Czytaj tylko na LitRes

Książki nie można pobrać jako pliku, ale można ją czytać w naszej aplikacji lub online na stronie.

Czytaj książkę: «Қора қузғун»

Czcionka:

Тоғам Раҳматилла Ўроқов хотирасига бағишлайман


1

Жиноят тафсилотлари битилган ҳужжатларга кўмилган терговчи бошини қоғозлардан кўтарганида тун ярмидан оққанди. Ўгирилиб деразадан ташқарига қаради – ҳеч нима кўринмади. Кўксида бир ҳадик ўрмалагандек бўлди. Хаёлида кимдир дераза ортидан ойнани қора парда билан тўсгандек бўлиб туюлди: «Одатда жиноятчилар бировнинг жонига қасд қилмоқчи бўлсалар, дераза дарпардаларини тушириб қўядилар!» Кўзини деразадан узиб, эшикка қарашга юраги бетламай турди. Ундан хотинлар пайпоғини бошига кийган жиноятчилар отилиб кирадигандек гўё, юраги увишди. Яхшиям шу пайт телефон жиринглаб қолди-ю, бадбин хаёллар уни тарк этди.

– Алло, Акмал ака? – хотинининг бир оз ташвишли овози эшитилди гўшакдан. – Ҳалиям ишхонадамисиз?

– Ҳозир кетмоқчи бўлиб тургандим.

– Бир оз хавотир олдим. Қуюқ туман тушибди, машинани эҳтиёт бўлиб ҳайданг! – У қисқа-қисқа гудок бера бошлаган гўшакни яна бир муддат тутиб турди-да, сўнг жойига қўйди.

Акмал куни бўйи сирли жиноят тарихи битилган қоғозларга кўмилиб арзирли бир ечим топа олмади. Терговчи сифатида қаёққа боришни ҳам, нима қилишни ҳам билмай боши қотиб турганди. Энди эса уйга бориши, илиққина душ қабул қилиб, озгина тин олиши мумкинлигини англади. Хотинининг қўнғироғи аямажуз қишнинг қаҳри синган пайт баҳор дарагини олиб келган қалдирғочнинг ташрифи каби ҳорғин руҳига илиқлик солди.

Ташқари анчагина совуқ экан. У пальтосининг ёқасини кўтариб олди. Кейин туманнинг қалинлигидан деярли кўринмай қолган йўлни тусмоллаб қадам босганча машинаси томон қараб кетди…

2

Акмал уйига келгач, иссиққина душ ҳақидаги қарорини бекор қилди. Овқатга ҳам иштаҳаси бўлмади. Қизиқ, вужудида чарчоқ, руҳан толиққан, қовоқлари зил-замбил бўлишига қарамай, нимагадир ухлашга ҳам ҳуши бўлмайди. Шундан, ётоқхона эшигини оҳиста очди-да, уни кута-кута ухлаб қолган хотинига термулиб бирпас туриб қолди. Йўлакдан тушган нур ёруғида кўкси очилиб, қора халати остидан ич кийими оқариб кўриниб турган, тим қора сочларини елкалари узра паришон ёйганча ухлаб ётган хотини шу дам кўзларига баайни қалдирғочга ўхшаб кўриниб кетди.

Шу асно хаёлидан «ялт» этиб бир фикр кечди: «уни деярлик ҳар кеч шу алфозда кўраман. Нега энди, келиб-келиб шу бугун қалдирғочга ўхшатдим? Бояги қўнғироғи боис, албатта! Тўхта-тўхта! Ҳм-м-м-м, демак…».

Акмал бир неча кундан бери ўзини қийнаб келаётган бир жумбоққа ечим топгандек бўлди. Жиноят жойидан топилган ён дафтарча, тўғрироғи «Ром» дея бошланиб, бир неча мантиқсиздек туюлган жумлалардан иборат ёзувни кўз олдига келтирди. У бу топилмани бир-икки кўздан кечириб, кейин жиноятга алоқаси йўқ, деган ўй билан эътиборидан соқит қилганди. Ҳозир эса, бир неча банддан иборат жиноят тафсилотларидан топа олмаган мантиқни шу парчагина варақда кўргандек бўлаяпти.

Хаёлини бир жойга қўйиб, фикрини йиғиб, муаммога тўла ойдинлик киритиш мақсадида, ётоқхона эшигини қанчалар оҳиста очган бўлса, шундай беозор ёпдида, китобхонасига кириб кетди.

