Czytaj książkę: «Жаллод аёл»
Жаллод аёл
Бу аёлнинг гапларини илк бор эшитганимда ҳайрат ва даҳшатдан ёқа тутганман…
Оддийгина корейс кампир, ёши саксонларда – бу аниқ. Лекин тенгқурларига нисбатда ёш кўринади, деб ўйлайман. Бўйи биру олтмишнинг нари-берисида, чуваккина, думалоқ юз, қисиқ кўзли. Кишига олайгандек, аммо маъноли боқади. Мажик (кичик) жуссасида шунча изтиробларни, афсусларни ва балки даҳшатларни кўтариб юрган бу инсон менинг ақл-шууримга ғорат солиб, тўзғиган ари уясига айлантиргандек эди…
Муқаддима
Асли бозорни ёмон кўраман – буям бир нуқсонимми, айбимми бўлса керак-да. Тошкент бозорларини-ку, қўяверасиз, одам дегани бодроқдай сочилган, минг тусда товланган башаралар ўта гавжум, бошим айланиб кетади. Аммо бир нарсасини яхши кўраман: мева-чевалар, сабзовоту ҳар турли емаклар шунақаям чиройли териб қўйиладики, узоқроқдан боқсангиз кўз қамашади. Ўзингизни гўё гулзорда юргандай ҳис этасиз. Қолган жиҳатлари энди…
Бозор олахуржунини аёлимга топширганман, ҳар ҳолда қаламкаш деган номим бор, қолаверса, у тежамкорроқ-да. Мен бананнинг пулига ошқовоқ сотиб олишим тайин. Буёғи кисса-кармонда елу сабо мўлроқ, бор-йўғи, қаламкашман.
Қаранг-да, ҳамма даврларда ижод аҳли камхарж яшаган. Шунақа дейишади-да, энди. Бундан фахрланиш керакми ёхуд ҳасрат тўкиш – билмайман. Бозорни кўпам хушлайвермайман, айтдим, мабодо йўлим тушса ҳам янги образ ва характерларни топиш, кашф этиш дардида кезаман. Сал жимжимадор туюлса ҳам бу рост гап. Баҳонада хотинпарварлигим тутиб, ул-бул харид қиламан. Бозор – марди майдон, ҳамма жунбишда бўлади. Жунбишдаги кишилар эса ёзувчи учун кони хазина: яхши ҳам, ёмон ҳам, шоҳу гадо ҳам, ҳалолу каззоб ҳам яққол кўзга ташланади, фақат илғаб, териб олсам бас.
Рости, бананни ёқтирмайман ва асли унинг нималигини ҳам билмайман. Ейишга-ку еганман-а, ёлғон бўлмасин-да, хиёл ўзимизнинг қовуннинг таъми келади шекилли. Аммо бизда дастурхонларнинг кўрки, зийнати, ҳатто соҳибларининг обрўсидек ҳам туюлади. Чунки киройи идишлардаги мева-чеваларнинг устига шунақаям ўхшатиб, «иззат-икром» билан териб қўйишадики, беихтиёр унинг ўрнига ўтирволгинг келади (бу энди мендек ижодкорнинг гапи-да). Негадир унга ҳамма ҳам қўл узатавермайди: биров қимматлигини ўйлаб, зодагонроқлар эса «Шуниям мартаба қилиб қўйишганини-чи» дея, бошқаси қайсидир қизиқчининг «Бу маймунларнинг емиши-ку», деганини эслаб, мийиғида кулганча зимдан боқишади холос. Аслида ҳам у Африкадаги болачалардан ва маймунчалардан қолган нарса-да…
Нега буларни эсладим, биласизми… Мундоқ қарасам… Йўқ, олдин ростини айтай, мен бодрингнинг арзон, лекин ҳам майдароқ, ҳам карсиллаганини қидириб юргандим. Эндигина ниятимга етганимда, ёнбошдаги корейс кампир эътиборимни тортди. Беихтиёр унинг ҳаракатларини кузата бошладим. У бошқаларга ўхшамасди: ўта хотиржам ва ҳатто совуққон эди. Сира шошилмасди, бу оламда ўзидан бошқа ҳеч ким йўқдек туюлар, балки бошқаларни кўришни истамас ва шунинг учун ҳам ўзини шундай тутармиди… Шуниси аниқки, бу феъли йиллар оша ихтиёрий шакллангани сезилади. Чап қўлида ичи лиқ тўла иккита халта. Унинг сал букчайган миқти елкаларини юкдан деб ўйлабман, кейин билсам, кексаликдан экан. Англашимча, озғин, калта қўллари тузуккина чайир эди. Сочи калта, одми, лекин оҳорли кийинган.
У помидор-бодрингнинг, чамаси ҳамма нарсанинг энг сараси ва қимматини танларди. Учинчи халтани ҳам яримлатиб, ниҳоят, банан сотиб олди. Кампиршо шуни ермикин, дея ўйладим ўзимча ёки меҳмондорчилиги бўлса, обрў учунмикан (ахир кимлардир мақтангиси келса, «Дастурхонда банангача бор эди», дейишади-ку)?.. Бозори унди шекилли, халталарни кўтариб, майда қадамлар ила чиқиш сари юрди. Бир килодан помидор-бодринг олиб, қадамимни тезлатганча унга эргашдим. Осон етдим.
