Czytaj tylko na LitRes

Książki nie można pobrać jako pliku, ale można ją czytać w naszej aplikacji lub online na stronie.

Czytaj książkę: «Дуо ибодатнинг мағзидир»

Czcionka:
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

МУҚАДДИМА

Бутун оламлар парвардигорига ҳамду саноларимиз бўлсин. Инсонларни иймонга чақириб, зулматдан нурга чиқарувчи, ҳидоят эшикларини очувчи, Робби билан бандалари ўртасида элчи, элчиларнинг саййиди, ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг хонадон аҳллари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салавоти ва саломлари бўлсин.

У зот Аллоҳ таолонинг йўлига ҳикмат ва чиройли ваъз-насиҳатлар билан даъват қилдилар. У кишининг даъватлари қуёш нуридек ер юзига жуда тез тарқалди. Қуръонни Жаброил алайҳиссалом воситаларида Роббисидан қабул қилиб олиб, уни бизга етказдилар. Умматларига икки дунё саодатига етишишлари учун Қуръонни, Суннатни, саҳобаларни йўлчи юлдуз қилиб қолдирдилар. Роббиларига қандай юзланиб, қалб билан боғланиб, дуо қилиш таълимини бердилар. У зот: «Дуо – ибодатнинг мағзидир», дедилар.

Аллоҳ таоло дуо қилган бандасини севади. Инсон ожизлигини ҳис қилиб, Аллоҳга ҳар ишда муҳтожлигини билиб, дуо қилса, қилган дуоси ижобат бўлади.

Ибн Арабий қуйидагиларни айтадилар:

«Илик аъзоларнинг қувватидир. Дуо ибодатнинг илигидир. У билан обидларнинг ибодати қувватланади. Чунки у ибодатнинг руҳидир».

Аллоҳга шукр келтиришнинг бир тури – дуо қилишдир. Дуо – шукурдир, дуо – тавбадир, дуо – ибодатнинг аслидир. Дуо – тавозеликнинг бир кўринишидир. Дуо – бандани Роббисининг олдида қуллигини намоён қилишдир. Дуо – банда билан Роббисининг ўртасидаги узвий алоқадир. Ушбу мўъжаз китобчада ибодат чоғида ва бошқа турли ҳолатларда ўқиладиган дуолар жамланди. Агар улар мўмин-мусулмонларга Аллоҳга тавба-тазарру билан гуноҳлар мағфиратини сўраб илтижо қилишда, турли азобу ёмонликлардан паноҳ тилашда, дуоларни, зикрларни кўпайтиришда ёрдам берса, мусаннифа ниятига етган бўлар эди. Эй оламларнинг Роббиси! Барчамизнинг дуоларимизни қабул айла! Ўзингнинг ҳидоятингдан, мағфиратингдан, раҳматингдан бенасиб қолдирма! Омин! Дуоларда ёд этинг, Руҳимизни шод этинг.

ДУО – ИБОДАТДИР

Бандамиз, гоҳо билиб, гоҳида билмай хатоларга йўл қўямиз. Гуноҳлар қиламиз, адашиб, ёмонликлар кўчасига кирамиз. Аммо билмаймизки, Аллоҳ таоло ҳамма ишларимизни кузатиб туради, билиб туради, эшитиб туради ва ҳисоб-китобини ҳам қилиб туради. Лекин ҳар бир гуноҳимдан Аллоҳ хабардор, дея эътиқод қилувчи мўмин киши билмасдан шариатга хилоф иш қилиб қўйса ёки Парвардигорига осийлик қилса, дарҳол Аллоҳни эслайди, хатосини тан олиб, Унга надомат қилади, истиғфор айтиб, дуога қўл очади. Аллоҳдан ёлвориб, мағфиратини сўрайди. Тавба-тазаррулар билан ёлғиз Унинг Ўзига мурожаат қилади. Бунга Аллоҳ таолонинг ваъдаси бор:


«Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчи эмас» (Анфол сураси, 33-оят).

