Czytaj książkę: «Оилада севги суҳбатлари»
Уялмасанг – истаганингни қил!
Ҳаё инсонга хос фазилатдир. Уятдан ёноқлари қизарган инсон ҳақиқатан инсондир.
Ҳаё барчага ярашади. Айниқса, аёлларни ўзгача зийнатлайди. Бу ҳақиқатни Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам эътироф этиб: «Ҳаё – иймондандир», дейдилар.
Ҳар қандай инсоний фазилат сингари ибо, ҳаё сабабли юзларнинг қизариши ҳам имон туфайлидир. Имон бўлмаса, на ҳаё қолади, на уят.
Ҳозирда ор-номус ҳақида сўз борганда «орият томири» эсга олинадими-йўқми, билмайман. Аммо менинг онажоним шундай дер эдилар: «Инсоннинг маънавият томири бор. Ор-номус туйғуси бу томирларни кучли ва бақувват қилади. Инсон беорлашса, бу томир ёрилиб кетади… Орият томирининг ёрилиши инсонни инсонликдан чиқаради. Чунки бундай одам уялишдан уялади, юзи ҳам қизармайди».
Шундай ҳолатга тушган инсон ҳар қандай тубанликка қодир бўлади. Жиноят устида қўлга тушганида ҳам қилмишидан асло хижолат чекмайди. Юзига тупурсангиз, артади-ю, «ёмғир ёғяпти» деб кетаверади!
Ҳаё – имондандир. Дилда эътиқод бўлмас экан, ҳаё ҳам бўлмайди. Имоннинг заифлиги ҳаёнинг камлигига сабаб бўлади.
Охир-оқибат, ҳаё туйғуси уятсиздан уялиб, номаълум манзилни ихтиёр этади…
Илм, бойлик, номус
Илм, бойлик, номус йўлдош бўлдилар. Йўл охирлагач, илм деди: «Мен мана шу университетга кетяпман, кутиб турсангиз, қайтаман», деди. Бойлик: «Мен ана шу саройга бораман, кутсангиз қайтаман», деди. Навбат номусга келди: «Мен сизларга ўхшамайман, кетсам қайтиб келолмайман».
Севгидан нима фойда?
Севгисиз ҳамма нарса файзсиз, мазмунсиз туюлади.
Севги бахтнинг пойдеворидир.
Севги – қувончнинг сабаби.
Севги билан зиндон сарой кўринади.
Севгисиз сарой зиндонга айланади.
Мавлоно Жалолиддин Румий таъбири билан айтганда: «Севги туфайли заҳар болга, мис олтинга айланади; севги дардларга дармон бўлади, кўнгилларни поклайди».
Севги ўликни тирилтиради.
Севги туфайли шоҳ қул бўлади.
Текис бўлмаган илмдан номукаммал ишқ яралади…
Илм севгини, жоҳиллик қўрқувни кучайтиради…
Бизни ўз муҳаббатидан меҳр билан яратган Раббимизга меҳримиз чексиздир. У ҳақда қанча кўп билсак, севгимиз шунча ортади…
Уни топмоқ улуғ саодат. Алишер Навоий айтадилар:
Сени топмоқ басе мушкулдирур,
топмаслик осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале
пинҳонлиғинг пайдо.
* * *
Севги билан ҳар нарса гўзалроқ, мазмунлироқ, қадрлироқдир. Шу боис инсон севгисиз қолмасликка ҳаракат қилиши, қалбидаги муҳаббатни асраши лозим. Зеро, севгисиз ҳаёт азоб ва изтиробдан иборатдир.
Қадрли нарсалар ардоқланади. Йўқолмасин, тугаб қолмасин деб устида титралади. Севги неъматини қандай асраш керак? Севги булоғига туташиш лозим.
Ички дунёмиз доимий назорат остида бўлиши зарур… Чунки ҳар бир нарса сингари севги ҳам парвариш ва эътиборга муҳтождир. Парваришсиз қолган севги чечаги қурийди.
Севгини асраш учун фидойилик ва жонбозлик талаб этилади. Севги баҳам кўрилганда ортади. Шу боис меҳрга хасислик қилувчилар охир-оқибат ундан бебаҳра қоладилар. Сезувчи юраклар меҳр улашишдан чарчамайдилар. Шу тариқа қалблари такрор-такрор севги билан зийнатланаверади… Севгига шу зайлда тўладилар. Севгини бера олганлар унга мушарраф бўлишга ҳақлидирлар.