– Холажон, келинг, юкингизни кўтаришворай, – дедим ўрисчалаб, қўл узатарканман.
У бамайлихотир ўгирилди. Аввалига кўзлари кишини эсанкиратар даражада олайди, сўнг «наҳотки» дегандай ҳайрат акс этди-да, ниҳоят, юмшади.
– Майли, – деди ва иккита халтасини менга тутқазди.
Ёнма-ён кета бошладик.
– Биласизми, йигитча, – у юзимга қарамасди. – Шу пайтгача мени ҳеч ким бундай чақирмаган.
– Ёқдими ишқилиб? – дедим тилини топганимдан хурсанд бўлиб. – Баъзи рус аёлларга хола дейишса хафа бўлишади-да.
– Мен рус эмасман. – Унинг табассум ёпинган қув нигоҳи аста-секин синчковлашиб, менга қаттиқ қадалди. Қараши бағоят совуқлашди. Юз тусида ўзидан итаргувчи ёқимсизлик бир лаҳза лип этди-да, оҳиста жилмайишга қоришди. – Сизнинг жентельменларча илтифотингиздан фойдаланиб, рухсатингиз билан, битта чекволаман. – У қўлидаги халтадан ихчам сумкачасини чиқариб, бир дона фильтрли тамаки олди-да, лабига қистирди.
– Афсуски, гугуртим йўқ, – ҳазил қилган бўлдим ўзимча тараддудланиб.
У гугурт чақиб, тамакисини тутатди.
Бозорнинг чиқаверишига етдик.
– Нима касб қиласиз, йигитча? – сўради тутун бурқситаркан, ёнбош боқиб.
– Журналистман.
У бир лаҳза таққа тўхтади-ю, яна қўзғалди.
– Қизиқ, жуда қизиқ, – деди бошини силкитиб. – Мана, қаёқдан бу қадар маданият ва илтифот. Жудаям менбоп касбингиз бор экан. – Сўнг гўё чалғиди: – Энди, менинг марҳаматли ёш дўстим, такси тутинг. Манзилни айтаман.
Ўзим истамаган ҳолда унга яқинлашар, нечукдир ғайриоддий кўйда кўнглини топишга уринардим ва бу менга ёқа бошлаганди. Эҳтимол ижодкорлигим тутиб, ундан янгилик, бирор андармонлик кутармидим.
Кампиршо таксига ўтиргач, деди:
– Менинг исмим Анжелина, яъни Анжелина хола. Жела ҳам дейишади. – Сўнг бағоят ёқимли жилмайди. – Қўл телефонингиз борми?
– Бор-бор, – дея шошинқирадим мен.
– Менда эса йўқ. – У тағин жилмайди. – Уй телефонимнинг рақамини ёзинг. – Айтди. – Мабодо журналистлигингиз қўзиб қолса, сим қоқинг, фақат бошқа бировга асло бера кўрманг! – деди-ю, жўнаб кетди.
Мен эса бу сирли одамийнинг симрақамини телефонимга «муҳрлаб» олишни унутмадим.
Ижод аҳлининг феълида, руҳида ғайриоддий нимадир барибир бўлади-да (кўпчилик шунақа дейди-ку, ахир): ҳар бир нарсадан мантиқ, маъно қидиришади, кўрганларини муқояса қилишади. Тавба, шунча кўп одам яшайдиган Тошкентдай шаҳри азимнинг энг жон қайнар бозорида сирли, ғайридин, миллати ўзга кампиршо менга йўлиқса-ю ва у, айтиш мумкинки, кўча қизларидай даб-дурустдан телефон рақамини берса!..
Анжелина хола ҳақида бир муддат эслаб-эслаб турдим-у, кейин унутдим…
1
Кампиршо Анжелина анча эътиборли ҳудуддаги кўпқаватли уй олдида таксидан тушди. Юкларини олиб, эшик сари юрди. Киравериш каби йўлак ҳам саришта эди. Юқоридан шошиб тушаётган малласоч қизалоқ ўрисчалаб салом бериб ўтди. У алик олди. Бу уйда ҳар хил миллат одамлари яшашини шундан ҳам пайқаш қийин эмасди.
Иккинчи қаватда тўхтаб, зирх қопқали эшик ёнида нарсаларини қўйди. Сумкачасидан калит олиб, қулфга тиқди: учинчи бурашда «шилқ» этган овоз чиқди. Ортидаги темир панжарани очганди, ёғоч эшик кўринди. Тез ичкарилади. «Бозори»ни ошхонада қолдириб, кийимларини алмаштиргани ўтди.
Уйи бағоят замонавий – оврўпоча таъмирланган. Ҳамма нарса ўз ўрнида, саришта, дид билан жиҳозланган. Буюмларнинг жойлашиши ва ранг-тус борасида кўз толиқмас, деразалар пардаси яширган нақшин қора панжара ҳам дилга зил солмасди. Барча хоналарга оч сарғимтир қимматбаҳо юмшоқ гиламлар тўшалган. Уйдан ҳаловат уфураётгандай туюлади.