Аллоҳ таоло уларга ҳалок қилиб битирувчи азоб юбормаслигининг иккита сабаби бор экан. Биринчиси – Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликлари. Чунки у кишини Аллоҳ таоло барча одамларга раҳмат қилиб юборган. Аллоҳ ораларида шундай зот турган қавмни оммавий азобга дучор қилишни ирода қилмаган.

Иккинчи сабаби эса уларнинг истиғфор айтишлари, Аллоҳдан гуноҳларини кечиришини сўраб, тавба-тазарру қилишларидир. Чунки истиғфор айтилса, яхшиликдан умид бор бўлади.

Яна Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:



«Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қиладир. Ва Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир» (Нисо сураси, 17-оят).

Тавба – қайтиш дегани. Гуноҳ ёки хатоликка йўл қўйдингми, дарҳол истиғфор айт, тавба-тазарру қилиб, Аллоҳга ёлвор дегани. Дуога қўл очиб, Парвардигорнинг мағфиратини сўра, дегани. Қиёмат кунининг даҳшатидан, қабр ва дўзах азобидан, яна гуноҳ ва ёмонликка қўл уришдан паноҳ тила, дегани.

Аллоҳни кўп зикр қилиш лозим. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу дейдилар: «Аллоҳ таолони кечаси ҳам, кундузи ҳам, қуруқликда ва сувда ҳам, сафарда ҳам, уйда ҳам, бойлигу фақирликда ҳам, касаллигу соғликда ҳам, махфию ошкора ҳолда ҳам эслаб, зикр қилиш лозим. Роббини зикр қилувчилар билан Роббини зикр қилмайдиганлар мисоли тирик ва ўлик кабидир».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Роббингизнинг ҳузурида покроқ бўлган, даражаларингизни кўтарувчироқ бўлган, тилла ва кумуш садақа қилишдан кўра сиз учун яхшироқ бўлган, душманингизга йўлиқиб, сизлар уларнинг бўйнига қилич солиб, улар сизнинг бўйнингизга қилич солишидан ҳам кўра сиз учун яхшироқ бўлган энг яхши амалингизни хабар берайми?» Улар: «Ҳа, айтинг», дейишди. «Аллоҳни зикр қилишдир», дедилар.

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туриш, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай амалга ошириб боришдир.

Ҳа, мўминларнинг Аллоҳни кўп зикр қилишлари матлуб амалдир. Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлар биздан узоқлашади.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкинишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг тилига аввало Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин унинг ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ» деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири:

«Эй Аллоҳнинг Расули, энг яхши одам ким?» деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша», дедилар.

Иккинчиси эса:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни амр қилингки, уни маҳкам тутай», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлсин», дедилар.

Ҳа, Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш мўмин бандани олиймақомларга эриштиради.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббингиз: «Модомики, бандамнинг лаблари Мени зикр этиб қимирлар экан, Мен у билан биргаман», дейди», деганлар.

«Дуо мўминнинг қуроли, диннинг устуни ва осмонлару ернинг нуридир. Ғафлатда қолган кишилар ичида Аллоҳни зикр қилувчи киши худди (душмандан) қочаётганлар ичида (душманга қарши) уришаётган киши кабидир». «Ғафлатда қолган кишилар ичидаги Аллоҳни зикр қилувчи киши худди қуриган дарахтлар орасидаги яшил дарахт кабидир».

«Бирор қавм мажлис қуриб, Аллоҳни зикр қилсалар, уларни фаришталар қуршаб оладилар ва раҳмат уларни ўраб олади ҳамда Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридагилар олдида шу қавмни зикр қилади».

«Қай бир қавм Аллоҳнинг розилигини истаб, Уни зикр қилишга жазм этган бўлсалар, осмондан бир жарчи: «(Гуноҳларингиз) мағфират қилинган, хатоларингиз яхшиликка алмаштирилган ҳолингизда (ўрнингиздан) туринглар», деб нидо қилади».

