Czytaj tylko na LitRes

Książki nie można pobrać jako pliku, ale można ją czytać w naszej aplikacji lub online na stronie.

Czytaj książkę: «Яланғоч иқтисодиёт»

Czcionka:

Сўзбоши

Шотландиялик Томас Карлайл юз йилдан ортиқ вақт муқаддам иқтисодиётга “ёқимсиз фан” деб таъриф берганди. Кўпчиликнинг фикрича, бунга сабаб – фаннинг зерикарли ва қизиқарсиз экани, шунингдек, “бир томондан бундай, иккинчи томондан эса шундай” каби иборалар билан тўлалиги. Айтишларича, президент Ҳарри Трумэн ҳам иқтисодиёт фанидаги дудмоллик ва мавҳумликни йўқотиш кераклигини таъкидлаган эмиш. У ўз мамлакатида аниқ-тиниқ фикрга эга бўлган иқтисодчилар бўлишини хоҳлаган. Бироқ Карлайл умуман бошқа нарсани назарда тутган эди. У бизга танқислик ҳамма жойда ҳам учрашини уқтирмоқчи эди. Чунончи, баъзида бир-биридан кучли хоҳишларимиз орасидан биттасини – дейлик, бугунги ёки эртанги роҳатдан бирини ёхуд ўзаро зиддиятли қадриятлар ва мақсадлар орасидан бирини танлашимизга тўғри келади. Энг муҳими шуки, шотландиялик бу инсон ҳар бир нарсанинг ўзига яраша чиқими мавжудлиги ҳамда меҳнат ва қурбонликларсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмаслигини таъкидлаган.

Ишончим комил, кўпчилик иқтисодиёт фани ва иқтисодчиларни ёқимсиз ҳамда ўта зерикарли, деб ҳисоблайди. Иқтисодчиларга берилган таърифлардан бири шундай: “Иқтисодчи рақамларни яхши тушунади, аммо ҳисобчиликка ярамайди”. Иқтисодчилар бунчалик обрўсизланишининг энг катта сабаблари уларнинг мужмал тилда ёзишга мойиллиги, мураккаб диаграммалардан тез-тез фойдаланиб туриши ва математикани кўп ишлатишидир. Ҳа, яна бир нарса, улар кўпинча ниманидир билмасликларини тан олишни исташмайди.

Нима учун иқтисодиётни мазах қилишади? Нима учун бу фан билан юзлашган ўқувчиларнинг кўзларидаги нур дарров сўнадиган бўлиб қолди? Фикримча, бунинг сабаблари иқтисодчиларнинг яхши ёза олмаслиги ва иқтисодиётга доир матнларнинг аксарияти математика ҳамда мураккаб диаграммалардан иборат экани билан боғлиқ. Бунинг устига, атиги бир неча иқтисодчигина иқтисодиёт кундалик ҳаётимизга қанчалик алоқадорлигини кўрсатишга ёки иқтисодий таҳлилларни нисбатан қизиқарлироқ йўсинда тушунтиришга қодир. Чарльз Уиланнинг ушбу китоби иқтисодиётга оид олдинги тушунчаларнинг барчасини ўзгартириб юборади. Уиланда “Мидас қўли”га1 ўхшаган қурол бор, десак адашмаган бўламиз. Агар Уиланнинг қўли тиллага тегса, унга жон киради.

Бу чин маънода нодир китобдир. Унда ҳеч қандай тенгламалар, тушунарсиз атамалар ёки мураккаб диаграммалар йўқ. Иқтисодиётдаги кўплаб ғоялар ортида ҳисоб-китоб ва диаграммалар турган бўлиши мумкин, аммо Уилан уларни осон тилда тушунтириш мумкинлигини исботлади. У иқтисодиётнинг энг асосий ғояларини ажратиб кўрсатади. Уилан “фикрини аниқ усулда етказувчи иқтисодчи” деган тушунчанинг оксиморон эмаслигини яққол кўрсатиб беради.