Анжелина енгил хонаки кийимда ошхонага қайтди. Халталардаги нарсаларнинг баъзиларини музлатгичга, қолганларини ойнаванд жавоннинг токчаларига жойлади. Сўнг шишали маъданли сув олиб, очқичда бир уринишда очиб, қайта омонат ёпди-да, қориндор аёқ(рюмка)ни қўшиб бармоқларида осилтирганча меҳмонхонага ўтди. Қўлидагиларни пастак столга қўйиб, диванга ястанди. Ҳузур билан нафас чиқариб, тин олди. Хиёл ўтиб, ёнидаги сочиққа юз-кўзини, бўйнини ҳафсаласиз артди, ҳатто бир-икки елпинди. Шишанинг қопқоғини осонгина олиб, аёққа сув қуйди – газсиз эди. Дарров ичмади, чамаси, музлатгичнинг «заҳри» сўнишини кутди. Тамаки тутатди. Шуурида тушликни бир нави амаллашдан ўзга ўй йўқ эди: нима есайкин?.. Тутун ёқмади шекилли, ярмидаёқ ўчирди.
Эриниб ўрнидан турди. Ваннахонага кириб, совуқ сувда юз-қўлини ювди. Артиниб, ошхонага ўтди. Энг аввал биттадан помидор билан бодрингни парраклади. Сўнг дўмбоққина колбасадан кесиб, тўрт бармоғича келадиган нон тўғрами устига босди. Помидор-бодрингга туз сепди. Музлатгични очиб, нақшинкор қоғоз ва думалоқ шишали тиниқ товланган коньяк олди. Жимит рюмкага қуйди-да, қўлида тутганча бирпас турди. Сўнг «куҳ» дея, бир ҳўплам майни тишлари орасидан симирди. Ортидан нон билан колбасани тишларкан, негадир афти жийирилди. Хаёлидан умрида нечанчи бор: «Тавба, буни шоколад билан қандай ичишаркин-а?» деган гап ўтди. Помидор-бодринг хуш ёқдими, бурнидан нафас олароқ, жағларининг шашти пасайди. Емишни тез тугатди. Унинг учун шу кифоя эди чоғи, бир аёқ маъданли сувни икки бўлиб симирди-да, яна маза қилиб тин олди. Дарров идишларни ювиб, тамаки тутатганча хоналарни кезинди. Кондиционерни ёқмай, деразанинг бир кўзини хиёл очди…
Телефон овозидан уйғонди. Кўзлари илк бор илғагани ойнанинг очиқ кўзи бўлди. Лекин ҳайрон эди: кундузи ухласа, кўпинча тушида ўша ўн икки метрли коридорни ва маҳкум ўрнида ҳамиша ўзини кўрарди. Бугун эса тирракдек қотибди, аммо ўлсин агар, рўёсига бирор сурат илинса! Бироқ телефон!.. Одатда бунақа пайтда «жирингламасди». Парда орқали ташқарига қаради: ҳали эрта. Ёлғизлик ҳеч нарса эмас, энг ёмони, ниманидир, ҳатто билган нарсангни ҳам, ўйлади у, кутиб яшаш экан. Аниқ ўшалар эканини сезгани учунми, баттар хотиржамлашиб, истаб-истамай гўшакни кўтарди. Қулоғига тутиб, бир муддат индамай турди.
Нариги ёқдан дағдағали овоз эшитилди:
– Алло, сен ўша корейс хотинмисан?!
Унинг ўнг қўли ниманидир қидиргандай силтанди, бармоқлари беўхшов тарзда бир-бирларини сийпаладилар, аммо юзида саросима ёки қўрқувдан асар ҳам йўқ эди.
– Ҳа, ўшаман, – деди ўзбекчалаб.
– Муҳаррамхон қорини сен отганмидинг?
Нима десин?! Лекин ўша маҳкумни эслади: водийлик диндорлардан. У пайтларда унақаларни диний экстремистлар дейишарди. Қандай топишдийкин-а?!.. Аслида улар аҳмоқ, кимга, кимнинг уйига таҳдид қилаётганларини билишмайди.
– Ҳа, мен! – деди «Бирор нарса қила олсаларинг, қанийди» деган маънода.
– Унда ўзингга «гроб» ясайвер, чала одам!..
2
Бир куни кечда уйга нохуш кайфиятда қайтдим. Меҳмонхонага кириб, аввал телевизорга ёпишдим. Хотиним феълимни биларди-ю, лекин барибир «Овқат ейсизми?» дея омонатгина, бунинг устига, писандали қараш қилди. «Йўқ», дедим-да, телефонимни титкилай бошладим. Қай мурватни босдим, билмайман. Мундоқ қарасам, Жела холанинг исми билан рақамлари чиқиб турибди-да. Учрашувимизни эсладим. Бирпас иккиландим-у, сўнг шошилмай рақамларни босдим. Кўнглим нечукдир янгилик истаётганини ҳис этдим. Мана, телефоннинг чақирувчи овози эшитилди. Хаёлан бу кампиршодан қанақаям яхши гап чиқарди, дейман ўзимча ҳаволаниб. Аммо ростини айтай, фақат яхши гап кутардим. Бешинчи чиранчиқ товуши ортидан телефоннинг бир лаҳза уни ўчиб, қулоғимга қатъиятли сўроқ урилди:
– Яна сизларми? – деди аёл ачиниш оҳангида. – Ахир сизларга айтдим-ку…
Тўғриси, қўрқиб кетдим. Бу ўз жамиятининг мақомини англаган ва «Бошқаларга зиёним тегиб қолмасмикин», деган иштибоҳдаги киши хавотири эди.