«Албатта, осмон аҳли Аллоҳ таолонинг исми зикр қилинадиган ер аҳлининг уйларини худди сиз осмондаги юлдузларни кўрганингиз каби кўрадилар».

«Бирор қавм жам бўлиб, Аллоҳни зикр қилсалар, шайтон ва дунё улардан четлашади ва шайтон дунёга: «Кўряпсанми, нима қиляптилар?» дейди. Дунё бўлса унга жавоб бериб, шундай дейди: «Қўявер, улар тарқалиб кетса, бўйинларидан ушлаб, сенга олиб бораман».

«Албатта, Роббингиз ҳаёли, карамли, олийжаноб Зотдир. Бандалари қўлларини кўтариб (дуо қилсалар), ҳеч нарсасиз бўш қайтаришдан ҳаё қилади».

«Кимки Аллоҳ таолога дуо қилмаса, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади».

«Зикрнинг яхшиси махфийсидир ва ризқнинг яхшиси кифоя қиладиганидир».

Донишмандлар айтадилар: «Хушомад сўзлар билан эмас, балки хорлик, зорлик сўзлари билан дуо қилинглар».

«Агар Аллоҳ таоло бир бандасини севиб қолса, унинг зору тазаррусини эшитиш учун уни (кўп фитна ва балоларга) гирифтор қилади».

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуони уч мартадан қайтарар эдилар».

Дуо ибодатдир. У банда билан Парвардигорининг орасини боғловчи ибодатдир. Дуо чин ихлос билан холис Аллоҳга ёлвориб, пок ниятда қилинса, Холиқу Зулжалол унга албатта ижобат этади. Бевосита Унинг Ўзидан сўрасангиз, Унга тавба-тазарру қилиб, дуога қўл очсангиз, У ноумид қолдирмайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:



«Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (Ғофир сураси, 60-оят).



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ», дедилар».

Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Парвардигори оламнинг ҳузурида энг икром қилинган нарса дуодир. Шунинг учун банда кўп дуо қилиши лозимдир.

Бу ҳадисдан дуо барча зикр ва тоатлардан афзал экани англанади. Дуо Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳузурида мукаррам, даражаси юқори, қадри улуғ нарса ҳисобланар экан. Бас, уни қабул ва ижобат қилиши ҳам шунга қараб бўлади.

Шундан келиб чиққан ҳолда дуо икки қисмдан иборатдир, дея оламиз. Тил билан сўраш ва дил билан сўраш. Тил билан сўраш дилдагининг таржимасидир. Худди шу ҳолат – дил билан қасд қилиш ва уни тил билан таржима қилиш Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун энг мукаррам нарсадир. Шунинг учун банда Аллоҳ таолога кўпроқ дуо қилмоғи лозим.



Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатнинг мағзидир», дедилар».

Бундан «Дуосиз ибодат мағизсиз ибодат бўлади», деган маъно келиб чиқади.

Ибодатдан кўзланган асосий мақсад Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг розилигини топиш, ғазабидан сақланиш билан бирга ризқ ва шифо сўраш каби дунёвий ғаразларга ҳам эришишдир. Ибодатнинг мана шу жиҳатларини дуо дейиш мумкин.

Зотан, ибодатларнинг энг асосийларидан бири бўлган намоз араб тилида «солат» дейилади, бу сўз эса дуо маъносини англатади. Бу маънодаги дуо қалбан бўлади. Яъни сўров тилга олинмаса ҳам қалбида туради.

Ҳадиси шарифнинг арабча матнида биз «илик» деб таржима қилган сўз «муххун» лафзи ила келган. Бу сўз суяк ичидаги илик, бош чаноғи ичидаги мия, кўзнинг нозик жойи каби ҳар бир нарсанинг мағизи, асоси бўлган нарсаларни ифодалайди.

Бундан дуо ибодатнинг мағизи ва хулосаси экани келиб чиқади. Чунки одатда одам боласи кўпроқ бошқа нарсалардан умиди қолмаганда ўзини дуога уради. Ана ўша тавҳиднинг ва ихлоснинг ҳақиқатидир. Ундан устун бўладиган ибодат йўқдир.



Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади», дедилар».

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда «Аллоҳдан У Зотнинг фазлидан сўранг. Чунки Аллоҳ сўралишни хуш кўради», дейилган.

Ушбу ҳадисдан биз Ким Аллоҳдан сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилишини, дуо қилиш эса банда учун фарзу вожиб амаллардан эканини билиб оламиз.

Банда ўзининг бандалигини тан олиб, ўзининг каттаю кичик ҳар бир ҳожатини ҳақиқий Хожаси Аллоҳ таолодан сўраб туриши лозим. Агар банда бундай қилмаса, ўзини ҳам, Роббини ҳам танимаган бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло бундай нобакор одамдан ғазабланиши турган гап.

Аллоҳ таолога дуо қилиб, У Зотдан ҳожатини сўрамаслик такаббурлик ва истиғнодир. Бу иш бандага тўғри келмайди.



Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимни қийинчилик ва ғам-ғуссалар пайтида Аллоҳ уни ижобат қилиши масрур қилса, оройиш пайтида дуони кўпайтирсин», дедилар».

Бу ҳақда имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи «Оройиш пайтида Аллоҳни танисанг, Аллоҳ сени шиддат пайтида танийди», деганлар.

Одатда биз – ожиз бандалар бошимизга мушкул ҳолат тушгандагина Аллоҳ таолога ёлвора бошлаймиз. Бошимизга тушган офатни тезроқ аритишини истаб қоламиз.

Аммо ишимиз ўнгланиб кетса, дуо қилиш эсимиздан чиқади. Худди ҳеч нарса бўлмагандек юраверамиз.

Мазкур нотўғри ҳолат Қуръони Каримнинг «Юнус» сурасида қуйидагича васф қилинади:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки турган ҳолида Бизга дуо ‎қиладир. Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо ‎қилмагандек, кетаверадир. Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли ‎кўрсатилди» (12-оят).

Инсон боласининг иши юришиб турганида, ўзи соғ-саломат, тинч-омон ва роҳатфароғатда бўлганида ҳеч нарса билан иши йўқ, бу дунё ҳаётида мағрур бўлиб юраверади. Албатта, Аллоҳ ҳидоятга бошлаган мўминмусулмонлар бундан мустасно.

Аммо мағрурланиб юрган ўша инсоннинг соғлиғига, тинчлигига ёки роҳатига путур етса, бошига мусибат келса, дарҳол ёдига Аллоҳ тушади. Ҳа:

«Қачонки инсонга зарар етса, ёнбошлаган, ўтирган ёки ‎турган ҳолида Бизга дуо ‎қиладир».

Оғир кунда қолган инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ёнбошлаган, ўтирган ёки тик турган ҳолида, яъни ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ёлворишни бошлайди. Ҳатто энг катта кофир, фосиқлар ҳаётида ҳам бундай воқеалар рўй берганига тарихда мисоллар кўп. Турли мусибатлардан кейин дин йўлига кирганларнинг кўплиги ҳам шу ҳолга далилдир. Аммо афсуски, кўпчилик бундан ўзига яраша хулоса чиқариб олмайди. Бошига мусибат тушганида Аллоҳга ёлворади-ю:

«Ундан зарарини кетказсак, худди ўзига етган зарар ҳақида Бизга дуо қилмагандек, кетаверадир».

Яна аввалгидек, бу дунё ҳаётига ўзини уради. Аллоҳни унутади. Ўзининг бандалигини унутади. Бир кун келиб, бошига яна қайта мусибат тушиши мумкинлигини ҳам унутади. Ҳеч нарсадан тап тортмай, ибрат олмай, олдинги ҳолига тушиб қолади.