3

Акмал эрталаб жиноятга боғлиқ барча ҳужжатларни олиб кетганди, аммо ишхонага келиб ён дафтарчани столи устида унутиб қолдирганини сезди. Асабийлашмади, чунки ўшанда у дафтарчанинг бу жиноий ишга алоқаси йўқ деган қатъий фикрда эди. Ҳозир эса уни варақларкан, унутиб қолдирганим яхши бўлган экан, деб хурсанд бўлиб қўйди. Кейин, ўша жумбоқ сатрлар битилган жойни шошилмай ўқий бошлади: «Ром». Бургут боласи чумчуқ+ ўхшаб яшамас= к|к. Олтин\ чибин нафси ҳак-к отса ўргамчак тўр. туш. Ўз= бино қил/ уй = девор. ёриғи+ чаён чиқ. нишини санчимоқ бўла. Оёқ остинг. илон чумчуқ полапон. ютмоқ пайида Калтакесак думига бевафо. Бўталоқ тўпи+ ажра/ қ… гўшт/ чўқ.

Акмал талабалик чоғи лекцияларни ёзиб олишга улгуриш учун қўлланиладиган белгиларни хотирасида тиклаб, матнни қайта-қайта ўқиди. Фақат чатилиб кетган сўнгги сўзлардан бирини ҳисобга олмаганда жумлалар мазмунини деярли фаҳмлади. У қисқартма сўзлардан ҳосил бўлган маънони тоза оқ қоғозга қуйидаги тарзда ифодалади:

Бургутнинг боласи чумчуққа ўхшаб яшамаслиги керак. Олтинлиқ чибин нафси ҳакалак отгани туфайли ўргимчак тўрига тушади. Ўзинг бино қилган иморат деворининг ёриғидан чиққан чаён нишини санчмоқчи. Оёғинг остида ўрмалаб юрган илон полопонингни ютмоқ пайида. Калтакесак думига бевафо. Туянинг боласи тўпидан ажраса қ.... (?) гўштини чўқийди.

Бу ҳақиқатдан ҳам кимнингдир тақдирига очилган «ром», – ўйлади терговчи, кейин олдидаги оппоқ қоғозга: «Фолбин ким?» деб ёзди-да, катта сўроқ белгиси қўйди. Буниси ҳали номаълум. Аммо у ўта закийлик билан мижозининг қисматини зарбулмасалда ифода этгани аён. Акмалнинг мушоҳадаси яна бир саволга бориб тақалди: «Мижоз ким?» Мантиқан олиб қараганда, – фикрлашда давом этди Акмал, – мижоз ён дафтарча соҳиби. Демак, «ром» – сирли жиноят қурбони, бир кечада дом-дараксиз йўқолган Жобирбекка аталган.

Акмал, юқоридагилардан келиб чиқиб, жиноятни очиш йўлини қуйидаги тенгламада изоҳлади: «Ёндафтарча билан «ром» бир одамга, яъни мижозга тегишли. Мижоз – жиноят қурбони Жобирбек! Гепотеза – аксиомага тенг. Аксиомани эса аниқлаш керак», деб қоғозга яна битта сўроқ белгисини қўйди…

4

Энди ўқувчиларимизга ҳикоямиз қаҳрамони Акмал ва у тергов олиб бораётган жиноий иш ҳақида маълумот бериш пайти келди.

Акмал шаҳар ички ишлар бўлими терговчиси. Қорачадан келган, бўйдор йигит. Дзю-до билан боксдан ташқари, спортнинг шахмат турига ўта ишқибоз: «Шахмат ақлни пешлайди, ақл мураккаб масалаларга ечим топишда қўл келади» деб ҳисоблайди. Оилали, битта фарзанди бор. Яқинда, эскироқ бўлса ҳам, машина сотиб олди. Энг муҳими ўз ишининг устаси. Фаолияти давомида, унга топширилган бирон-бир иш очилмай қолмаган. Ухламаса-ухламайдики, лекин жиноятнинг тагига етмай қўймайди…

Шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғининг хонасида йиғилганлар бир неча номзодлар ичидан ана шу йигитнинг шахси устида тўхталишди: «Менга маъқул!» – деди кўзойнакли барваста киши. Ҳамма унинг жавобини кутиб турганди. Аттестация комиссияси бир овоздан Акмалнинг номзодини, шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими бошлиғи лавозимига маъқуллади.