Шошиб телефонни ўчирдим. Лекин қизиқишим ортди: нега энди «Яна сизларми?» – деди. Балки душманлари бордир?!..
Эртасимиди, ишхонада ҳар кунгидек ғимирлаётсам, бирдан қўл телефоним сас берди. Қарасам, яширин, яъни рақами кўринмайди. Оҳиста тугмачани босиб, «алло», дедим.
– Сиз ўша жентельменмисиз? – Овоз шу қадар ёқимли эдики (кейинчалик унинг соҳиби ўша кампир эканини билиб, ҳайрон бўлганман), рости, ўзимга ишончим ортиб кетди.
Эсанкирадимми, ўзбекча салом бериб юборибман:
– Ассалому алейкум, Жела хола!..
– Ва алейкум ассалом, – деди у гўё ёш болага тақлид қилаётгандай. – Яхшиям исмимни унутмабсиз. Телефон қилганингиздан хурсандман.
Бу орада ўзимни анча ўнглаб олдим.
– Биласизми, Жела хола, – хаёлимда эса яна нима дейишимни ўйлайман. – Мен журналистман-да, ҳамиша янгилик қидириб юраман…
– Хотиржам гапираверинг, ўғлим. – Назаримда, унга мен билан гаплашиш ёқаётгандек эди.
– Кеча телефон қилганимда… – дея хавотиримни тушунтирмоқчи бўлгандим.
– Катта анҳор бўйидаги қаҳвахонани биласизми? – деди сўзимни кесиб.
– Ҳа, албатта.
– Эртага соат роппа-роса ўн бирда ўша ерда учрашсак, майлими?
– Майли, – дейишим билан телефоннинг уни ўчди.
Аммо у билан жуда-жуда гаплашгим келаётганини ич-ичимдан ҳис қилиб турардим…
3
У 1938 йилда туғилганини кейин билган. Балки «метирка»сига бу санани кимлардир тиркагандир. Ота-онаси ким, ким акаси иккисини Тошкентнинг машҳур «детдоми»(болалар уйи)га ташлаб кетгани унга ноаён. Агар уруш (Иккинчи жаҳон уруши) туфайли бу ёқларга олиб келинганларида, ака-сингилнинг ёшлари тўртнинг нари-берисида бўларди ва хотираларида сақланиб қоларди. Демак, улар шу ерлик – ўзбекистонлик бўлишган. Корейс эканликларини одамларнинг гапларидан, кейинчалик ақл топганларида исм-шарифларидан билишган: акаси – Леонид Хван, у эса, Анжелина Хван. Отларини ким қўйган, фамилияси кимники – буям сирлигича қолган.
Эслайди, ўша уруш йилларида ҳам ҳеч нарсага зориқишмаган – тўқ яшашган-да. Ким билсин, бу шунақа етимпарварми, болапарварми давлат эди шекилли-да. (Бу йилларда қанча-қанча одамлар қатағон қилинган, нечалари отилган. Уларнинг бола-чақаларини узоқ, совуқ ўлкаларга сургунга ҳайдашган.) Тўғри, жанг кетаётган юртлардан олиб келинган болаларнинг бир қисми «детдом»га жойлаштирилганда, емишлар тортилиб, жойлар торайгани рост. Аммо ҳеч қачон оч қолишмаган, асосийси, хотиржам яшашган. Уруш олови ичидан чиққан шўрлик норасидалар эса!.. Очликдан силласи қуриган, олайган кўзларида қўрқув кўланкаси қотиб қолган, ота-оналаридан, яқинларидан айрилиш (Балки улар кўз олдиларида ҳалок бўлишгандир), йўл азоби бутун вужудларини эзиб-ҳоритгани шундоққина кўриниб турарди. Жела бу нарсаларни кейинроқ хотираларини титкилаб англаб етган, унда эса нигоҳида ҳайратдан ўзга маъно йўқ эди: озиб-тўзган, қароғлари чуқурлашиб, олайган қизчалар, болакайларга дастлаб овқат, нон беришганида биратўла чангаллаб олишар, шу қадар шошилиб, очофатларча ейишардики, киши беихтиёр ачиниб кетарди. Унинг устига, идишни ҳам ютиб юборгудай алпозда ўз тегишларини еб битиришгач, ёнидагиларнинг емишларига ютоқиб тикилишарди. Очлик уларнинг ҳолу жонларини суғуриб олганди гўё ва ўзбекчасига айтганда, кўзлари тўймасди. Яхшики, бу кўйлари узоққа чўзилмади: кўп ўтмай, тинч, тўқ ҳаётга кўникишиб, чеҳралари хийла очилди, катталарнинг меҳриданми, баъзилари тез-тез кўз ёши қиладиган бўлишди. Кимларнидир соғинишарди шекилли-да.