Бундай кимсаларни Аллоҳ таоло оятда «исрофчилар» деб атамоқда ва бошларига мусибат тушганида Аллоҳга ёлвориб, мусибат кўтарилганида ҳеч нарса бўлмагандек кетаверишларини «исрофгарчилик» деб васф қилмоқда. Ҳамда бу ишлари ўзларига зийнатли – чиройли бўлиб кўринишини таъкидламоқда:

«Исрофчиларга қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатилди».

Аммо бунинг оқибати яхшиликка олиб бормайди. Бунга олдин ўтган исрофчиларнинг аҳволи ҳам далилдир.

Аслида эса ишимиз юришиб турган пайтда Аллоҳ таолога дуо қилиб туришимиз лозим. Ҳеч бўлмаса, юришиб турган ишимизнинг бардавом бўлишини сўраб дуо қилишимиз керак.



Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Роббингиз ҳаёли ва каримдир. У Зот бандаси Унга икки қўлини кўтарса, уларни бўш қайтаришдан ҳаё қилади», дедилар».

Бу каби ҳадиси шарифлар жуда кўп. Демак, баъзиларнинг «Дуода қўлни кўтариб бўлмайди» деган фикрлари мутлақо ўринсиздир.

Фақат дуони ихлос билан, чин дилдан, фикрингизни бир жойга қўйиб қилинг, чунки ҳадиси шарифда: «Парвардигорингиз ғафлатдаги ва беҳуда хаёллар билан банд бўлиб турган қалбдан чиқаётган дуони қабул қилмайди», дейилган.

ДУОНИНГ ФАЗИЛАТИ

Зикр Аллоҳнинг бандасига берган тавфиқи бўлиб, у дуо билан биргадир. Зикр кўп ҳолларда дуодир, дуо кўп ҳолларда зикрдир. Зикр билан Аллоҳ таолога яқинлик пайдо бўлади. Дуодан мақсад, Аллоҳга яқин бўлишдир. Дуо вақтида Аллоҳ таолога ёлворилади, илтижо ҳосил бўлади. Зикрдан мурод шудир. Зикр билан дуонинг бирлигига ушбу ояти карима мисол бўлади:



«Агар у кўп тасбеҳ айтувчилардан бўлмаганида… у(балиқ)нинг қорнида қайта тирилтирадиган кунгача қолиб кетар эди» (Соффаат сураси, 143–144-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:

«Ким Қуръон тиловати ва зикр билан машғул бўлса, унга дуо қилиб ҳожат сўровчиларга бериладиган нарсаларнинг энг афзали берилади».

Яхши амаллар ва ибодатларни қилишдан мақсад, дуодир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатнинг мағзидир», деганлар. Инсон ўзининг ожизлигини ҳис қилиб, моддий ва маънавий эҳтиёжини Аллоҳ таолога арз этиб, илтижо қилиб, Ундан ёрдам сўрайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан ҳожатини сўрамаса, Аллоҳ унга ғазаб қилади», дедилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Тақдирдан қочишдан эҳтиёт бўлишнинг ўзи фойда бермайди. Дуо эса келган тақдирдан ҳам, ҳали келмаган тақдирдан ҳам қутултиради. Албатта, бало келса, унга дуо юзма-юз бўлади ва қиёматгача олишади (қарши курашади)» (Имом Аҳмад Абу Яъло, Тобароний ривоят қилишган).

Ҳазрати Али ибн Абу Толиб: «Эҳтиёткорлик тақдирни қайтара олмайди. Шубҳасиз, дуо уни қайтаради», дедилар.

Юнус алайҳиссаломнинг қавмлари иймонга келганларидан сўнг, балодан нажот сўраб, дуо қилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг дуоси баракотидан азобни роҳатга айлантирди». (Суютий, Абу Дуррул Мансур ривоят қилишган).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Кимки қийинчилик вақтида дуоси ижобат бўлишини хоҳласа, осонлик вақтида ҳам дуо қилиб турсин» (Термизий, Ҳоким ривоят қилишган).

