Czytaj książkę: «Ҳаёт қайиғи (3 китоб)»
Биринчи қисм
ПИЛЛАПОЯ
Тўйдан олдин ноғора
Иллатлар ҳақидаги суҳбат андак чўзилиб, “Гулистон” журналидаги фаолиятим баёнидан узоқлашганимни ўзим ҳам сездим. Начора, бу каби ибратларни ўзимиз унутмаслигимиз, ёшларимизни эса огоҳлантириб туришимиз шарт.
Яна “Гулистон”га қайтсам, Ваҳоб Рўзиматовнинг таҳрир бобидаги маҳоратлари ўзига хос бир мактаб. Яхши маънодаги инжиқлик билан ҳар нуқтага зийраклик билан эътибор бериб ўқирдилар, зарур ўзгартиришлар киритардилар. Мен таҳрирга доир кўп ишларни Ваҳоб акадан ўрганганман. Ёшлик чоғида ё билимсизлик, ё эътиборсизлик туфайли сўзнинг маъносини бузиб ишлатиш ҳоллари менда ҳам учраб турарди. Бир куни “Шарқ юлдузи”да чиққан ҳикоямни ўқиб келиб, мақтаган бўлдилар-да:
– Окаси, “басир” деган сўз нимани англатади? – деб сўрадилар.
– “Кўзи очиқ” дегани…
Ваҳоб ака “аттанг” дегандек бош чайқадилар-да, журнални очиб, белгилаб қўйган сатрларини кўрсатдилар, ўқидим: “Басир кўзлар қачон очилади…” Уялиб кетдим. “Сўқир” ўрнига “басир” деб ёзиб юборган эканман. Мендан кейин адабий ходим, бўлим мудири, масъул котиб ёки Бош муҳаррир ўринбосари, ниҳоят мусаҳҳиҳ ўқиган, бу сўзга ҳеч ким эътибор бермаган. Ваҳоб аканинг ўткир нигоҳлари эса бу хатони дарров илғаган.
Пахтачилик мавзуида ёзган мақоламни мақтаб туриб:
– “Қуёш ботиб, деҳқонлар ҳордиққа берилдилар”, деганингиз нимаси? – дедилар.
– “Дам олишяпти”, демоқчиман.
– Акоси, “ҳордиқ” – “чарчаш” дегани. Сиздаги жумладан “чарчашга берилдилар” деган маъно чиқади. Ҳордиқ олинмайди, чиқарилади. Шошилмай ёзиш керак,– деб қўйдилар.
Бу танбеҳда жон бор эди. Бу сўзни менга ўхшаб нотўғри ишлатадиганлар кўп эди. Ҳозир ҳам бор. Айниқса бир газетага “Ҳордиқ” деб ном берилиши ажабланарли. Шу ҳақда гапирсам, ёш дўстларимиздан бири “ҳордиқ”нинг дам олиш маъноси ҳам бор, деб эътироз билдириб, сўзининг исботи учун “Изоҳли луғат”ни тилга олди. Уйга келиб, шу сўз маъноси берилган саҳифани очдим:
“Ҳордиқ” – Иш-меҳнат, ҳаракат қилиб чарчаган, толган ҳолат; ҳорғинлик, чарчоқ. Мулойим, дилнавоз садолар унинг бутун томирларидан ҳордиқни суғургандай бўлди (Ойбек).
Лекин ажабки, бу сўзнинг иккинчи маъноси бутунлай ўзгача тарзда берилган:
“Дам олиш; дам” Куй берар юракка ҳордиқ ва дармон
(Ҳ.Олимжон).
Бу маънони исбот этиш учун яна тўрт ёзувчининг асаридан мисол келтирилган. Назаримда, устоз адиблар ёзиш пайтида эътиборсизлик қилгандирлар. Тилшунос олимларимиз эса сўз маъносини чуқурроқ таҳлил этмаганлар. Чунки бир сўз қарама-қарши икки маъно англатиши мумкинми? Ўзбекчада бир маъно, қозоқча ёки туркчада бошқа маъно англатувчи сўзларни учратамиз. Масалан, биздаги “ёмон” туркларда “энг яхши” маънони беради. Аммо баъзан биз ҳам “ёмон зўр-а!” деганимизда, “энг яхши” назарда тутилади.
“Ҳордиқ”да “чарчоқ”дан ташқари иккинчи акс маънонинг йўқлигини исботлаш учун “Ҳорманг” (чарчаманг) сўзини эслайлик. Иккинчи маънони тўғри десак, “дам олманг” деб тилак тилаган бўламизми? “Ҳорғин”-чи? “Изоҳли луғат”да “Ҳориган, чарчаган ҳолатли” деб берилган ва устоз Одил Ёқубовдан “Муаттар эрининг ҳорғин юзига тикилди”, деган мисол келтирилади. Ҳолбуки, “дам” маъносини изоҳлаш учун ҳам “йигирма йил ҳордиқ нима, ҳузур-ҳаловат нима – билмайди”, деб шу ёзувчидан мисол келтирилган эди.
Ўша йили Ваҳоб Рўзиматовнинг танбеҳларини қулоққа олганим учун ҳам ҳозирга қадар бу сўз хусусида баҳслашаман. Бу ўжарлик эмас, ижодий жараён шундай бўлиши керак, деб ўйлайман.
Ўша пайтда Ваҳоб аканинг айрим танбеҳларини малол олиш ҳоллари ҳам бўларди. Энди, ҳозирги кексалик ёшимда ҳам ўшандай маслаҳат, насиҳатларни қўмсаб қоламан. Афсуски, Ваҳоб ака каби зукко, талабчан, зийрак муҳаррирларни кам учратадиган бўлдик.