Жела бир қизчага ачиниб-ачиниб қараб юрди (Унинг белорусиялик эканлигини кейинчалик билган). Нозиккина, малласоч, латта қўғирчоғини ҳеч қўлидан қўймайди, одамга мўлтираб боқади, ҳатто мижжаларидан ёш аримайдигандек йилтираб туради. Жела тенги, балки бир ёш-ярим ёш катта бўлиши ҳам мумкин, лекин мажикроқ.
Бир куни нонуштадан сўнг ташқарига айлангани олиб чиқишди. Қизалоқ қўғирчоғини бағирлаганча барчадан четда мунғайиб турарди. Жела унга аста яқинлашди.
– Қўғирчоғингнинг исми нима? – сўради меҳрибонлик билан.
– Настя, – деди қизча унга боқмай, қўғирчоғини қаттиқроқ қучаркан.
– Ўзингники-чи?
– Настя, – дея ғўлдиради яна.
– Ие?!.. – деб юборди Жела беихтиёр.
Ана ўшанда Настя унга қаради: қисиқ қора кўзли, қора соч қизалоқ хиёл жилмайиб, ҳайрон турарди.
Настянинг оғзидан «пиқ» этган товуш чиқди: бу йиғи билан кулгу ва қўрқув қоришиқ бир нарса эди.
– Онам қўйган исмини, хи-и.
– Сеникини-чи?
– Меникиниям. Биз адашмиз, хи-и…
Шу пайт кўчадаги «карнай»дан машҳур диктор Левитаннинг атрофни ларзага солган овози янгради:
– Диққат! Диққат! Москвадан гапирамиз!..
Илк сўз эшитилгандаёқ Настя бир қалқиб тушди, сўнг кўзлари олайиб, дир-дир титрай бошлади.
Барчанинг вужуди қулоққа айланганди.
– Немис-фашист босқинчилари буюк Ватанимиз юраги бўлмиш Москва остонасига етиб келди!..
Баъзи аёллар оғизларига кафтларини босиб, йиғлаб юбордилар. Ҳатто катта ёшли болаларнинг нигоҳларида ҳам қўрқув балқди.
– Биз, албатта, ғалаба қозонамиз! – дея сўзини тугатди Левитан.
Одамлар ичра ғала-ғовур қўпди: барча бир-бирига нималарнидир гапирар, ўзича исботлар, бироқ овозлар хавотирли эди.
Настянинг нигоҳида даҳшат қотиб қолган, қалтираб, нуқул «ҳиқ-ҳиқ» қилади.
– Немисларни кўрганмисан? – сўради Жела, бола эмасми, унинг дарди-дунёсидан бехабар.
– Ҳмм… – лаблари орасидан товуш чиқарди Настя.
– Жудаям қўрқинчлими улар?
– Ҳмм… Ка-атта-катта, тинмай бақиришади!.. – Настя қўғирчоғини кўксига қаттиқроқ босди. – Онамни иккитаси судраб кетишди, – деди болаларча аразли оҳангда. – Дод деб йиғласаям қўйворишмади! Кейин онам ўлибди!.. Акамни биттаси отиб ташлади…
Желанинг унга раҳми келиб кетди.
– Мениям акам бор, ҳали кичкина. – Чамаси, у «отиб ташлади» деган гапнинг маъносини тўла тушунмаганди. – Сенинг аканг-чи, каттамиди?
Настя чап қўлида қўғирчоғини ачомлаб, ўнгининг бармоқларини букиб, ўзича нималарнидир санади, кўз соққалари ҳам шунга монанд у ёқ-бу ёққа тебранди.
– Ўн ёшда эди, – деди сўнг.
– Акамдан катта экан, – дея беихтиёр унинг елкасига қўлини қўйди Жела. – Кейин аканг ўлдими?
– Ҳмм…
– Немислар ёмон экан! – Жела чўнтагидан конфет чиқарди-да, Настяга узатди. – Ма, попукли! – Бунақа қандни уларга «уруш болалари» келмасидан олдин кунора беришарди, биттасини неча кунлардан бери сақлаб юрганди.
Настя конфетни қоғозидан ажратиб, дарров оғзига солди-да, лунжини шишириб сўра бошлади.
– Ширинми? – сўради Жела ғилқ этиб ютинаркан.
– Ҳмм…
– Юр, акамнинг олдига, – деди Жела унинг қўлидан тутиб.
Шу-шу улар ўртоқлашиб, ҳамиша бирга юрадиган бўлишди.
4
Урушдан кейин одамлар бошқача бўлиб қолишди: бир-бирларига меҳрибонроқ, доимо яхши гап кутадиган, бир бурда нонини ҳам ким биландир бўлишадиган… Бу умидбахш онлар эди. Кимдир отасидан ёки эридан ажраганди – буни аниқ билса ҳам, кутишдан чарчамасди, йиғлаб туриб жилмаярди. Тирикларга эса туну кун интизор эдилар. Чунки бу халқ ғолиб бўлганди: ярим дунёни қон қақшатган фашизм балосини йўқ қилганди… Барча оқ ёки оч тусли либослар киярди ва қадамларини катта-катта босиб, шодон юрарди. Кўпинча кўзларидан ёш аримасди, лекин кулишарди. Радиокарнайлар Совет Иттифоқининг раҳбари, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг бош меъморини, коммунистик партия ва шўро халқини тинмай шарафлар, ортидан ғолибларнинг тантанавор куй-қўшиқларини тиндирмасди… Бир неча йил шу тақлид ўтди.