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳга тинчлик ва роҳатдалик ҳолингда яқин бўл! Бошингга қийинчилик тушганда Аллоҳ ҳам сени танийди» (Термизий, Ҳоким ривоят қилишган).

Чунки Аллоҳ таоло бандасига ҳамма нарсадан яқиндир.



«Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (Қоф сураси, 16-оят)

Аъроф сурасининг 55-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:



«Роббингизга тазарру ила ва махфий дуо қилинг».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг ожиз инсон Аллоҳга дуо қилишдан маҳрум бўлган инсондир», деганлар.

Яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Эй умматим! Эй саҳобаларим! Ҳар бирингиз барча эҳтиёжларингизни фақатгина Аллоҳдан сўранг! Ҳатто оёқ кийимингизнинг ипи узилса, уни ҳам фақатгина Аллоҳдан сўранг!»

ДУОНИНГ ОДОБИ

1. Аллоҳ таоло томон юз тутиб, ихлос билан дуо қилиш лозим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Диллар идишлардир. Баъзи дил баъзисидан мустаҳкамроқдир. Эй одамлар! Аллоҳдан бирон нарса сўрасангиз, ижобатига аниқ ишонган ҳолда, ихлос билан сўранглар! Чунки Аллоҳ таоло ғофил дил билан дуо қилган банданинг дуосини ижобат қилмайди» (Имом Аҳмад ривоят қилган).

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилганларидек дуо қилиш. У зот алайҳиссалом дуони «Субҳаана Роббиял ъалийюл Ваҳҳааб», дея бошлар эдилар.

3. Дуодан аввал «Бисмиллаҳ»ни айтиш.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиб, сўнг дуо қилиш.

5. Дуо қилувчи ҳаром луқмадан ўзини тийиши лозим, чунки бунда дуо ижобат бўлмайди.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши узоқ сафар қилади. Ҳориб, чарчайди. Чангу ғуборга бурканади. Икки қўлини чўзиб, «Эй Роббим, эй Роббим», дейди. Ҳолбуки, таоми ҳаромдир, шароби ҳаромдир, либоси ҳаромдир, ҳаромдан ғизолангандир. Бас, қандоқ ҳам унга ижобат қилинсин», деганлар.

6. Қиблага қараб, дуо қилиш.

7. Икки қўлни кўтариб, дуо қилиш.

8. Икки қўлни кўтариб дуо қилгандан кейин қўлларни юзга суртиш.

9. Азми қарор билан иккиланмай, бўшашмай сўраш.

10. Дуонинг ижобат бўлишига шошилмаслик ва «Нима учун дуоим қабул бўлмаяпти?» демаслик.

11. Ижобатга аниқ ишонган ҳолда дуо қилиш.

12. Дуо қилиш учун шарафли вақтларни ихтиёр қилиш лозим. Йилнинг энг шарафли вақти Арафа кунидир. Ойларнинг энг шарафлиси Рамазондир. Ҳафтанинг энг шарафли куни Жума кунидир. Саҳар чоғи ҳар бир куннинг энг шарафли вақтидир.

ДУО ҚИЛИШДА ҲАДДАН ОШМАСЛИК

Дуода ҳаддан ошиш бир неча хил бўлади:

1. Ҳаддан ташқари овозни кўтариб дуо қилиш.

2. Пайғамбарнинг мартабасини сўраш.

3. Амри маҳол нарсани сўраб дуо қилиш.

4. Гуноҳ ишни сўраб дуо қилиш.

Бу ҳақда машҳур ҳанафий фақиҳ Муҳаммад Амин ибн Обидийн раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни ёзганлар:

«Дунё тургунча офиятни сўраш ҳаромдир. Шунингдек, осмондан безатилган дастурхон тушиши, ҳаводан нафас олмайдиган бўлиши, дарахтсиз мева бўлиши каби амримаҳол нарсаларни сўраб дуо қилиш ҳам ҳаромдир. Кофирга мағфират сўраб дуо қилиш ҳам ҳаромдир».

Darmowy fragment się skończył.