Тўғри, Ваҳоб аканинг кўнгилни хира қиладиган одатлари ҳам бор эди. Масалан, битта нуқта тушиб қолган бўлса, шунчаки қўйиб қўйсалар ҳам бўларди. Лекин саҳифанинг остидаги нуқтани қўйиш учун тепага қадар чизиқ чиқариб қўярдилар. Ёки жиддий камчилик топилмаса, маънодош сўзлар қўйиларди: “лекин” ўрнига “бироқ”, “гўзал” ўрнига “чиройли”… Мен бундан ранжимас эдим. Айтилган ҳолда тузатиб берардим. Лекин бошқаларга бу малол келиб, баҳслашардилар, баҳс тортишувга, тортишув сўкишишга айланиб кетарди. Чарчоқ сабаблими, Ваҳоб ака баъзан менга ҳам қаттиқ гапириб юборардилар. Лекин бир неча соат ўтгач, узрли қиёфада кириб, кўнглимни кўтариб қўярдилар. Чунки қаттиқ гапираётганларида мен индамай турардим, бошқалар каби оловга мой сепмасдим. “Тоҳир ҳамма ишни вақтида бажаради, мен публицистикани Тоҳир Маликдай бадиий маҳорат билан берилганини шу пайтгача кўрмаганман”, деганларини эшитганман. Орадан йиллар ўтиб, ёзувчи дўстимиз Ваҳоб акани хотирлаб матбуотда “Тоҳир Малик мақолани расво қилса ҳам вақтида тайёрлаб беради”, деганлар” деб ёзибди. “Гулистон”да мендан кейин ишлаган укамизга бу гапни байроқ қилишнинг нима зарурати бор экан, ҳайронман. Агар унинг даъвоси тўғри бўлса, бу гувоҳномага, ҳозиргилар тили билан айтилганда “сертификат”га нима дейиш керак: “Ёзувчи ўртоқ Тоҳир Маликка. Ҳурматли Тоҳир! “Гулистон” журнали редколлегияси Сизнинг 1976 йил 2-сонда эълон қилинган “Анъаналар давом этади” суҳбатингизни журнал саҳифаларида босилган энг яхши журналистик асарлардан бири деб топди. Сизни “Гулистон”нинг йиллик мукофоти билан тақдирлаймиз… Журнал бош редактори Асқад Мухтор. 1976 йил, 31 декабрь”.
“Гулистон” Иброҳим Раҳимдан кейин ҳам ижтимоий, тарихий муаммоларни дадил равишда баён қилувчи мақолаларни бериб борган. Масалан, Ўзбекистоннинг бошига бало бўлиб ёғилувчи кимёвий заҳарли моддалардан фойдаланмаслик масаласи ҳам дадил равишда кўтарилганди. Журналнинг бошқа нашрлардан фарқ қилувчи фазилатлари кўп эди. Мен ҳам шу жараёнга қўшилишим шарт эди. Яширмайман, радиода “яшасин, яшасин!”га кўп эътибор берардик. “Гулистон” бунақа “Яшасин!”ни ҳазм қила олмасди. Ҳатто рангли муқовасига кулиб турган қизларнинг расми берилса, мухлислардан “Бизнинг ҳаётимиз фақат кулиб турган қизларнинг шодлигидан иборатми? Муаммолар йўқми?” деган норозилик мактублари келарди.
Ишга киришган кунларим аввалдан таниган публицистларни журналга даъват этдим. Биринчи галда Шароф Убайдуллаев билан гаплашиб, “минг тонна пахта териш мумкинмас” деган масаладаги суҳбатларини нашрга тайёрладим. Асқад ака ўқиб чиқиб, “Масала ўринли, лекин бунақа гапларни “юқори” ҳал этади”, деб мақолани марказқўмга жўнатдилар. Идеология котиби О. Салимов назаридан ўтган суҳбат Ш. Рашидовга етиб боргач, у ердаги муҳокамадан сўнг “минг тонначилик”ка доир мақтовлар тўхтатилди.
Кейинроқ сурхондарёлик публицист Норқул Ҳайитқуловнинг “Ер қадри” деб номланган муаммоли мақоласи ҳам эътиборга тушди. Сўнг Нусрат Раҳмат қоракўлчиликда фожиа ҳисобланган “сжк” деб аталувчи офат масаласини кўтардилар. Қоракўл совлиқлар кўпроқ туғсин деб уларни эмланишига шу тарзда барҳам берилди. Мен бу соҳадаги журнал анъанасини давом этишига баҳоли қудрат ҳисса қўшишга интилдим. Аммо совет ғоясининг афзаллигини баён қилувчи мақолалар беришга ҳам мажбур эдик. Бу мажбуриятдан ҳеч ким қочиб қутула олмасди. Шуни билсалар-да, бошқа бўлимдаги ҳамкасб акалар ва дўстлар бизнинг ишимизни очиқдан-ойдин назар-писанд қилмасдилар. Ҳар ойда журналнинг янги сони режаси муҳокама қилинарди. Режа қўлига тушиши билан Маҳмуд аканинг биринчи қиладиган иши ижтимоий бўлим тавсия этган мақолалар устига “буларнинг кераги йўқ”, деган маънода шартта-шартта чизиқ тортардилар. Бундан кўнглим оғрирди, чунки адабиёт бўлими тавсия этаётган ҳикоя ёки шеър ҳам “социалистик реализм” тартибига амал қилинган ҳолда ёзилган, яъни совет ғояси чизган чизиғидан чиқмасди.