Бу китобда биз иқтисодчиларга йўналтирилган танқидларнинг жуда кўпи ўринсиз эканига гувоҳ бўламиз. Иқтисодий таҳлил оғир ва мураккаб мавзу – ҳатто кўп ҳолларда физик таҳлиллардан мураккаброқ. Физика сайёраларнинг қуёш атрофида ёки орбитадаги электронларнинг атом атрофида айланишига ўхшаган тизимларни осонлик билан изоҳлаб беради. Бироқ ҳатто табиий фанлар ҳам табиатни тушунишда қийинчиликларга учрайди. Об-ҳавони олдиндан айтиб бериш бунга мисол бўлиши мумкин. Сунъий йўлдошнинг мураккаб кузатувлари ва об‐ҳавони олдиндан айтиб беришнинг кучли усуллари борлигига қарамай, метеорологлар кўпинча “Эртага об-ҳаво худди бугунгидек бўлади” каби содда башоратлардан нарига ўта олмайдилар. Шубҳасизки, об-ҳавони башорат қилишда инерция моделидан фойдаланилса, энг муҳим жиҳатларнинг барчаси кўздан қочирилади, бироқ, шунга қарамай, метеорологлар кўрсатган умумий натижа ўзини оқлайди. Агар метеорологлардан глобал исиш каби узоқ муддатли жараёнлар борасида башорат қилишни сўрасак ва уларнинг фикрларини иқтисодчиларники билан солиштирсак, иқтисодий башорат нисбатан аниқроқдек туюлади.

Иқтисодиёт табиий фанлардан қийинроқ, чунки биз иқтисодиётга оид бирор масала бўйича назорат остидаги лаборатория тажрибаларини ўтказа олмаймиз. Чунки одамлар ҳар доим ҳам кутилганидек ҳаракат қилмайдилар. Психолог ва иқтисодчиларнинг қимматли билимларини қамраб олган ҳамда инсонларнинг иқтисодий хулқ‐атворини ўрганувчи бутун бошли янги йўналиш мавжуд бўлиб, унга анча катта эътибор қаратилмоқда. Бироқ биз ҳали ҳам инсонларнинг хулқ-атворини олдиндан аниқлик билан башорат қилишга қодир эмасмиз. Албатта, ҳамон барча нарсани тушунишдан анча йироқ эканимиз ҳеч нарсани тушунмаслигимизни ҳам англатмайди.

Инсонларнинг хулқ-атвори муайян омиллар натижасида юзага келиши маълум. Оддий мантиққа кўра юз берадиган кўплаб доимий ҳолатлар мавжудлигини ҳам биламиз ва албатта, билимимиз кенгайиб бораётганидан мамнунмиз. Ҳар бир савдо-сотиқ жараёни харидни ўз ичига олиши ҳамда фойда келтириши аниқ бўлган имкониятлар камдан-кам ҳоллардагина эътибордан четда қолиши бизга маълум – бу назария ортидаги асосий ғоя шуки, қимматли қоғозлар бозори юқори самарадорликка эга.

Иқтисодиёт қанчалик тушунарсиз бўлмасин, ҳаётимизга кўрсатадиган муайян таъсири мавжуд ва у ҳукуматнинг маълум бир сиёсатни шакллантиришида муҳим роль ўйнайди. Иқтисодчилар ҳукуматнинг барча тармоқларига таъсир ўтказишади. Инфляцияни четлаб ўтиб иқтисодий ўсиш ва йирик миқдордаги иш ўринлари яратилишига хизмат қилиш анчадан бери ҳукумат иқтисодчиларининг вазифаси бўлиб келган. 1992 йилги сайловолди кампаниясида Билл Клинтоннинг энг муваффақиятли шиори нима бўлганини эслайсизми? “Ҳамма гап иқтисодиётда, тентак!” Рақобатни кучайтириш ва монополияларни чеклаш (Адлия вазирлиги), атрофмуҳит зарарланиши (Атроф-муҳитни асраш агентлиги) ва тиббий ёрдам билан таъминлашни (Соғлиқни сақлаш хизмати) назорат остига олиш каби фаолият турлари билан шуғулланадиган идоралар, албатта, иқтисодий омилларни ҳам ҳисобга олишлари керак. Аслида, деярли ҳар қандай сиёсий қарор (хоҳ ижтимоий масалалар, хоҳ солиқ, хоҳ халқаро, хоҳ қишлоқ хўжалиги ёки миллий хавфсизлик масалаларига оид бўлсин) муайян иқтисодий оқибатларга олиб келади. Сиёсатчилар иқтисодчиларнинг бу каби муаммоларни ечиш қобилиятига қанчалик шубҳа билан қарамасин, уларнинг маслаҳатларини эътиборсиз қолдиришмайди. Худди шу мавзуда Жон Майнард Кейнес шундай деб ёзган эди: “Назария эмас, балки амалиёт билан шуғулланадиган киши интеллектуалларнинг ғоялари билан ўралашишимга унчалик ҳам ҳожат йўқ, деб ҳисоблаши мумкин. Бундай фикрдагилар қайсидир марҳум бирон-бир иқтисодчига тегишли ғояларнинг қулидир. Ҳукуматни телбалар бошқарса, ўз жоҳиллигию зулмини ўтмишдаги олимнинг фикрлари билан оқлашади”.