Ички ишлар вазирлиги академиясида бир ой малака ошириб қайтган куни, уни зудлик билан шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи ҳузурига чақириб қолишди. Ўзига қолса, янги ҳафтадан янги лавозимда ишга чиқмоқчи эди. Оиласи билан қишлоққа ўтиб келишни мўлжаллаганди. Аммо, ота-онасини зиёрат қилиб келиш режаси бир оз орқага суриладиган бўлди.

– Зудлик билан пойтахтга жўнайсиз,– деди шаҳар ички ишлар бўлими бошлиғи, салом-аликдан кейин. – Бугун, шаҳримиздаги нуфузли корхоналардан бирининг директори Жобирбекнинг бир ҳафтадан бери дом-дараксиз экани ҳақида маълумот олдик. Бизга унинг дўсти Шосалим мурожаат қилди.

Айтишича, Жобирбек «Ёшлик» пансионатида даволанишда бўлган. Бир ҳафта бурун хонасидан чиқиб кетганича қайтиб келмаган. Ҳозирча қўлимизда бор маълумотлар шулар. Сизга пансионат жойлашган район милицияси ҳамкорлик қилади.

Акмал жиноят ҳақидаги дастлабки маълумотларни ён дафтарига ёзиб олгач, бошлиққа қараб қаддини ғоз керди:

– Кетишга рухсат беринг, ўртоқ майор!

– Худо ёр бўлсин! – деди бошлиқ, кейин Акмалнинг қўлини маҳкам, аммо самимий сиқиб хайрлашди.

5

Акмал бу иш шу қадар чигал эканини дастлаб хаёлига ҳам келтирмаганди. Шу боис пойтахт аэропортидан таксига ўтириб, пансионатга кетаркан, хаёлини ўзга бир кечинмалар банд этганди: «қизиқ, деди у бошини чайқаб, кеча кетгандим, бугун эса яна пойтахтдаман. Бу тақдирнинг туҳфаси бўлса керак!» Ахир, бир ой малака ошириш даврида, бир-икки сайлгоҳга чиққанини эътибордан соқит қилганда, кўргани фақат Академия ҳовлиси-ю, машғулот хоналари бўлди.

Машина ойнасига юзини босиб, шаҳарни томоша қилиб борар экан, у Тошкентнинг бундан ўн йил бурунги турқи билан бугунги қиёфасини хаёлан муқояса қилди: «Жудаям ўзгариб кетибди. Йўллар кенг, равон. Йирик, муҳташам бинолар қурилибди».

Талабалик чоғи, квартира излаб шаҳарнинг айтарлик барча маҳаллаларига бош суқиб чиққан. Шундан, шаҳарни жуда яхши биламан деб ўйларди. Ҳозир танимади. «Ажабо! Бор-йўғи ўн йил ичида шунча ўзгариш!»

Бир куни дарс ва машғулотлардан кейин уларни боғда ишлатишди. Чойхонадаги ишкомнинг битта токи қовжираб, барглари сарғая бошлаган экан. Ҳашарчилар бир овоздан токни кесиб ташлашга қарор қилишди. Шу пайт ўринбосарлари қуршовида генералнинг ўзи келиб қолди. Паст бўйли, миқтидан келган бу одамни у ўшанда биринчи марта кўрди. Унинг ҳақида эшитган мақтов гаплар рост эканига ишонч ҳосил қилди.

– Наҳотки муаммонинг бошқа ечими бўлмаса? – деди у, токни кесишмоқчи эканини эшитиб. – Уни даволаш керак. Токнинг илдизларини зангга тўйинтириш лозим!

Тўғриси, Акмал ҳам, бошқалар ҳам генерал айтган сўзларнинг мазмунига унчалик тушунишмади. Шу боис бошлиқдан кўрсатма кутиб жим туришаверди. Генерал тўдадан учта йигитни ажратиб, автопаркдан занглаган темир-терсакларни йиғиб келишга юборди. Қолганлар токнинг атрофини кавлаб илдизини очиб турди: «Тайёр бўлган ўрани сув билан тўлатиб, сўнг эски темиртерсакларни ташлаб кўминглар» деб топшириқ бердида, генерал кетди…

Барча ишлар қилиб бўлинди, аммо ҳамма ҳайрон – нима иш қилишганини билишмасди. Барчанинг кўнглидан кечаётган бир фикрни Николай деган капитан йигит баён қилди:

– Ребята, генерал нас здорова розûграл!