Партия қарорларини ҳаётга татбиқ этиш ҳақида мақола тайёрлаш менга ёқармиди? Бирон байрам тадбири ёки партия съезди арафасида номдор механизатор ёки тўқимачилик корхонасининг ишчиси номидан тантанавор мақола ёзиб бериш чоғидаги руҳ азоби не қадар бўлганини ҳозир ёшларга тушунтириб бера олмайман. Бир нарсани айтишим мумкин: сиёсий мақола билан овора бўлган кунларим ижод билан шуғуллана олмас эдим. Лекин ёқимсиз нарсадан ҳам фойда олиш йўлларини излардим. Пахтакорларнинг суғоришда Чуст усули “кашф” қилганларини ўрганишга ёки Пахтачидаги “ҳосил байрами”га борганимда таҳририят вазифасини шунчаки бажариб қайтмас эдим. Халқнинг аҳволини ўрганишга, дардини ҳис қилишга интилардим. Баъзилар “фантаст ёзувчи учун бу ўрганишнинг қандай нафи бор?” дейиши мумкин. Тўғри, адабиётшунослар тили билан айтганда мен “фантаст” эдим, лекин бошқалар каби коинотда учиб юрмасдим. Марсда (Миррихда) ҳаёт бўлганми ё йўқми, мен учун аҳамиятсиз гап эди. Каминани Она Замин дарди қизиқтирарди. Леонид Брежневнинг “Оқ олтинни олтин қўллар яратади”, деган сўзлари шиорга айланганди. Дабдаба нуқтаи назаридан дуруст гап. Ҳақиқат юзасидан эса, ўзбек деҳқони ғўзаларни юрак қони билан суғориб, Москванинг нафсини қондириш учун миллион-миллион тонналаб пахта уярди. Сафар чоғлари ҳаётни кузатиб, одамларимизнинг соддалик чегарасидан чиқиб, қулликка тушиб қолганларини англамаётганларидан кўнглим оғрирди. Нажот йўли борми ё йўқлиги хусусида ўйлаб, ўйимга етолмасдим. Абдулҳамид Чўлпоннинг “Кўнгил, сен бунчалар нега кишанлар билан дўстлашдинг, на фарёдинг, на додинг бор, нечун сен бунчалар сустлашдинг”, сатрлари юрагимни тирнарди. Кўп ижодкорлар, зиёлилар каби каминада ҳам қалб фарёди бор эди. Аммо нажот йўли кўринмасди. Бир бечоранинг аламли аҳволини кўриш оғир, унга ёрдам бера олмаслик фожиаси руҳни эзиб ташлайди.
Мен хаёлан кўраман хирмонларнинг ортидан,
Тонгги бўсадан кечган келинларнинг жамолин.
Арслон қайтмас изидан, ўғил бола – шартидан,
Этик ечмай сув кечган куёвларнинг камолин
(Анвар Эшоновдан).
1977 йил Совет Иттифоқида катта байрам, тантана йили – биз ҳозир “Ўктабрь тўнтариши” деб атаётган, у дамда “Улуғ Октябрь Социалистик революцияси” дейилган сананинг 60 йиллик тўйи. Байрам ноябрь ойида нишонланса-да, тайёргарлик Янги йилнинг биринчи куниданоқ бошланган. Деҳқонлар, ишчилар зиммаларига оширилган мажбуриятлар олган, адабиёт, рассомлик, театр, кино… соҳасида турли кўриклар эълон қилинган… (Ҳатто сиёсатни тан олмайдиган Маҳмуд Саъдинов ҳам “Байрам сони учун шеър ёзиб беришни қайси шоирдан илтимос қилсам экан”, деб бош қотира бошлаган кезлар…) Пахтачиликда ҳар йили қандайдир янгилик, ташаббус пайдо бўларди. Мухбирларнинг йил бўйи ёзган “тасанно”лари дуо ўрнига ўтармиди, ҳар ҳолда ташаббускор одам мавсум охирида қаҳрамонлик унвони билан шарафланарди. Байрам арафасида Сирдарёда шундай деҳқон пайдо бўлди. Минг тонна пахта терувчининг иши пуч экани журнал саҳифасида исбот этилгач, бунақа ясама қаҳрамонларга кўпам аҳамият бермай қўйгандик. Шунинг учун сирдарёлик пахтакорнинг қўшқаторда пахта экишига дастлаб аҳамият бермадик. Уни шарафлаш режамизда ҳам йўқ эди. Аммо айни ёз чилласи бошланганда Асқад ака мени чақириб, “Сирдарёга бориб келинг, янги қаҳрамонга биз ҳам чапак чалиб қўймасак бўлмайдиганга ўхшайди. Брежнев Қозоғистондан бизга ҳам ўтар экан, ўша деҳқонни бориб кўраркан”, дедилар. Янги “ясалаётган” қаҳрамоннинг аввалгиларидан фарқи: у меҳнатдаги ютуқлари ҳақида партия Бош котибига мактуб йўллаган, Бош котиб эса жавоб хати юборган эди. Энди унинг бу деҳқон билан шахсан учрашуви Ўзбекистон бошига Семурғ қуши қўнгандай бир шодиёна бўлуви кутилаётганди. “Юқори”нинг топшириғига Асқад Мухтор итоат этганида мен рад қила олармидим?! Сафар чандасини қўлтиқладим-у, саратоннинг Мирзачўл