи оламдир бугун.
ҲАБИБ САЪДУЛЛА ҒАЗАЛИГА МУХАММАС
Висол оқшоми чиқди ул нигоро тарки хоб айлаб,
Табассум-ла қилиб таъзим, эҳтиром-ла одоб айлаб.
Ёнидан кўрсатиб жой, илтифотин беҳисоб айлаб,
Ўтирдим, гул узатди гул атридин гўё гулоб айлаб,
Деди ял-ял ёниб менга муҳаббатдин ҳисоб айлаб.
Муҳаббат деб гўзал юзга мубталоликни дерларму,
Ҳуснда тенги йўқ қизга ё гадоликни дерларму.
Қаро сочу қаро кўзга ё адоликни дерларму
Ва ёки бир-бирига жон фидоликни дерларму,
Жавоб айтинг, деди гул ой юзини офтоб айлаб.
Дедим унга: муҳаббат аввало ёрга садоқатдир,
Вафодан гул экиб, кўнгил мулкин чоғ этмоқ одатдир.
Ҳаёт дарсин ўқирда имтиҳонга қаноатдир,
Меҳр сарчашмаси бирла пок диллар шоду ободдур,
Дедим, ул маъқул этди, мен эса ёздим китоб айлаб.
СУНБУЛ КОКИЛЛАРИНГМУ
Мушки анбар таратган сунбул кокилларингму,
Силкинганда қаратган сунбул кокилларингму,
Кавсар сувига ботган сунбул кокилларингму,
Мани ўзига тортган сунбул кокилларингму,
Ақлу ҳушим йўқотган сунбул кокилларингму.
Кокил эмас бошингда гўё меҳригиёдир,
Кўзлар қарочуғига ҳам қуввати зиёдир.
Балки барно юзингни тўсган шарму ҳаёдир,
Бегона қўл узалса гўёки аждаҳодир,
Ҳижрон ўқини отган сунбул кокилларингму.
Камолга ет, нигоро, тўлин ойдай тўлибсан,
Шўхликларинг ёқимли, асов тойдай бўлибсан.
Ташна юракка гўё оқар сойдай бўлибсан,
Гўзалликда беқиёс ҳусни бойдай бўлибсан,
Мани ўзига тортган сунбул кокилларингму.
МЕҲНАТСЕВАР ЁРИМСАН
Дили жоним, дилоромим, кўзлари хуморимсан,
Латофатли жононим, бахтимсан-баҳоримсан.
Порлоқ мани иқболим, чин сўзли нигоримсан,
Ҳар ишда мададкорим, меҳнатсевар ёримсан,
Тасаддуқ сенга жоним, соҳиби жамолимсан.
Иқболинг кулиб боққан қайрилма қошларингдан,
Юрагимга ўт ёққан кулиб қарашларингдан.
Ҳалол меҳнат, шуҳрат-шон нур сочсин бошларингдан,
Келажакка ишонган мaғpyp қарашларингдан,
Очилур дили баҳрим, чин сўзли нигоримсан.
Васлингни ёд этибон булбулдек наво қилсам,
Тўлган ой жамолингга қойил деб имо қилсам.
Сен менга вафо қилсанг, мен сенга вафо қилсам,
Ўктам бахтиёрдир деб оламга садо қилсам,
Садоқатли дилдорим, гул юзли баҳоримсан.
ЎЙЛАБ СЕНИ
Ёр, сени ўйлаб неча кун-тунлари бедорман,
Гул юзингни кўргали ҳар нафас хумморман.
Дийдам узра бос қадам, изларингга зорман,
Неки фармонинг буюр, бош устига, тайёрман.
Бас, сени ширин-шакар суҳбатларингга борман.
Мен сени севдим, гулим, ширин каломинг бор учун,
Шўх, латиф, нозик табассумли саломинг бор учун,
Ҳам яна кўнглингдаги азму қароринг бор учун,
Биз каби бечорага лутфу караминг бор учун,
Сен менга ғамхўрсану мен ҳам сенга ғамхўрман.
Ҳолима наззора қил, эй сарвиноз, эй моҳитоб,
Интизорлик дардида қилма жигар-бағрим кабоб,
Остонангга келибман қошима бир чиқ, офтоб,
Ошиқона маст бўлиб ичдим гулоб, ичдим гулоб,
Сарвиқомат бўйларингга мен ўзим хушторман.