Николайнинг хулосаси уч кунча умр кўрди. Одатдаги тушлик маҳали уларнинг кўзлари ўзлари ишлов берган токка тушди. Ажабо! Токнинг танаси жонланиб, барглари ям-яшил тусга кирган эди.

Акмалнинг генерал ҳақидаги ана шу илк таассуроти, кейинчалик машғулотлар чоғида янги-янги тафсилотлар билан бойиди.

– Милиционернинг асосий вазифаси профилактик иш бўлиши лозим, – деган эди у бир машғулот чоғи, худди ўша ток воқеасини эслатмоқчи бўлган каби. – Жиноятнинг оқибатини дўхтирлар, нари борса гўрковлар ҳал қилишади. Биз унинг сабабларини топиб бартараф этишимиз – жиноятдан жиноят урчимаслигининг олдини олишимиз даркор.

Шофёр халқи машинага ўтирдими бас, кўзлари йўлда, қўллари рулда, оёқлари педалларда – қўйингки, танасининг барча аъзолари иш билан банд бўлади. Фақат битта аъзоси бундан мустасно – тили. Мижозлар билан ундан-бундан ҳангомалашиб кетишни хуш кўришади: «Узоқ йўлнинг танобини тортишнинг маъқул йўли шу», дейишади улар.

Такси ҳайдовчиси боядан бери миқ этмай шаҳарга маҳлиё бўлиб келаётган мижозига бир-икки қараб қўйди-да, кейин ўртадаги сукунат кемтигини тўлдирмоқ бўлдими ёки ўзини чалғитиш учунми, ёнбошида турган радиоприёмникнинг мурватини буради. Тиниқ, дилрабо куй тарала бошлади. Шофёрнинг бу иши Акмалга хуш ёқди. Чунки, боя у қуруққина тасвирларни томоша қилиб кетаётганди. Энди эса кўз ўнгида куй ва тасвир уйғунлашган манзаралар янада жозибали кўрина бошлади. Шу чоғи, беихтиёр фарғоналик ҳофизнинг «Тошкент» деган қўшиғини эслади:

«Донингни еган чумчуқ қайтиб келар Маккадан»…

Машина пансионатга яқинлашиб, тезлиги секинлашди. Акмал қўшиқ таъсиридан чиқди. Идрокини энди дом-дараксиз кетган инсон тақдири билан боғлиқ кечинмалар банд эта бошлади. Жиноят содир бўлган ҳудудга илк қадам босаркан, хаёлидан кечган дастлабки фикр шу бўлди:

– Тирик бўлса қайтади, қайтмаса излаб топамиз!..

6

Акмал тунни бедор ўтказган кеча шаҳардаги яна бир уйда чироқ ўчмади. Столдаги тунги лампа ёғдусида деворда каттакон бир соя акс этар: у тинмай папирос тутатар эди. Нуқул уф тортар, оғир-оғир хўрсиниб қўярди. Гоҳида, асабий бир ҳолатда сапчиб ўрнидан туриб кетар, гўё хона сатҳини қадамлаб ўлчамоқчи бўлгандек, тинмай у ёқдан-бу ёққа юрарди.

– Барчасини яна бир бошдан ўйлаб кўриш керак!

Улкан соя хонанинг ўртасида тақа-тақ тўхтади. Кейин мулойим курсига ўзини ташлади-да, галдаги сигаретани ўт олдиришга тутинди. Гугуртни чаққанида «пов» этиб яллиғланган оловнинг шуъласида бир жуфт қонталаш кўзлар унга тикилиб тургандек туюлди. Қўрқувдан бақириб юборишига оз қолди. Шоша-пиша ўтни пуфлаб ўчирди. Кўзларини чирт юмиб, қалтироғи босилгунга қадар қимир этмади: «Даҳшат! Бу қандай тизгинсиз азоб? Наҳот бу энди мени бир умр таъқиб этса!?»

Шарпа ўз онгини ана шундай саволлар тўри билан чирмар, кейин ўзига-ўзи тасалли бера бошларди.