ерларига уфураётган иссиғини менсимай Сирдарё вилоятига қараб жўнадим. Шаҳар чегарасидан чиқишим билан йўл четларини тозалаётган одамларга кўзим тушди. Аввалига аҳамият бермадим. Кейин қарасам, атрофга чумоли сингари сочилган тозаловчилар сафининг адоғи йўқдек. Ишонасизми, қарийб икки юз чақирим йўл четларида одамлар ишлашарди. Бу манзара менга ҳужжатли фильмда кўрганим – Фарғона канали қазиш учун чиққан ҳашарчилар оқимини эслатди. Район маркази ҳам бесаранжом эди. Райкомда биронта раҳбар йўқ. Уруш ҳақидаги фильмларда “Ҳамма фронтга кетган, райком берк”, деган ёзув бўларкан. Уруш йўқ, райком эшиклари ҳам очиқ, лекин масъул ходимлар йўқ. Уларнинг қандай фронтда эканини англаб, зиммамдаги вазифа енгил эмаслигини ҳис қилдим. Ҳозир райком саркотибини учратсам ҳам, Брежневни кутиб олишга ҳозирланаётган одам бир журналнинг мухбири билан суҳбатлашишга фурсат топа олмаган бўларди. Райком навбатчисига ўзимни танитиб, мақсадимни айтдим. “Сизга ёрдам бера олмайман”, дегандек елка қисиб қўйди. Шу пайт ўрта ёш бир аёл шошганича келиб қолди. Ғоявий ишлар бўйича котиба экан. Шошишидан, юзида акс этиб турган чарчоқдан билдимки, мухбирга тоқати йўқ. Шу сабабли ёлғон ишлатишдан ўзга чорам қолмади:
– Бугун эрталаб шахсан Оқил Умурзоқовичнинг ўзлари чақиртириб, мени бу ёққа юбордилар. Сизга алоҳида салом айтдилар. Азиз Оппоқович сизга телефон қилмоқчи эдилар, гаплашгандирсиз? Мақола ёзишдан ташқари тайёргарлик ишларининг боришини кузатиб, таассуротимни шахсан ўзларига айтар эканман. Бу “Иттифоқ миқёсидаги сиёсий иш”, дедилар.
Бу топшириқни Асқад акага Марказқўмнинг идеология ишлари бўйича котиби Оқил Салимов берган бўлса, гапларим тўла ёлғон эмас, деб ҳисоблайман. Марказқўм маданият бўлимининг мудири Азиз Тўраевнинг бу масалада кунда қўнғироқ қилиб туриши ҳам табиий. Брежневни кутиб олиш тайёргарлиги “Иттифоқ миқёсидаги сиёсий иш” экани эса ҳақиқат эди. Мўлжални тўғри олган эканман, “осмондан” келишим котибага таъсир этди.
– Кўриб турибсиз, сиз билан бирга боролмайман, битта машина тўғрилаб бераман, – деб соғлиқни сақлаш бўлимига қўнғироқ қилди.
“Шийпонга “тез ёрдам” жўнатдингизми?” деган саволига “йўқ ҳали” деган жавобни эшитгач, овозини кўтариб, эркакчасига бир-икки “ширин” гап айтди-да, “Машина райкомга келсин, меҳмон бор, шийпонга ола кетади”, деб каминанинг мушкулини осон қилиб берди.
Дала шийпони зилзила пайтидаги Тошкент қурилишини эслатарди. Йиллар давомида деҳқонларни чўл офтобидан асраган деворлари сувоқ кўрмаган пахса, томи қамиш чайла ўрнига ҳашаматли шийпон қурилаётган эди. “Большевик подшоҳ”га мактуб ёзиб, жавоб олган бригада бошлиғи нималар бўлаётганига ўзи ҳам ҳайрон. Танишиб, энди суҳбатни бошлайман деганимда ишбошилардан бири келиб, “Ҳожатхонани қайга ўрнатамиз?” деб сўраганида унинг аччиғи чиқди. “Ҳамма ёқ дала, хоҳлаган жойингга ўрнатавермайсанми?” –деб жеркиб ташлади. Катта юк машинасига ортилган, кичик уйча ҳажмидаги бетондан қуйилган тайёр ҳожатхонани қаерга ўрнатиш ҳам муаммо бўлиб қолди. Шошма-шошарлик билан чизилган лойиҳада унинг ўрни кўрсатилмаган экан.
Бригадир билан суҳбатимиз бот-бот бўлиниб турди. Унинг бошқа деҳқонлардан фарқ қилувчи фазилатлари йўқ эди. Ҳозир офтоб тиғида ишлаётганлар каби у ҳам қишлоқда туғилиб, эгатларда улғайган. Пахтадан бошқа нарсани билмайди. Дам олиш нималиги тушига ҳам кирмаган. Қишда уч-тўрт улфати билан район марказидаги чойхонада ошхўрлик қилиб келиш унинг учун “курорт”. Мақолага асос бўлувчи “кашфиёт” ҳақида сўраганимда кулиб қўйди.
– Буни мен ўйлаб топганим йўқ, ука. Деҳқон юқоридан қандай топшириқ берилса шуни бажаради. Дадам раҳматлига қайсидир йиллари “квадрат уялаб эк”, деб мажбур қилишувди. Менга “қўшқатор эк”, дейишди, экдим. Бу кашфиёт меники эмас, обком буванинг олимлик иши экан.