Бу орада «детдом»чилар ҳам Сталин ва фирқа ҳақида шеърлар айтадиган, айтимлар хиргойилайдиган бўлишди…
Жела билан Настя ҳамиша бирга эдилар. Энди улар ўсмир – қошу кўз, юзларида бўй қизларнинг нуқси кўрина бошлаганди. Одамларда фақат яхшиликни кўриб-гумонлашар, одамхўр фашистлар хаёли Настяни қарийб тарк этганди, ҳатто кейинги пайтларда кўп китоб ўқийдиган, бекитиб-нетиб шеърлар қоралаб юрадиган бўлиб қолганди. Буни бошқалар тугул, Жела ҳам билмасди. Фақат унинг акаси Леонид-Лёняга рўпара келганида кўйи ўзгарар, ичидагиларни бировга ошкор этиб қўяётгандек туюлаверарди…
Бир куни Жела тушликдан чиқаётганида, эшик олдида, гўё шунча болалар ичида унигина кўраётгандек, бош ошпаз Ринат чорлаб қолди. Уни ҳамма қатори танир, тўқнаш келса, ёши катта эмасми, устозлар ўргатганларидек салом бериб ўтарди. Лекин ўзини танишини ўйламаганди ҳам.
– Анжелина, – деди у исмини тўлиқ айтиб, қачонлардан бери уни ҳеч ким бундай атамаганди, – буёққа кел.
Сочлари тим қора, оқ юзи силлиқ, оҳудек қизалоқ кўпчиликдан ажралиб, Ринатга яқинлашди. У шундайин «муҳим одам» (Ахир емак-ичмак масаласи ҳамон биринчи ўринда турарди-да) чақираётганидан хурсанду шодон сакраганча, унинг ёнига борди.
– Яхшимисан? – дея сўради Ринат негадир кўзлари йилтираб, шунинг ортидан ён-верига олазарак қараб қўйди. Ўнг қўлида ниманидир ортига яшириб турарди.
– Раҳмат, Ринат амаки, – деди қиз шаталоқ отишга ҳозир бузоқчадек. Қанақа амаки, шунчаки Ринат деявер. – Бош ошпазнинг афти росмана буришди. У ўттиз беш ёшлардаги оқ-сариқ юзли келишган йигит эди. Негадир урушда қатнашмаганди, у вақтларда буни суриштириш элда одатлигидан ҳамма ҳайрон бўларди.
– Мана бу сенга, – деди яширганини – бир қаричдан мўлроқ цилиндрсимон рангли нарсани узатиб. Бу танқис печенье эди, ҳар ким ҳам ейишга имконли эмасди.
Жела қўлини узатди-ю, таққа тўхтади.
– Нима учун? – деди шодон овозда.
Ринатнинг кўзлари баттар чақнади.
– Чунки… Чунки яхши қизсан, чиройли қизсан! – дея ғалати ютинди. Унинг нигоҳидаги олов қизалоқнинг этини бир лаҳза жимирлатди.
– Раҳмат, – деди-ю, инъомни олди. – Раҳмат, Ринат амаки!
Ортидан бош ошпазнинг умид қоришиқ жарангдор овози эшитилди:
– Қанақа амаки, Жела! Сени қара-ю!.. – аччиқ билан ёнига туфлади. – Нима керак бўлса, тортинмай сўрайвер! – дея қўшиб қўйди.
Ташқарида гитара елкалаган акасига йўлиқди: у тушликдан чиқиб, созини олган-у, қаёққадир отланганди.
– Юр паккамизга! – деди инкор этиб бўлмас оҳангда.
– Майли, – деди Жела ҳамон осмонларда учганча, – лекин Настя…
– Ҳа, айтгандай, Настя қани? – сўради Лёня бинонинг орқа тарафига юраркан.
Жела унга эргашиб, айнан шу гапни кутгандек муғомбирона жилмайди.
– Кейинги пайтда Настяни кўп сўрамаяпсанми, Лёня?!
Акаси, дарахтлар аро йўлкадан боришаркан, туйқус тўхтаб, безовта ғимирлади, гитарасининг торларини устихонига қўшиб чангаллади.
– Ҳа, нима қипти?! – деди укасини алдамоқчи бўлган ўспириндай? – Яхши қиз, чиройли!
– Шуни айтаман-да, чиройли-да! – Жела қўлидаги антиқа қутини акасига тутди. – Ейсанми?
– Ў-ўў… и-ии, алламбало-ку… – Лёнянинг кўзлари чақнади. – Қаердан олдинг?
– Э-ээ, Ринат берди. Амаки десам, ёш…
– Ошпазми?