– Дунёда одам ўлдирган битта сенми? Нима мунча қалтирайсан? Тур-э, эркакмисан ўзи?! Ҳадемай ҳаммаси унут бўлади: бундан кўра этагингни ёпиб, жиноятнинг мисини чиқармаслик чорасини қилсанг-чи! Бундай лаллайиб юрсанг ўзингни-ўзинг ошкор қилиб қўясан-ку!

Шайтони шивирлаган таскин сўзлар кор қилди. Ботинида кечаётган ғалаёнлар бир оз босилди. Боядан бери кафтида ғижимланиб қолган сигаретани ташлаб, янгисини олди. Тутатди. Ютоқиб-ютоқиб тортди. Ўша куни бўлиб ўтган воқеани бошдан-оёқ хотирасида тиклай бошлади…

Вайроналар ичра қўним топган кўр қушга ўхшаб узлатга чекинган, ним қоронғи хонадан паноҳ топиб зулматдан таскин излаган бу кўршапалакнинг кимлиги номаълумлигича қолди. Буни сиз бадиий приём деб қабул қила қолинг. Мен эса, «тунги лампанинг ғира-ширасида юзини илғаб бўлмади, узр!», дейман. Қолаверса, уни мен эмас, терговчи фош этиши лозим…

7

Акмал пансионатда «йўқолди» деб тахмин қилинаётган шахс билан боғлиқ барча тафсилотларни синчиклаб ўрганди. Даволовчи врач, навбатчи ҳамшира, ҳаттоки пансионат боғбони ҳам кўрсатма берди. Жобирбекнинг хонада қолган барча лаш-лушлари ашёвий далил сифатида олинди. Хулласи калом, криминалистлар, кинологлар, анализ олувчилар қилиши лозим бўлган барча ишлар бажарилди. Ҳамма сўроқ қилинди. Жонсиз буюмлар-ку майли, аммо тилли-забонли кишиларнинг берган кўрсатмалари ҳам бир пулга қиммат эди. Қизиғи шундаки, Жобирбек бир ҳафта ичида барчанинг назарига тушиб улгурган, «оқкўнгил бойвачча», деган лақаб олишга ҳам муваффақ бўлган, аммо ғойиб бўлган куни уни ҳеч кимса кўрмаган.

Жобирбекнинг сирли равишда йўқолиб қолиши, пансионатда уни таниган одам борки, барчани изтиробга солганди. Ҳамма унинг ташвишида эди. Бу уларнинг гап-сўзларидан, ачиниш ҳисси билан боққан кўзларидан англашилиб турарди.

– Бирам яхши одам эди бояқиш, пулдор эди, аммо зинҳор кеккаймасди. Мартабали эди, аммо камтарин, пўрим кейинарди, асло кўз-кўз қилмасди, – дея унинг одамий сифатларини бир-бир санади пансионат ходимларидан ёши ўтиб қолган бир хотин.

– Қизларнинг ҳаммаси унга ошиқ эди: барчамиз унинг эътиборини қаратиш учун минг ўлиб, минг тирилардик, – деди, бунақа гапларни ошкора, уялмай айтиши мумкин бўлган ҳамширалардан, сариқ соч мовий кўзли қиз Ирина. – У шунчалар ахлоқли одам эдики, ҳаммамизни рад қилган, шу қадар одоб билан рад қилганки, ҳеч қайсимиз ранжимаганмиз, – деб қўшиб қўйди у.

– Одамга етмиш икки ҳунар ҳам оз эканини шу йигитда кўрдим,– дейди боғбон, таассуф билан бош чайқаб. – Эссиз, эссиз! Рубоб чаларди, қўшиқ айтарди. Кези келганда боғ ишларига ҳам қарашиб юборарди. Ҳамма нарсага вақт топарди. Илоё жони омон бўлсин!..

Хуллас, шу ва кўплаб шу каби маълумотлар жиноий иш ҳужжатларида акс этди. Терговчи уларни эринмай ёзиб борди. Бу битиклар терговга асқотадими, йўқми – билмадим-у, аммо менга қўл келди. Шу баҳона қаҳрамонимизнинг шахси ҳақида ўқувчиларимизда бир оз тасаввур уйғотдик. У ўзгалар наздида ана шунақа одам эди. Яқинларининг-чи?..