Иқтисодчиларнинг таъсири бизнес ва молия соҳаларида ҳам кенг тарқалган. “Fidelity Magellan” жамғармасининг собиқ менежери Питер Линч шундай деганди: “Агар иқтисодчи билан ўн тўрт дақиқа суҳбатлашсангиз, ўн икки дақиқангизни бекорга сарфлаган бўласиз”. Масаланинг кинояли жиҳати шундаки, профессионал қўшма фонд менежерлари муттасил равишда молиячилар ишлаб чиққан усулларга кўра баҳолаб борилади. Бундан ташқари, иқтисодчилар бизнесга оид бошқа кўплаб қарорлар қабул қилинишига ҳам таъсир кўрсатади. Улар “General Motors” компаниясидан тортиб “Procter & Gamble” компаниясигача бир-биридан фарқли ширкатлар маҳсулоти учун талаб миқдорини ҳисоблаб чиқадилар. Уларнинг катта қисми стратегик режалашдан бошлаб ресурслар назоратигача бўлган бизнесга кўмаклашувчи консалтинг фирмаларида ишлайди. Улар фойда ва таваккаллар ўртасидаги тафовутни таҳлил қилиб, инвестор фирмалар учун қимматли қоғозларга сармоя киритишга ёрдам берадилар. Шунингдек, улар корпорациялардаги молиявий ишлар бўйича масъул раҳбарлар учун акциялар нархига қарздорликнинг таъсири ва дивиденд сиёсати бўйича маслаҳат берадилар. Асосан, йирик опцион айирбошлаш платформаларида савдо қиладиганлар иқтисодий моделлар асосида ишловчи, опционнинг олдисотди нархини айтиб турадиган қўл компьютерлардан фойдаланади. Ҳақиқат шуки, иқтисодий таҳлил нафақат сиёсий етакчилар, балки сармоядорлар ҳамда ишлаб чиқарувчилар учун ҳам жуда фойдалидир.

Шунингдек, иқтисод кундалик ҳаётимиздаги чигалликларни ойдинлаштиради ‒ буни оддий истеъмолчилар ҳам тушуниши мумкин. Нима учун саломатлик суғуртасини сотиб олиш бунчалик қийин? Катта йўл бўйлаб кетар эканмиз, нега айнан “McDonald’s” рестора нига келиб тўхтаймиз? Бошқа кўплаб тамаддихоналар янада яхшироқ гамбургер тайёрлаши мумкин-ку. Нима учун кўплаб одам айнан “нуфузли” институтларга ҳужжат топширади? Ахир арзонроқ нархларда ўша институтлар каби яхши таълим берадиган олийгоҳлар ҳам борку. “Тескари танлов”, “ижтимоий неъматлар”, “маҳбус дилеммаси” каби тушунчалар кундалик ҳаётимиз билан қандай алоқадорликка эга экани тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Шу ва бошқа мавзулар ушбу ажойиб китоб ичидан ўрин олган.

Ўнта иқтисодчидан битта саволга ўн хил жавоб оласан, дейишади. Гаров ўйнашим мумкинки, ўнта иқтисодчидан: “Нима учун Нью-Йорк шаҳрида квартиралар ва таксилар етишмовчилиги кузатилади?” ‒ деб сўрасангиз, ушбу саволга ўналаси ҳам: “Такси ҳайдаш рухсатномалари сонига чеклов ўрнатилгани ва ижара назорати такси хизматлари ҳамда тураржойни етарли миқдорга етишдан чеклаб тургани туфайли”, ‒ деб жавоб беради. Иқтисодчиларнинг барчаси умумий фикрда бўлган кўплаб масалалар мавжуд. Иқтисодчиларнинг мутлақ кўпчилиги халқаро савдо мамлакатларнинг яшаш стандартларини кўтаришига, четдан киритиладиган маҳсулотларга солинган бож тўлови эса халқнинг зарарига ишлашига ишонади. Шунингдек, иқтисодчиларнинг аксарияти якдиллик билан қабул қиладиган яна бир фикр бор: ижара назорати уй-жойнинг сони ва сифати камайиб кетишига олиб келади. Аксар иқтисодчилар 2001 йил 11 сентябрдаги даҳшатли воқеа иқтисодий фаолликнинг камайиб кетишига олиб келишини бир овоздан башорат қилишган эди. Тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, иқтисодчилар орасидаги тафовут (улар хоҳ консерватив республикачи бўлсин, хоҳ либерал демократ бўлсин) ўзаро ва бошқа соҳа вакиллари ўртасидаги тафовутдан кўра кичикроқ. Ўзаро қарама-қарши сиёсий қарашларга эга иқтисодчилар кўп масалаларда якдил фикрга эгалар.