Бир куни Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёнларига бир зот келиб: «Ё Расулуллоҳ, қалбимда севги камаяётганини ҳис қилаяпман. Кўнглим қаттиқлашмаслиги учун нима қилай?» деб сўради. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бу асл андишага шундай ажойиб жавоб бердилар: «Дарҳол бориб, бирор етимнинг бошини сила…»
Нақадар ажойиб, нақадар асл андиша эди бу!
Инсон ҳамёнидан пулнинг камайганини сезади, аммо қалбидаги севги ва меҳрнинг озайганини ҳис қила оладими?
Юксак маънавият эгалари, даставвал, кўнгилларига назар ташлайдилар. Чунки кўнгилдаги камайиш қандай бўшлиққа йўл очишини яхши биладилар.
Юрак шифокорларининг Устози бўлган Пайғамбаримиз (с.а.в.) севгини баҳам кўриш уни баракали қилишини таъкидлаб оқилона йўл кўрсатганлар.
Эҳтиёжманд кўнгилга берилган меҳр-муҳаббат неча ҳисса бўлиб қайтиши барча замонлар учун амал қиладиган йўриқ эмасми?!
Қалб жароҳатларини даволашнинг энг ишончли усули самимий севгини баҳам кўришдир.
Севиш ва севилиш
Донишманддан сўрадилар:
– Дунёдаги энг яхши нарса нима?
– Севиш.
– Ундан кейин-чи?
– Севилиш.
– Нима учун севиш севилишдан яхшироқ?
Донишманд шундай жавоб қайтарди:
– Инсон севишига севилишидан кўра кўпроқ амин бўлади, шунинг учун.
Оналик кетдими – ҳар нарса тамом
Фақатгина моддий ва жисмоний эҳтиёжларни қондириш керак деб билувчи ҳайвон ҳолига тушиш инсоннинг даҳшатли фожиасидир. Ундан қутулиш учун ҳаракат қилар экан, тубанлик ботқоғига чуқурроқ ботаверади. Ҳайвоний туйғулар, ўткинчи истаклар йўлида бор-йўғидан кечувчи инсон инсонликдан чиқади.
Ана шундай муҳитда энг кўп жабрланувчи инсон аёлдир.
Аёл – аёллик билан бирга уни юксак мақомга кўтарган сабабни ҳам бой берди, инсоният – оналар билан бирга юрагидаги меҳр-муҳаббатини ҳам йўқотди!..
Зеро, онасиз севги – азоб, меҳр – изтироб!
Ғарб дунёси бой берилган қадриятлар кунини, ҳафтасини ижод этмоқда. Она муҳаббати йўқотилгач, «Оналар куни»ни ўйлаб топдилар. Кейин «Оталар куни»ни, «Қариялар куни»ни, «Қўшнилар куни»ни ва ҳ.к. Бу кетишда бой берилган инсоний қадриятлар кунлари бир йилга сиғмай қолади… Оналар куни «кашф этилгандан» буён гўё уларнинг ўзлари йўқдек…
Оналик бир кунга сиғдирилади… Адоғи йўқ ҳақлари эса бир неча ҳадя билан «ҳисоб-китоб» қилинадиган бўлди.
Ғарб дунёси бой берилган ўзликни сўзга ва ҳашаматга кўчирдилар. Аммо маъносиз сўз ва амалдан наф йўқ, бой берилган маъно ва руҳ эса моддият билан бизга шуни уқтиради: инсонлик дунёсининг энг муҳим хазинаси она юрагидир. Шу сабабли, қандай қилиб бўлмасин, бу меҳр булоғини асрашимиз, қутқаришимиз зарур. Маънавий ёнғинлардан омон олиб ўтилиши лозим бўлган илк қадрият оналар юрагидир.
Бу ҳақиқатни, аввало, қизларга тушунтирмоғимиз, улар ўз қадрларини билмоқлари лозим. Ўзларини ёмонликлардан асрашлари, ўткинчи истаклар қурбонига айланмасликлари шарт.
Оналар имон, ахлоқ мезонларини ўрнатишга эришмоқлари, инсоний қадриятларни эъзозловчи фарзандларни тарбияламоқлари даркор. Чунки шикоят қилинган ҳар бир эркак, аввало, бир аёлнинг, бир онанинг меҳр ва машаққат самарасидир. Яъни, сўз айланиб-ўргилиб яна аёлга бориб тақалади. Оналарни қутқариш ва ҳимоя қилиш ҳам, аввало, оналар зиммасига тушмоқда. Шу виждон, даставвал, онани ҳақиқатан онага айлантириш, меҳр қаҳрамони қилишимиз керак.