8

Шосалим Жобирбекнинг жон дўсти. Яккаю ягона сирини ишонган кишиси. У деярли ҳар куни Жобирбек билан бирга бўларди. Кези келганда шотири, кези келганда маслаҳатгўйи – бир сўз билан айтганда омадли дўстининг ортидан соядек эргашиб юрар, садоқат билан хизматини қиларди.

Ўша куни унга телефон қилиб, дўстининг ғойиб бўлгани ҳақидаги гапни етказишганида, кутилмаган бундай совуқ хабардан эсанкираб қолди. Машинасини ўқдек учириб Жобирбекнинг ҳовлисига келди.

– «Аввал хотини, бола-чақасини бир оз тинчлантириш лозим», деган қарорга келдим. Ҳали воқеанинг моҳиятини билмай, эсларидан оғиб қолмасин, деб қўрқдим – деди тергов чоғи, Акмалнинг сўроғига жавобан у. – Кейин Тошкентга қараб учдим. Жобирбекнинг ғойиб бўлганига уч кун бўлган экан. Пансионатдагилар аввалига бирор юмуш билан шаҳарга чиққандир, деб ўйлашган. Эртаси куни бир оз ташвишланишган. Учинчи куни, унинг хонасини очиб, шаҳарга чиққанида киядиган костюм-шими шкафда осиғлиқ турганини кўришган. Унинг спорт кийимида шаҳарга чиқиши мумкин эмас, чунки ўта маданиятли инсон эди,– деди у.

Пансионатдагилар элдан бурун ваҳима кўтармаслик мақсадида, стол устида қолган қўл телефонидан унинг уйига сим қоқишган. Телефоннинг ёнида ён дафтарчаси ҳам қолган экан. Телефон рақамини ўша дафтарчадан олишган. Мен Тошкентга келиб, Жобирбек бориши мумкин бўлган барча танишларникига қўнғироқ қилдим. Сўраб-суриштирдим – ҳеч қаердан топмадим.

Шосалимнинг кўзлари намланди: «Уни ёлғиз қўймаслигим керак эди», – деди йиғламсираб, сўнг, «Эй, Худо қаёққа кетган бўлиши мумкин?» деб нола чекиб юборди.

– Сиз уни яқиндан билган ягона кишисиз. Охирги пайтлари доимо ёнида юргансиз, айтинг-чи, унинг душманлари бормиди?

Терговчи, у томонга бир оз эгилди-да, бояги саволини бошқачароқ тарзда такрорлади:

– Кимдандир шубҳа, гумонингиз йўқми?

Шосалим дўсти билан кечган дамларини, яхши-ёмон кунларини хотирлай бошлади: «Тергов гап-гаштак эмаски, оғзинга келганини валдирайверсанг. Бунда ўйлаб жавоб бериш керак!»

9

Жобирбек оиланинг тантиқ фарзанди бўлиб ўсди. Отаси узоқ йиллар бетон заводининг директори бўлиб ишлагани боис, у улғайган рўзғорда етишмовчилик бўлган эмас. Шу боис болалик, ёшлик даврлари беташвиш кечди. Акаси Қодирбекдан фарқли ўлароқ, у ҳаётга енгил-елпи қарарди. Бу табиий ҳол. Отаси – Мурод Шомуродович, қатағон йилларининг зулмини бошидан кечирган, «қулоқнинг ўғли» деган тавқи лаънатни бўйнига осиб улғайган одам эди. Муштипар онаси билан эшикма-эшик юриб тиланчилик қилган йилларини, очлик ва сувсизликдан лаблари гезариб жон таслим қилган онаизорини кўмишга кўмак сўраб қилган оҳу зорларини эслаб, баъзан кўнгли бузилиб кетарди. Шундай кезлари умр йўлдоши, вафодор сирдоши Гулсумбибининг елкасига қўлини қўйиб;

– Онаси, бизнинг болаларимиз, хорлик-зорлик кўрмайди. Мен тирик эканман, уларга бало-қазо яқинлашмайди! – дея ўзининг машаққатли ўтмишига ўчакишиб, тақдири азалнинг йўриқларини тан олмаётганини сезмасди. Кичик ўғил ана шундай тарбия таъсирида улғайди. Аммо, катта ўғлининг ўлими, вақт унинг измида эмаслигини, ҳаёт унинг иродасига бўйсунмаслигини кўрсатди. Оталик меҳри, топар-тутари болаларини хору зорликдан асради, аммо балои қазодан асрай олмади.