Жон тасаддуқ, кўйида куйган киши бир мен эмас,
Оразин кўрган куйиб, ширин жонидан ғам емас.
Ўктаминг дебдур сани, ўзга ёрни ёр демас,
Тоҳиру Зуҳро ҳақи ўлтир ёнимда бир нафас,
Неки савдо бўлса борман, то умрбод ёрман.
ДЕҲҚОН ҚАСИДАСИ
Эрта тонгда туриб юз-қўлин ювиб,
Ният-мақсадини покиза қилиб,
Ярқироқ кетмонин елкага илиб,
Улуғвор касбини муқаддас билиб,
Экинзор узра ҳозир-нозир деҳқон.
Қоқ-қуруқ тупроқдан ҳосил ундириб,
Сув келтириб, бўлмаганни бўлдириб,
Меҳнатидан элу юртни тўйдириб,
Эгнимизга атлас-кимхоб кийдириб,
Улкан ҳосил учун мунтазир деҳқон.
Баъзан гап сотамиз осмондан келиб,
Гўё у билмайди, фақат биз билиб,
Шундоғ сўзлаймизки бағрини тилиб,
Шунда ҳам индамас андиша қилиб,
Одобу ахлоқда беназир деҳқон.
Доим тиқилинчдур, битмайди иши,
Тинимсиз меҳнатда баҳор, ёз, қиши.
Қалбининг тўрида экин ташвиши,
Менимча, оламда табаррук киши –
Юртига султону ҳам вазир деҳқон.
Дастгоҳлар юрарму деҳқон бўлмаса,
Дастурхон тўларму деҳқон бўлмаса,
Одамлар куларму ош-нон бўлмаса,
Тилагим деҳқонда армон бўлмаса,
Минглаб достонларга хўб арзир деҳқон.
ЎЗБЕКИСТОНИМ
Қасида
Азизу мўътабарсан, гулу гулшан Ўзбекистоним,
Сени мадҳингни айтсам кўксим осмон, Ўзбекистоним,
Еринг гавҳар, сувинг кавсар, зарафшон Ўзбекистоним,
Эрур ҳар бир тошинг лаъли бадахшон, Ўзбекистоним,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним.
Сенга таъзим, сенга олқиш, шараф-шон, Ўзбекистоним.
Ҳуснда тенги йўқ ўлкам, қилай таъзим жамолингга,
Самарқанд, Андижон, Тошкент, Наманган, Марғилонингга,
Сиру Жиззах, Бухоро, Хоразм, Сурхон висолингга,
Тасаддуқ айлайин жоним сенинг қадду камолингга,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга таъзим, сенга олқиш, шараф-шон, Ўзбекистоним.
Қаю васфинг деяй халқим, ўзинг ҳар ишда моҳирсан,
Шеъриятда Навоий, Ҳамза, Ойбек, балки Бобурсан,
Тиббиёт, илму нужум, илму ҳикматда жаҳонгирсан,
Беруний, Ибни Сино, Улуғбек, Абдуқодирсан,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга олқиш, сенга таъзим, шараф-шон, Ўзбекистоним.
Қилиб меҳнат камол топдим, ғурурим пахтазор ичра,
Қўли олтин, юзи гул, тоза кўнгил пахтакор ичра.
Яшармен ифтихор айлаб пиллакор, чорвадор ичра,
Қарорим тинчлигу меҳнат қавму қардош, дўсти ёр ичра,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга олқиш, сенга таъзим, шараф-шон, Ўзбекистоним,
Муборакбод этиб жумла-жаҳон дур сочди бошингдан,
Ўзим ўргулсам арзир тўй ярашган тўйчи ёшингдан,
Яшарган боғу роғингдан, ой-юлдуз ҳам қуёшингдан,
Шаҳар, қишлоқларингдан, гулга тўлган тоғу тошингдан,
Гўзалсан, шамсу анварсан, нурафшон Ўзбекистоним,
Сенга таъзим, сенга олқиш, шараф-шон, Ўзбекистоним.
Darmowy fragment się skończył.
399 ₽
9,33 zł
Gatunki i tagi
Ograniczenie wiekowe:
0+Data wydania na Litres:
16 maja 2023Objętość:
80 str. 1 ilustracjaWłaściciel praw:
Sharq