Каминага ҳаммаси аён бўлди. Олтмишинчи йилларда қайсидир олимнинг илмий кашфиётини исбот қилиш учун чигит квадрат уялаб экилган. Яъни эгат 90х90 (ёки 60х60) сантиметр ҳажмда квадрат шаклда олинган. Ҳам узунасига, ҳам кўндалангига ишлов берилган. Бу усулга қарши чиққан раисми ё бригадирми қаттиқ танқид қилиниб, ишдан олинган. Пахтачиликдаги бу “янгилик”нинг афзаллиги ҳақида “Ўзбекфильм” бадиий фильм ҳам ишлаган. “Квадрат уялаб экиш” эллик йил аввал йўқ бўлиб кетди, бу фильмни эса телевидение мустақиллик йилларида ҳам бот-бот кўрсатиб турибди.
Етмишинчи йилларнинг ўрталарига келиб, вилоят раҳбари эгатнинг ўртасига эмас, икки чеккасига чигит экишни ўйлаб топибди. Бу шунчаки таклиф ёки кашфиёт эмас, балки “обком бува”нинг илмий диссертацияси экан. Қарийб икки юз чақирим йўл атрофини тозаланиши, шийпон қурилиши ва шунга ўхшаш дабдабалар ўша “диссертация ҳимояси” доирасига кирса керак.
Афсуски, бу дабдабаларнинг ҳаммаси ҳавога учди-кетди. Леонид Брежнев Қозоғистонда Динмуҳаммад Қунаевнинг қимронини ичавериб, бешбармоғини еявериб бўкиб қолганмиди, ҳар ҳолда Ўзбекистонга келмади. Келмаса келмас, садқаи сар! Кўчалар тозаланди, Мирзачўлда ягона бўлган шийпон қурилди, энг муҳим тарихий воқеа – далага бетондан қуйилган ҳожатхона ўрнатилди!
Ўша йиллари “раис бува”, “райком бува”, “обком бува” каби катта-кичик раҳбарларнинг “илм билан шуғулланишлари” яъни диссертация ҳимоя қилишлари одат тусига кирган эди. Энди хўжалик, район ёки областни шунчаки партия ходими эмас, “қишлоқ хўжалик фанлари номзодлари” (ҳатто докторлари!), “иқтисод фанлари номзодлари” бошқарар эдилар. Брежнев Ўзбекистонга келмагани билан “обком бува” диссертациясини ҳимоя қилди – қишлоқ хўжалик фанлари доктори! Кузда хирмон кўтарилгач, кўкрагига олтин юлдуз тақилди – Социалистик меҳнат қаҳрамони! Унинг кашфиётини исбот этиш учун чўл офтобида куйиб ишлаган деҳқон эса унутилди. Орадан йил ўтиб, Қаҳрамоннинг камчиликлари фош этилиб, ишдан олинди. Аммо кўкрагида “Олтин юлдуз”, чўнтагидаги “докторлик” дипломи жойида қолаверди. Қўшқатор экиш эса тўхтатилди. Ажабланарлиси шуки, кашфиёт хато экан, бекор бўлди, “фан доктори” деган илмий унвон эса сақланди…
“Чархпалак”нинг пойдевори
Пахтачиликдаги муттаҳамгарчиликларни ҳамма кўриб-билиб турарди, лекин ҳамма жим эди. Шоирларнинг шеърларида деҳқон ташвиши баъзан йилт этиб кўриниб қоларди, лекин бу дард насрга кўчмаётган эди. “Гулистон” таҳририятидаги ўзаро гап-сўзларда ҳам бу мавзу бот-бот тилга олинарди.
– Йўқ пахталардан хирмон уйишади, кейин айбни ёпиш учун “бунт”ларга ўт қўйишади. Икки кило пахта ёнса, икки юз тонна ёнди, деб расмийлаштиришади, – дерди Саъдулла Аҳмад.
– Хўжалик режани салкам икки юз фоиз бажаради, лекин деҳқоннинг чўнтаги қуп-қуруқ, – дерди Мурод Хидир.
Бу фожиаларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳам яхши билишарди.
– Шуларни ёзмайсизларми? – деган саволимга маъюс жилмайиб қўйишарди.
Мен шуғулланаётган фантастика тарзига бу дардларни сингдириш мушкул эди. Ўйлай-ўйлай охири тадбир топгандай бўлдим: фантастика билан детективни бирлаштиришни мўлжаллаб, “Чархпалак” асарини ёзишни ният қилдим. Ижодий сафарлар чоғида гувоҳ бўлган воқеаларим йиғила-йиғила янги асарга асос бўлди. “Чархпалак”ни “Гулистон”дан кетганимдан кейин ёзганман. Лекин унинг пойдевори шу таҳририятда қўйилгани сабабли романдаги айрим воқеаларни алҳол ёдга олгим келди.
Асардаги салбий одамнинг исмини “Ўлмас” деб атагандим. Бундан мақсад, “ҳаётдаги муттаҳамлар қайси соҳада бўлсин, ўлмайди, замон ўзгараверади, аммо улар яшайверади, улар дастидан Комил (яъни комиллик) азобда, ҳатто ўлимга маҳкум”, демоқчи эдим. Асар нашрга тайёрланаётган пайтда “Ўлмас Умарбеков Ёзувчилар уюшмасига раис бўлдилар, салбий образни “Ўлмас” десак, ноқулай”, деб исмни ўзгартиришни талаб қилишди. Ёмон одамларнинг исми ёзувчи учун кўп ноқулайликларни юзага чиқаради. “Фалак” нашр қилинганда Ваҳоб Рўзиматов табриклай туриб, “Абдуваҳоб образи зўр чиқибди. Ярамасликлари худди ўзим-а”, деб пичинг қилган эдилар. “Шайтанат” эълон қилинганда “Каримулла” исмидаги одам наманганлик бир муҳтарам домламизга малол келибди. Мен бу исмни қўйганим билан у кишини назарда тутмаганман-ку? Хуллас, таҳририят талабига кўниб, “Ўлмас”ни “Тўхтамиш Омонтурдиев” деб ўзгартирдим. Бу билан “Пахтачиликдаги иллатлар тўхтармишми? Ахир шу пайтгача омон-эсон турибди-ку? Тўхташига ишонмайман”, демоқчи эдим, зукко китобхон мақсадимни балки тушунгандир ва менга ҳамфикр бўлгандир.