Акасининг фожиали ўлимига эркатойи Жобирбекни айблади. Нафақадаги ота ўзига муносиб ўринбосар бўлиб етишиб келаётган тўнғич фарзандининг тобути устида: «Аканг ўлгандан кўра сен ўлсанг бўлмасмиди» дея нола қилганда, у бир ёшга улғайди. Шу-шу отасининг кўзларида унга нисбатан совуқ бир назар қотиб қолди. У узоқ йиллар ана шу қотиб қолган дийдани юмшатиш пайида бўлди. Отасининг пойига борини тўкди, ёшликдаги шўхликлари учун кечирим сўраб олдида тиз чўкди – фойдаси бўлмади. Отасининг сўниқ, ҳиссиз кўзларидан барибир бирор-бир маъно уқмади. У акасининг бевақт ўлими туфайли отанинг кўнглида армон бўлиб қолган ниятларини рўёбга чиқарганида ҳам, бетон заводининг директори бўлиб тайинланганида ҳам ота унинг муваффақиятларидан на қувонди, тушкун дамларида на дардкашлик қилди.

10

Жобирбекнинг балоғат даври жуда мураккаб кечди. Уйга кеч қайтадиган, ўзи билан албатта, бир ишкални бошлаб келадиган одат чиқарди. Маҳалла-куй ундан безор, мактабнинг ҳам унинг ахлоқига бир талай эътирозлари бор эди. Аввалига унинг қилиқларини кўрибкўрмасликка олдилар. Ахир отасининг ҳурмати бор. Кейин-кейин узунқулоқ гаплар отанинг қулоғига етиб борди. Насиҳат қилди: «Болам, ножўя ишларинг менинг мартабамга, йиллаб, мисқоллаб йиққан обрўйимга, бекаму кўст турмушимизга рахна солаётганини англамоғинг керак!»

Насиҳат кор қилмади. У ўз билганидан қолмади. Қайсидир бир овлоқда уч-тўртта безоринамо ошналари билан ожизроқ бир болани дўппослагани, тун ярмидан оққан пайт, мотоциклларини тириллатиб одамларнинг ҳаловатини бузиб, тинчлик бермаётгани ҳақидаги нохуш хабарлар, миш-мишлар йирик завод директорининг хонасига қабулхонада навбат кутмай кирадиган бўлди.

Ота дарғазаб, она икки ўртада кечаётган зиддиятдан дилгир бўлиб яшарди. Мактабни битирув кечаси ўқитувчилар жамоасининг кайфиятида икки хил ҳолатни кўриш мумкин эди. Улар бирда йиғлаб, бирда қувнаб кетишарди. Ўн йил мабайнида фарзандидек бўлиб қолган болалар бағрини тарк этаётганига хафалансалар, шодликларининг боиси кетаётганлар сафида Жобирбекнинг ҳам борлигидан эди чамаси.

Жобирбек пойтахтга кетди. Ўқишга кирди. Одамлар қизиқ-да! У уларни тинч қўйса ҳам уни эслашдан, гапиришдан чарчашмасди: «Ўқишга кирибди, ё пирай! Ўзининг «уч»и биланми ё мансабдор отасининг кучи билан кирибдимикин?» деб маломат қилишди. Таажжубланарлиси шундаки, у институтга ўз билими билан кирди. Яхши ўқирди. Фақат, бўлмағур одатларини батамом тарк этмаганди. Янги йил байрами арафасида яна бир ишкал чиқди. Ишкалмисан ишкал! Деворий газетанинг байрам сонида кимдир унинг номига ҳазил қилиб, икки қатор шеър битиб остига ярми хўроз, ярми товуқ суратини чизган экан. Кўп қатори Жобирбек ҳам уни ўқибди.

 
Билими зўр, калласига тож кийдирсанг ярашгай,
Ишкали кўп, орқасидан тухум бўлиб қалашган!
 

Шеърни ўқиб, аччиқланмади. Ҳатто «зўр» деб мақтади. Классика бўлиши учун фақат бир нарса етишмайди, деди у, кейин чўнтагидан «зажигалка»сини олиб, «яхши асарлар ҳамиша гулханда ёнган» дея газетани ёқиб юборди.

399 ₽
5,63 zł