Чунки аёл қутқарилса, инсоният қутқарилади. Инсон тўғри йўлга тушган жойда ҳамма иш кўнгилдагидек бўлади.
Ҳар бир инсон – бир онанинг буюк асари. Юракларга меҳрни пайванд этувчи, Аллоҳ назаргоҳини севги билан тўлдирувчи Онадир. Она бор экан, оила вайрон бўлмайди.
Афсуски, ҳозирда меваларгина эмас, руҳлар ҳам дорига тўйинди. Сунъийлик барчани ва ҳамма нарсани эгаллади. Табиатдан йироқлашиш оқибатида унинг моҳиятидан ҳам узоқлашилди. Бу ўзгаришлар аста-секин, бирин-кетин бўлгани учун сезилмади…
Пайғамбаримиз Оналар ҳақида нималар дейдилар?
Она учун хайрия
Абдураҳмон ибн Абу Амрдан: Саъд бин Убайд Аллоҳ Расули ёнига келиб: «Онам вафот этди. Унинг руҳига хайрия қилсам, онамга нафи (савоби) тегадими? – деб сўради. Аллоҳнинг Расули (с.а.в.): «Ҳа», деб жавоб бердилар». (Муватто/Ифқ 13)
Онага хизмат
Муавия бин Жаҳима Ассаломийдан: «Онангга хизмат қил. Чунки жаннат онанинг оёқлари остидадир». (Насаий 6, Ибн Можа 12, Аҳмад ибн Ҳанбал, III, 429)
Аскарнинг дуоси
Бир аскар ҳикоя қилди: «Мен хизматга отланганимда кекса аёллар пайпоқ ва қўлқоп ҳадя этдилар, сабабини сўрадим. «Бизни дуо қилишинг учун», дедилар. «Сиз мени дуо қилинг, аслида, мен муҳтожман дуога», деганимда шундай жавоб эшитдим: «Ҳозир биз сени дуо қиламиз, сен аскарликда навбатчилик қилганингда бизни дуо қил. Чунки аскарнинг қўриқчиликдаги дуоси Яратган томонидан қабул қилинади».
Жалолиддин Румий Шамс
Табризийдан нимани ўрганди?
Мавлоно Жалолиддин Румий. Аллоҳ иноятига сазовор бўлган авлиё. Ишқ тахти чўққисида, ҳар кимга ва ҳар нарсага очиқ бўлган жўшқин қалб эгаси.
Олимлар Султонининг ўғли бўлган олим, севги билан қалбларни забт этувчи султон. Ўргатишни даъво қилмай ўргатувчи Устоз… Инсонни «Ҳазрати Инсон» деб билади; «Яратилишда эт, динда қардош» ҳисоблайди. Шу боис севилади. Ишқ оташини лаҳза озайтирмай, кўнгилдан кўнгилга ўтиб, саккиз аср оша ҳамроҳимиз бўлиб келмоқда. Чунки илҳомини энг олий манбадан – Аллоҳнинг китоби – Қуръондан олади.
Исломнинг мўъжизаси бўлган бу Улуғ Зот Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг содиқ ихлосмандларидан. Роббига шу даражада боғланган-ки, бу йўлда йўқликни шараф деб билади. Ҳар қул озод бўлишга интилади, аммо у қулликда нажот топди. Қул бўлди-ю, қутулди. Дунё-қўлида, кўзи ва кўнгли – абадиятда.
Ишқ мақомига моддийликни яқин йўлатмайди. Дунё мудом оёғи остидадир. Кемани суздурувчи сув кема остида бўлганида фойдали. Сув кема ичига кирса, уни чўктиради. Дунё инсоннинг денгизидир, қалбини тўлдирса, инсонни чўктиради.
Оила севги мактаби бўлиши учун нима қилиш лозим?
Ўқув йили якуни ўзига хос бир даврдир. Гарчи, расман ўқув машғулотлари давом этса-да, амалда саёҳатлар, кўнгилочар ўйинлар, базмлар бошланади. Айниқса, «Битирув оқшомлари» масаласи эътиборни тортади. Бундай кўнгилсизликлардан фарзандларимизни ҳимоя қилиш учун қандай йўл тутиш лозим?