Агроном-олимга “Комил” исмини берганимда ундаги комил инсонга хос фазилатларни назарда тутиш баробарида аниқ бир одамнинг қиёфасини кўз олдимда гавдалантирганман. Сирдарёнинг Боёвут туманида Комил Хидиров деган ака билан танишган эдим. Бу киши санъат соҳасида ўқиганлари билан оилавий шароит туфайлими, чўлга кўчиб келган эканлар. Чўлда санъаткорга иш топиларканми? Деҳқончилик билан шуғулланганлар. Ҳикоялар ҳам ёзиб турарканлар. Яхши бир ҳикояларини ўқиб ажабландим. Чунки айни шу воқеа баёнини бошқа одам имзосида ўқиган эдим. Кейин билсам, бу кўчирмачи Комил аканинг дўсти экан. Ёзган ҳикояларини ўқишга берибдилар-у, орадан кўп ўтмай газетада унинг имзосида кўриб, ҳафсалалари пир бўлиб, ижодни ҳам йиғиштириб қўя қолибдилар. “Бургага аччиқ қилиб кўрпа куйдирибсиз, Худо сизга қобилият берган экан, адабиётга бевафолик бўлибди”, дедим. У киши ғамгин кулимсираш билан чекландилар. Боёвутга ҳар борганимда Комил ака билан кўришиб, у кишидан фойдали гапларни эшитардим. Айниқса, пахтачиликдаги қинғир ишларни ипидан-игнасигача билардилар.
“Чархпалак”даги Комил асли олим, умри қисқа, яъни тезпишар пахта навини яратмоқчи. У кўсаклар август ойи бошларида очилишини, сентябрда териб олинишини, шу билан пахтакорлар оғирини енгил қилишни истайди. Кашфиётини амалга ошириш мақсадида чўлдаги хўжаликка агроном бўлиб келади. Тўхтамишнинг мақсади эса Комил ёрдамида диссертация ёқлаб олиб, мансаб зиналаридан кўтарилишни давом эттириш, унинг агрономга муҳтожлиги йўқ:
“Умуман, балки биларсиз, ҳозир агрономга муҳтожлик қолмаган. Чигит экилсин, деб буйруқ келади, экамиз, суғорилсин дейишади, суғорамиз. Мана, эрта-индин, терилсин, деб қолишади, теримни ялписига бошлаб юборамиз. Ҳеч ким агрономнинг гапи билан иш қилмайди”.
Муттаҳам раҳбарлар бирданига пайдо бўлиб қолишмайди. Муттаҳамлик иллати туғма бўладими ё йўқми, аниқ айтолмайман, лекин болаликнинг беғубор олами икки кўчага туташади. Бу худди “Эгри билан Тўғри” эртагига ўхшайди. Иллатлар кўчасига болани катталар йўллашади. Тўхтамиш болалигида “Сен чинор бўлгин” деган даъватни ўзича тушуниб, кўзига энг чиройли кўринган иллат кўчасини танлаган эди. У синфнинг зўри эди, лекин “зўрлик”ни тасдиқлаш учун “отряд советининг раиси” деган мартабани эгаллаш билан шайтон бошлаган йўлга дадил кириб кетди.
“Мурод муғомбир ўша куни Тўхтамишнинг номзодини айтганда, болалар бўлажак раисга ҳадиксираб қараб қўйишди-ю, индашмади. Тўхтамишнинг танбаллиги, ҳали унинг, ҳали бунинг терган пахтаси ҳисобига кун кўриши аён бўлса-да, уни “энг илғор теримчи” сифатида раисликка сайлашди. Сайлашди-ю, балога қолишди: аввал унга бир килодан терадиганлар энди икки, иккидан терадиганлар учдан терадиган бўлишди. Ҳар ҳолда, отряд совети раисининг обрўси – бутун отряднинг обрўси-да!
Орадан уч йил ўтгач, бутун синф комсомол ташкилоти котибининг обрўси учун пахта терадиган бўлди. Унинг учун дарс тайёрлаш, ё бирор иш қилиш синфда баҳс ёки норозилик уйғотмайдиган одат тусига кирган эди. Биров нолимас, шикоят қилишдан эса, чўчирди. Йиллар эса, шу зайлда ўтиб, болалар мактабни битиришди-ю, Тўхтамишдан қутулишди.