– Ҳа, – акасидан қандайдир бошқача гап кутибми, синчков қараш қилди Жела.
– Уни ёмон одам дейишади. Ўзига ишонқирамайроқ деди у.
– Нега? – деб юборди қизалоқ Ринатнинг тарафини ола бошлаганини ҳам сезмай.
Лёня қўлидаги печеньени «қирс» эткизиб тишлади, аммо нигоҳи ўйчан эди.
– Озиқ-овқатимиздан ўғирлармиш, – деди еётганининг қолганини оғзига тиқиб. – Тағин билмадим.
– Ёлғон бўлса керак… – дея қўлини силтади Жела акасига яна печенье узатиб. – Унақа бўлса, менга манавинақа қиммат нарсани берармиди, текинга?!
– Бу гапларни қўй! – Леонид гитарасини тинғирлатаркан, асосий бинога тикилиб қолди.
Сингил индамай печенье ямларди.
– Жела, – деди акаси аллақандай майин куйни бармоқларидан учириб. – Бизнинг ҳам ота-онамиз, уйимиз бўлганмикин-а?!
Желанинг жағи тинди-да, акасига мунгли боқаркан, беихтиёр оҳанг оғушига сингди.
– Энди-чи, энди бўлармикин, ака?! – дея куйнинг тўхтамаслигини истади.
Лёня унинг гапини эшитди, аммо парво қилмай, созини авжлантирди. Ортидан ёқимли овозда русча қўшиқ куйлай бошлади:
– Учиб кетар турналар ахир,
Биз қоламиз маҳзун, кўзда ёш.
Соча бошлар аёзлар қаҳр,
Узоқлашар бизлардан Қуёш.
Қайда бадар ота-онамиз?
Биз оҳлари самолардамиз!
Лёнянинг овози дилчертар ва ҳазин эди: нақоратни нолавор оҳангда бир неча бор қайтарди. Унга қўшилиб, Жела ҳам ўзича минғирларкан, юраги эзилиб, инграётганини ҳис этди. Акаси қўшиқ сўнгида созига зўр бериб, савдойиларча силтана-силтана куйни тугатди.
Жела унинг қўлларига, гитарага маҳлиё бўлиб тикиларкан, паст овозда хиргойи қиларди:
– Қайда бадар ота-онамиз?
Биз оҳла-арии са-амоо-ла-арда-амиз!..
Кўзларининг остида ёш йилтиради.
– Шеъри кимники? – сўради мунгли хаёллар етовида вужуди ўртаниб.
– Ўзимники.
У чўчиб уйғонгандек «ялт» этиб акасига қаради.
– Нима?!
Лёня гердайиб, қошларини керди.
– Ҳа, нима, сиз аллақандай ақлли китоблар ўқиганда, биз ҳеч йўқ шеър тўқиёлмаймизми! – деди шўхчан жилмайиб.
– Зўр! Куйиям ўзингникими, а, ака?
– Ўзим… ўзимники.
Жела бирдан ўзгариб, Лёняга эркаланиб суйкалди.
– Менгаям гитара чалишни ўрга-ат! – деди ялингандай.
– Йўқ, сен яхшиси китобингни ўқи, – дея зўраки дўқ урди ака.
– Э-э, Лермонтовнинг «Замонамиз қаҳрамони» кутубхонамизда йўқ экан. Адабиёт ўқитувчимиз дарсда айтганидан буён роса ўқигим келади. Лекин… – У тағин акасига ёпишди. – Бу гапларни қўй энди. Гитара чалишни ўргата қол, жо-он, ака!
Лёня синглисини жуда яхши кўрар, гоҳо қаттиқ-қуруқ гапирса ҳам, уни кўрди дегунча бағри сим-сим эрирди. Балки ўзидек ғирт етимча, бирор яқини йўқлигини ўйлаб, раҳми келармиди? Ўзи эса… Бу ўғил бола-ку, ахир! Боз устига, Желани яхши билади, бир мақсадни олдига қўйдими, унинг уддасидан чиқмагунча тўхтамайди.
– Бўпти-бўпти, – деди нигоҳи билан синглисини эркаларкан, торларга бармоқ уриб. – Мана, қара!.. – У нималарнидир тушунтиришга тушди.
– Менга ҳозирги қўшиқнинг куйини ўргат. – Жела торларга қўшилиб кетгудай ҳаракат қилди. – Тезроқ, сўзларини ўзим биламан.
Бино томонда Настя кўринди. У аввалига ниманидир қидираётгандай меровсираб пайдо бўлди-ю, уларни кўргач, шу тарафга чопди.
– Лёня, Жела, қайларда қолдингиз? – дея нафасини ростлашга уринди у. – Мен сизларни қидириб юрибман.
– Нега? – Лёнянинг бу саволида «ўзинг қаерда эдинг», «нега шу пайтгача кўринмадинг» каби маънолар, нигоҳида эса, «хайрият, келдинг» қабилидаги таскинли соғинч мужассам эди.
– Ие, Жела гитара чаляптими?
– Чалгани йўқ, ўрганяпти. – Лёня дунёни унутиб, фақат торлар оғушида чийралаётган синглисига яна бир нималарни тушунтирди. Лекин кўзларини Настядан узолмасди.