Ота-она май ойи охиридан бошлаб фарзандлари учун махсус дастурлар тузишлари лозим. Бу дастурларда иложи бўлса, бутун оила иштирок этсин. Шундай тугаётган баҳорнинг гўзалликларидан биргаликда баҳраманд бўлиш, шунингдек, шу кунга қадар тўкис бўлмаган оила муҳаббатини янада кучайтириш, кўпроқ вақтни биргаликда мазмунли ўтказиш мумкин бўлади. Асосийси, кўнгилочар кўнгилларга пайванд бўлиши лозим. Бунда биргаликлар болангизни яхши билиб олишга имкон беради. Кўнгилдан кўнгилга уланган ришта асл мулоқот воситасидир. Юракларни очмасдан дилдан мулоқот қилиб бўладими? Ўртада ишонч бўлсагина дилдан суҳбат қуриш мумкин.
Ишонч бўлиш учун фарзанд ўзининг севимли, қадрли эканини билмоғи лозим. Дилбандимиз: «Қайси туйғу, тушунчамни тилга келтирсам ҳам отам, онам, опам, акам мендан ранжимайди, юз ўгирмайди. Доим менинг яхшилигимни биладилар. Чунки мен улар учун воз кечилмас борлиқман», деб ўйлай олсин. Бундай бола неча ёшга кирса ҳам сиздан асло узилмайди, келажакда меҳрибон инсон бўлади. Чунки фарзандлар эшитганларига эмас, кўрганларига амал қиладилар.
Меҳр мактаби бўла олмаган оила боланинг қўлидан ушлашга уринади. Меҳр мактабига айланган оилада ота-она фарзандларининг қўлларидан эмас, кўнгилларидан тутишни, тўғрироғи, кўнгилларига киришни уддалайдилар.
Фарзандлари кўнглидан жой олган ота-оналар ҳеч қачон улар туфайли бош эгиб қолмайдилар.
Фарзандлар билан дўстона муносабат ўрнатиш учун нима қилиш зарур?
* Аввало, уларнинг сиз учун қадрли эканликларини ҳис эттиринг.
* Меҳрингизни асло яширманг, уларга кўнглингизни тўла очинг. Болалар сиз томонингиздан ҳеч қандай шартларсиз севилишларини билишлари зарур.
* Фарзандларингизнинг ҳар қандай туйғу ва кечинмаларини баҳам кўринг. Сиздан ҳар қандай масалада ёрдам сўрай олсинлар.
* Фарзандларингизнинг муаммоларини ҳал қила оладиган билимга эга бўлинг. Улар саволларига ишончли, қониқтирувчи жавоблар олсинлар. Билмаганларингизни очиқча эътироф этинг, сўраб ўрганинг.
* Сиз фарзандларингизга кўнглингизни, уларнинг ёшига мос муаммоларингизни очсангиз, улар ҳам сизга очиладилар.
* Болаларга нисбатан тақиқловчи бўлманг. «Уни қилма, буни қилма!» дейиш ўрнига «Буни қил, бундай қил!» деб тавсия бериш ўринлидир.
* Таклифларингиз кўп бўлсин, токи, фарзанд улар орасидан ўзига маъқулини танлай олсин.
* Таклиф этган дастурларингизда, иложи борича, ўзингиз ҳам қатнашинг. Бора олмаган тадбирларингиз ҳақида улардан эшитинг. Таассуротларини тез-тез эшитиб турсангиз, улар учун мос ва қизиқларли бўлган дастурларни таклиф этишингиз мумкин.
* Шошқалоқлик қилманг. Дарахт мевага кириши учун йиллар керак бўлади. Таълим-тарбия дарахтининг мевасини кўриш учун янада узоқроқ вақт кутишга тўғри келади. Бунда бирданига эмас, секин-аста, кўниктириб тарбия берилади.
* Эътиборсиз қолдирилган оқилона тавсияларингизни меҳр билан такрорлашдан эринманг… Баъзи яхши хулқларини тарбиялаш учун биргаликда такрорланг.
* Уларнинг ноўрин хатти-ҳаракатларини сабр ва севги билан бартараф этишга ҳаракат қилинг.
* Болангиз қизиққан соҳаларга қизиқинг… Уларга ёқадиган соҳалардан сўз очинг. Фарзандларга маъқул бўлган машғулотлардан уларни маҳрум қилиш хатарли йўлни ихтиёр этиш демакдир.