Тўхтамиш дадаси билан шаҳарга тушиб, имтиҳон топшириб юргандаёқ институтнинг ички тартиб-қоидаларини суриштириб билди. Биринчи сентябрь куни эса мактабда олган Фахрий ёрлиқлари-ю, комсомол ташкилотининг котиби бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатларини кўтариб аввал деканга, кейин комсомол комитетига кирди. “Жамоат ишлари жону тани экани”ни, ҳар қандай топшириққа тайёрлигини билдирди. Бир ҳафтадан кейин у курс старостаси қилиб “сайланди”. Кейин пахта йиғим-теримидан четда қолмайлик, деб ташаббус кўтариб чиқди-ю, фаол жамоатчи сифатида кўпнинг назарига тушди. Терим пайти этак боғламади – умрида шеър ўқимаган, қўшиқ айтмаган йигит “ агитбригада”га аъзо бўлиб олди…
Тўхтамиш Омонтурдиев қаерга қадам қўйишни олдиндан чамаларди. “Ҳаёт – ботқоқ, оёқ босадиган жойни пухта танламасанг, чўкиб нобуд бўласан”. Бу унинг ақидаси. Шунинг учун қилган ишларидан кўп афсус чекмас эди. Энг катта надомати тўртинчи курсда бўлган. Энди, Комилнинг ўлимидан сўнг, аттанг, деб турибди. Тўртинчи курсда-ку, сувдан қуруқ чиққан эди. Бу сафар-чи?
* * *
Комил айвонга чиқиб, кўрпачага ёнбошлади. Икки ҳовлини ажратиб турувчи пастак ёғоч панжара ортида қўшниси кўринди. Пешонасини оқ рўмол билан танғиб олган ўрта ёшлардаги киши кетмонча билан гулларнинг тагини юмшатар эди. Қўшни ҳам шаҳарлик. Олдинма-кейин кўчиб келишган. Ҳовлилари бир хил. Лекин қўшни келган йилиёқ дарахтларни кесиб ташлаб, ҳамма ёқни гул қилди. Дастлаб Комил бу ишига тушунмади. Гулга ишқибоз деса, минг туп атрофидаги гул ишқибозга нимага керак? Кеч кузга бориб, гулхона усти ёпилиб, иссиқхона қилинди-ю, Комил муддаога тушунди. Шу бир парча ернинг “соғин сигирга” айланганини фаҳмлаб, қўшни билан кўпам яқинлашмади. Ўзини қўшнидан олиб қочгани сайин, у, аксинча, яқинлашишга ҳаракат қилди. Комил гўл эмаски, унинг мақсадини тушунмаса. Гулга ўғит керак, дори керак, дўконга борса пул кетади, совхозники эса, текин… Яхши ҳамки симёғочлар одамга ҳазм бўлмайди, йўқса, ямламай ютарди бу тоифа. Комилнинг ҳовлисидаги шафтолилар бу йил мевага кирди-ю, қўшни ҳам ёлчиб қолди. Боласига ўргатадими ё боласи ҳам шундай безбет бўлиб туғилганми, пақирча кўтариб кираверади. Уйда ҳеч ким йўқлигида панжара ошиб тушиб олинадиган шафтолилар қаёққа кетади – Комил билмайди.
Мавлуда чинни лаганга дўппидай қилиб ош сузиб келиб, Комилнинг рўпарасига ўтирди.
– Пулларнинг парваришига киришибди-ю, – деди Комил қўшни томонга имлаб.
– Ҳа, энди, чўқилаган сайин пул унади-да. Яна бир йил ишлашса, шаҳардан ҳовли олиб, кўчиб кетишармиш.
– Олишсин, олишсин, бунақа “шоир”лар олса ярашади.
– Қанақа шоир?
– “Гул”га “пул”ни қофия қилиб юрибди-ку, бу ҳам ўзига яраша шоир-да, – Комил шундай деб, хотинига қараб кулди.
– Ҳм, нима гап яна?
– Тўйга бормадим-ку, ҳақини бермайсанми?
– Ўзингиз қуйиб ичавермайсизми?
– Сен қуйиб берсанг, мазаси бошқа-да.
Мавлуда эринибгина туриб, ярим пиёладан кўпроқ ароқ қуйиб берди.
Уч-тўрт ошам ош олгач, арақ қонларини жўштириб, Комилнинг баҳри дили яйради.
– Мен манавинақа одамларга ҳеч тушунолмайман. Дарди – пул, мақсади – пул. Пул деб уйғонади, пул деб ухлайди. Бу ерда ош, бу ерда, – Комил аччиқ-чучукли ликопчани кўрсатди, – бир хум тилласи бўлмаса, еган овқати ичига тушмайди.
– Ошингизни енг, сизга нима? Ўғирлик қилаётгани йўқ-ку, меҳнат билан топяпти. Қаранг, чўқилагани-чўқилаган.
– Сен буни ўғирликка қўшмайсанми? – Комилни ҳиқичоқ тутди. Мавлуда узатган иссиқ чойни пуфлаб-пуфлаб ичиб, чуқур нафас олди. – Бу ҳам ўғирлик, хоним, жуда катта ўғирлик. Ўмариб келаётган ўғит-пўғитлари ҳисобмас, совхозда бундан баттарлари бор. Биласанми, бу одам нимани ўғирлаяпти? – Комил ўнг қўлида ош олиб, чап қўлининг бармоқларини букди. – Биринчидан ўзининг, бола-чақасининг умрини ўғирлаяпти. Улар дам олиш ўрнига шу ҳовлида ивирсишади. Ҳали қараб тур, пулни тўплашга тўплайди-ю, бир касал орттирганини сезмай қолади.
– Ошингизни енг.