Қиз Желанинг ёнбошига ўтирмоқчи бўлганди, у қўл ишораси билан тўхтатди.
– Сен шуларни ўрганиб тургин, – деди Настяга кўзини қисиб. – Биз тез қайтиб келамиз.
Жела ҳеч нарсани кўрмасди, фақат торлар билан овора эди. Гитарани қучволиб тинғирлатарди холос.
– Майли-майли, – деди-ю, лекин сўзларининг маъносини шууридан ўтказмаётгандек эди. – Фақат тезроқ қайтинглар. – Бармоқлари торларни эски танишлардек чертарди.
Жела қайсар, ўзига яраша романтик: кўп китоб ўқишини-ку, қўйинг, бирор шеър ёқиб қолса, дарров ёдлаб олади. Бунинг учун кўпам чиранавермас, ҳаммаси ўз ҳолича табиий кечади. Хотираси шунақа ишлайди-да. Қизиғи шундаки, унинг юз-кўзида меҳр-муҳаббат яққол балқиб турар, биров ёқимли шеър ёки қўшиқ айтса, китоб ўқиса, айниқса, совға қилса, дунёдаги энг яхши одам туюлиб, унга боғланади қолади.
Аввал ҳечам гитара чалмаганди, ҳатто ҳаракат ҳам қилиб кўрмаганди. Акасининг тинғирлатишларини, қўшиқларини эшитиб, жимгина ўтираверарди. Бугунги куй ҳам, айтим ҳам қалбини бошқача чертиб, туйғуларини қўзғатиб юборди. «Об-бо Лёня-ей, тузуккина шоир, бастакор бўп қопсан-у», дея хаёлидан ўтказди-ю, соз чалишни ўрганмаса бўлмаслигини ҳис этди…
Шу ўтиришида кечки овқатни ҳам унутди. Акаси билан Настя эса қайтишмади. Балки бирор панароқ жойдан уни кузатиб, маза қилиб кулишгандир, уринишлари жиддийлигини кўриб, халақит бергилари келмагандир. Ким билсин! Лекин тўғри қилишганини кейинроқ англашди.
Жела «Қизил бурчак» (Шўро даврида тарғибот-ташвиқот, коммунизмни улуғлаш учун шунақа жойлар ташкил этиларди. Уларда керакли китоб ва анжомлар териб қўйиларди) хонасига кириб келганида, кўзлари дунёни ўт олдиргудай ёнарди. Унинг қорни очлигини акаси билан Настя ўйлашарди-ю, аммо ўзи буткул унутганди.
– Жела тамадди қилиб ол, – дея Настя икки бўлак нон ва усти ёпиқ косани, тарғибот анжомларини жилдирмасликка уриниб, столнинг бор четига қўйди.
Жела унга эътибор бермади-да, гитарани бағрига босди.
– Эшитасанми, Лёня? – деди рад этиб бўлмас оҳангда, типирчилагудай.
Акаси билан Настя бир-бирларига маъноли қараб олишди.
– Қани-қани, шогирд, бир ҳунарингни кўрсат-чи, – дея Лёня жиддий ҳакамдек стулга ястаниб, қўлларини кўксида қовуштирди.
– Ҳа-ҳа, Жела, айт-айт, – деб Настя унинг ёнига ўтирди.
Жела фақат гитара ва қўшиқ билан овора эди, кўзлари савдойиларча боқарди.
– Эшитинглар, – деди мусиқани авжли бошлаб ва берилиб куйлашга киришди:
– Учиб кетар турналар ахир,
Биз қоламиз маҳзун, кўзда ёш.
Соча бошлар аёзлар қаҳр,
Узоқлашар бизлардан қуёш.
У кўзларини юмганча, торларни аёвсиз урар, бутун борлиғи билан оҳангга қўшилиб кетгандек эди.
– Қайда бадар ота-онамиз?
Биз оҳлари самолардамиз!
Настя юм-юм йиғлар, Лёня эса анграйиб қолган, нигоҳи ҳайрат, фахр, меҳр ва мунг қоришиқ йилтирарди.
Қўшиқ тинди. Настя энтикиб чапак чалиб юборди.
– Қалай? – деди Жела акасига боқиб, дил-дилидан унинг ҳукмини кутаркан.
Лёня бирпас жим турди-да, – Сени қара-ю, – дея мот бўлган киши алпозида қўл силтади. – Шунча талантинг бор экан, яшириб юрибсанми ҳали! Мен бу қўшиқни неча кунда тайёрлаганимни биласанми!..
– Вой, хайрият-ей! – Жела бутун танасини бўшаштириб, ҳузур ила нафас чиқарди. Кейин эса гўё ҳеч нарса бўлмагандай ўрнидан турди. – Шуям иш бўпти-ю… – дея ўнг кафтини қорнига босди. – Бирам қорним очди-ки!..
Унинг ҳаракатларидан ҳам ҳайратланиб, ҳам завқланиб ўтирган Настя бир нарса эсига тушгандай сапчиди.
– Ҳа-я, – деди негадир ҳаммаёғини пайпаслаб. – Мана, овқатланиб ол. Ол-ол, гитарачи!..