Улар билан, биргаликда айтайлик, севимли мультфильмларни томоша қилинг. Танқидий фикрларингизни билдиринг. Шу тариқа кўрган, томоша қилган, эшитган нарсаларини таҳлил қилишни ўргатасиз. Айниқса, оилавий фильмлар сифатида тақдим этилаётган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлинг. Жуда кўп душман ғоялар айнан шу йўл билан мия ва қалбларга жойлаштирилмоқда. Чунки бугунги кунда заҳарни ҳам олтин идишларда тақдим этаётирлар…
Эътиқодимиз, маданиятимизга зид бўлган баъзи ҳолатларни кўрсата-кўрсата кўнгилларни кўниктираяптилар. Кўзлардан кўнгилларга киришга уринаяптилар. Кўз, кўрганига кўникади.
Ҳатто ёмон эканини уқтириш учун доимий тарзда кўрсатилган ножўя ҳолатлар ҳам вақти билан одатдаги ҳол деб баҳоланади. Баъзи ота-оналар «Кўрсин, ёмонлигини, зарарини тушунсин» деб нотўғри йўл тутадилар. Чунки тасвир зеҳнларни забт этади.
* Болаларингизнинг ҳаракатларини чегаралаб қўйманг. Ҳаракатда – баракат. Қўйинг, ҳаракат қилсин. Ҳаракатларини тўхтатиш ёки чеклаш ўрнига тўғри йўналтириш ҳақида ўйланг.
* Ота ёки она эканингизни пеш қилиб, «Айтганим – айтган!» деманг. Бу сизни болангиздан узоқлаштиради. Ота ёки она бўлсангиз, болангиз қандай ёшда бўлса ҳам, уни одам ўрнида кўринг, суҳбатлашинг, кенгашинг, тингланг. Ҳозирда «Мен отаман, мен онаман, нима десам тўғри, тортишиб ўтирмайман, айтдимми, бас!» каби гап-сўзлар ибтидоийликдир.
Фарзандлар ҳатто, ота-оналарининг зуғумларини ҳам кўтаришни истамайдилар. Сиртдан таслим бўлгандек кўринсалар-да, кўнгилларида исён бўронлари увиллайди. Жамиятда рағбат кўрган баъзи ҳолатлар сизга мақбул келмаса-да, қатъий қаршилик кўрсатманг. Маданиятимизга мос бўлмаган жиҳатларини таҳрир қилинг, тўлдиринг, бойитинг! Туғилган кун қилишни истаган фарзандингизни ранжитиш, сиздан узоқлаштириш ўрнига тадбирни миллий маданиятимизга мос мазмун билан бойитинг. Унда ўзингиз ҳам қатнашинг.
* Фарзандларингиз учун қилганларингизни писанда қилманг. «Сен учун нималар қилдим, қанча қийналдим» деб бадал тилагандек бўлиб қолманг. Бундай ота-оналардан болалар тезда зерикадилар, чарчайдилар, охир-оқибат «Кошки қилмасайдингиз!» деб юборадилар.
Болаларингизнинг даврини ўзингизнинг болалигингиз билан қиёсламанг. Кеча барча шарт-шароитлари билан ўтди-кетди… Янги кун бошланди… Ҳар кун қуёш янгидан чиқади ва дунё такрор ўзгаради. Шунинг учун Ҳазрати Али (р.а.) «Болаларингизни ўз даврингизга қараб эмас, улар яшаган даврга кўра тарбияланг», деб тавсия берганлар.
Барча ота-оналар таътил бошланган кунларда ўзларини тарбиячи сифатида кўрадилар, фарзандларига юракларини ҳар доимгидан кўра кўпроқ очадилар. Тарбия – қийин иш, душмани ҳам кўп. Бу душманларни енгишда энг муҳим омил ота-оналарнинг фарзандларни меҳр билан ҳимояларига олишларидир.
Кунлар исигани сайин ота-оналар мураббийлик маҳоратларини ишга солишлари зарур. Акс ҳолда иссиқ таъсирида бўшашган руҳ ва мияларни таътилдаги бўшлиқларда шайтон ва шериклари эгаллайди. Ёмон иллатларга жой очилиши мумкин. Аллоҳ ота-оналарга ғайрат берсин, фарзандларимизни ёмонлар ва ёмонликлардан асрасин.
Darmowy fragment się skończył.