– Еяпман, гапимни бўлмай эшит, кейин, топганини даволанишга совуради. Иккинчидан, – Комил яна бир бармоғини букди, – моддий бойлик ниманинг эвазига тўпланади? Албатта, маънавий қашшоқланишнинг! Пул кўпайган сайин маънан қашшоқлашиб бораверади. Қўшнинг қирмизи гулларда гўзалликни эмас, бойликни кўради. Ўзининг-ку, бўлари бўлган, букурни гўр тўғрилайди. Болаларига ачинаман. Болалари шулардан ортиб қаерга боради? Меҳнат – азоб, меҳнат – фақат пул топиш учун, деб ишониб қолади-ку, меҳнатдан лаззат олиш нима эканини билмайди-ку? Оқибатда, камроқ меҳнат қилиб, кўпроқ пул ишлаш йўлини излаб қолмайдими? Излайди! Топади! Кейин биз, жиноятчилар қаердан пайдо бўлди, деб фалсафа сўқиб ётамиз. Хўп, сен ҳақсан, деб фараз қилайлик, меҳнати ҳалол, топган пули ҳалол. Бойликни нимага сарф қилади? Аҳмоқона нарсаларга! Агар топган-тутганини болаларига сарф қилишса, индамасдим. Болаларга вақтида иссиқ овқат бермаса, кийим-бошига қарамаса, ўқиши билан иши бўлмаса…
– Тўйга борганингиз маъқул экан. Ошхўрлик деб, еганингиз шуми? Томоғингизга тегди, ақлингиз қайнаб-тошиб кетади.
– Агар, пулим шунақа кўп бўлганда, аспирантларга бўлиб берардим.
– Оҳ, оҳ, сахий тўра-е!
– Ана, Яҳёникида, сездингми, эр-хотин бир-бирига тумшаяди. Секин сўраб билсам, хотинининг кўнгли бир пальто тусабди. Ёқаси жуда зўрмиш. Нархиям… шунга яраша-да… Яҳё қаердан олади? “Диссертацияни кетига тушмасам бўлмайди”, дейди. Эшитяпсанми? Диссертацияни тезлаштирмоқчи!
– Тўғри қилади. Аллақачон ёқлаши керак эди.
– Мен-чи?
Мавлуда ерга қаради, индамади.
– Менга бундай демайсан. Чунки принципларимни биласан. Била туриб, “Яҳё тўғри қилди”, дейсан. Демак, битта пальто учун фанда ғирромликка ўтиш мумкин.
– Нима, Яҳё унвон олса арзимайдими?
– Арзийди. Минг марта арзийди. Шунинг учун ҳам у бунақа бачканаликдан баланд юрсин. Хонимчасининг кўнглига қараб ерпарчин бўлмасин!
– Тўхтамишингиз пул бермоқчи экан-ку, олавермайсизми, шунақа аспирантларга тарқатардингиз.
– Хоним!! – Комил ошаган ошини лаганга тўкди. – Хоним! – деди у яна қатъий оҳангда. – Сиз мени ҳақорат қиляпсиз.
– Қўйинг, ҳазиллашдим.
– Бунақа ҳазил қилманг, истасангиз тиз чўкиб ялинай.
– Хўп.
Мавлуда лагандан қўл олди. Шундагина Комил чегарадан анча чиққанини пайқади. Ўтган йили Тўхтамиш Комилга бели букилмаган йигирма бешталикдан бир даста берган эди. Комил бу пулларни амалда топширилмай, қоғозда расмийлаштирилган пахта ҳисобидан эканини билиб, Тўхтамишни ҳақоратлаш даражасига борган, кейин икки-уч кунгача ўзига келолмай, диққинафас бўлиб юрган эди. Мавлуда: “Сизга нима бўлди?” деб сўрайверганидан кейин ёрилди. Очиғи, шунгача у Мавлудадан хавотирда эди. “Бекор қилибсиз, иссиқ жойингизни ташлаб келганингиздан кейин олавермайсизми, улушингиз экан-ку!” деб қолса, бошимни қайси тошларга ураман”, деб чўчирди. Бахтидан минг ўргилса арзиркан, унинг суйгани, унинг жон-жаҳони бундай демади. “Агар ўша пулни олиб келганингизда, одамларнинг ҳалоллигига бўлган ишончим бутунлай сўнар эди”, деди! Комилга яна қандай маслакдош керак?! Хотинлар яхши ёстиқдош бўлиши мумкин, яхши она… бўлиши мумкин, аммо чин маслакдош бўла оладиганлари пешонаси ярақлаган йигитларга насиб этади. Комил буни ўшанда кашф этди. Илгари: “Хотиним мени яхши кўради, мени аяйди, шунинг учун айтганимга кўнади”, деб ўйларди. Агар ўшанда… Мавлуда шундай демаганида, Комил ҳаммасига қўл силтаб кетворарди. Янги фаразлари ҳам кўзига кўринмас эди. Муаллимни хиёнатда айблаган одам, бир ҳаромхўрнинг дастидан шу хиёнат кўчасининг оғзига келиб қолган эди. Мавлуда уни остонада тўхтатди. Бир оғиз гап билан ҳаромдан чекиниш эмас, балки унга қарши курашиш лозимлигини ҳам эслатди.
* * *
Биолаборатория томонда директорнинг “Волга”си кўринди. Комил нима гап экан, деб шу ёққа қараб қолди. Канал томонга келадиган йўлнинг балчиғи чиқиб ётибди. Машина оқ иморат олдида тўхтаб, сигнал берди. Тўхтамиш машинадан тушиб, қўлини ҳаволатиб Комилни чақирди.
– Ҳа, тинчликми? – деди Комил, резина этигининг лойини эндигина ранг олаётган чимга артиб.
– Идорада сенга ҳам хона берганмиз, жойингда ўтирсанг бўлмайдими?