Иккала партия билан ҳам яхши муносабатда бўлган иқтисодчилар кўпинча сиёсатчиларнинг икки партияли коалициясига қарши бирлашади.

Шу сабабли ҳам иқтисодчилар дунёга бошқача назар билан боқишларига ва муаммоларни ҳал этишда ўзгача ёндашишларига ишонаман. Иқтисодчидек ўйлаш талаб ва таклиф каби соддалаштирилган моделлар билан ишлашда дедуктив фикрлаш демакдир. Шунингдек, иқтисодчи каби ўйлаш чекланган шароитда нималарни айирбошлаш кераклигини аниқлашни ҳам ўз ичига олади. Бунда бир танловнинг чиқими бошқа муқобил танлов келтириши мумкин бўлган кирим билан ўлчанади. Самарадорлик асосий мақсад этиб белгиланади, яъни чекланган манбалар орқали эгаллаш мумкин бўлган энг катта фойда кўзланади. Бу ерда маржиналистик ёки босқичма-босқич ёндашувни қўллаш лозим. Бундай ёндашувларда қўшимча маблағ киритиш эвазига қанча даромад кўриш мумкинлиги ҳисобланади. Манбалардан турлича фойдаланиш ҳисобга олинади ва исталган натижага эришиш учун турли вариантлар кўриб чиқилади (ҳар хил манбалар ўртасида турли ўрин алмаштиришлар орқали). Ниҳоят, иқтисодчи “инсонларга танлаш имкони берилгандагина фаровонлик ошиши мумкин, рақобатчи бозорлар эса одамларга танлов имкониятини берадиган самарали механизм” деган фикрга ишонади. Барча иқтисодий муаммолар норматив масалалар (қандай бўлиши лозимлиги тўғрисидаги қарашлар)дан иборат бўлса, иқтисодчи каби ўйлаш эса таҳлилий ёндашувни ўз ичига олади. Таҳлилий ёндашув одатда “қиймат” масаласига доир муаммоларни ҳисобга олмайди ёки уларнинг аҳамиятини пасайтириб кўрсатади.

Китоб айни шу жиҳатлари билан ўзгача. У ҳам кенг қамровли, ҳам холисликни сақлай олган. Китоб эркин бозорнинг ҳаётимизни яхшилаш йўлидаги афзалликларини эътироф этиб, нима учун марказлашган иқтисодиёт охир-оқибат халқнинг фаровонлик даража сини пасайтиришини тушунтиради. Шу билан бир қаторда, ижтимоий хизматлар билан таъминлаш ҳамда бозорларга шароит яратиб бериш учун қонуний андозани белгилашда ҳукуматнинг роли қанчалик муҳим экани тасвирлаб берилган. Шунингдек, эркин бозор иқтисодиёти атроф-муҳитга зарар келтирадиган ёки хусусий бозорлар мамлакат фуқаролари истайдиган баъзи маҳсулотларни ишлаб чиқара олмайдиган вазиятларни тўғрилашда ҳукуматнинг роли тан олинмоқда. Эркин бозорлар келтириб чиқарадиган бу каби ташқи муаммолар содир бўлганда вазиятни тўғрилаш ҳукуматнинг зиммасида. Китобда бу ҳам алоҳида эътироф этилган.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нима учун жун ишлаб чиқарувчи чорвадорлар йиллар давомида федерал ҳукуматдан субсидия олган? Уилан сиёсат ва иқтисод қандай қилиб бу каби вазиятларни келтириб чиқаришини тушунтириб беради.

Айтайлик, Бен Бернанке нима учун Америкадаги иккинчи энг қудратли инсон сифатида тан олинишини биласизми? Уилан пул‐кредит сиёсатининг иқтисодга таъсирини оддий тушунтиради. Ёки “Ғаройиб гаров” (“Trading Places”) фильми сўнгида “ёмон одамлар фьючерс товарлар бозоридан2 мутлақо чиқариб ташлангани сабабини сира тушуниб етмасам керак” деб ўйлаганмисиз? Бироқ Уилан бозорнинг талаб ва таклиф назариясини мутлақо тушунарли тарзда изоҳлайди. Глобаллашувга қарши намойишлар уюштирувчиларнинг гапида жон бор бўлиб, ривожланган ёки ривожланаётган мамлакатлар камроқ иқтисодий интеграция билан яхшироқ тараққий этса-чи, деб ўйлаб кўрганмисиз? Уилан ушбу гумонларга юқори аниқлик билан жавоб беради. Газета ўқиётиб, бугунги иқтисодий муаммолар борасидаги баҳс-мунозараларга кўзингиз туш са, келтирилган аргументларнинг тартибсизлигидан чалкашиб кетасизми? Уилан иқтисодий терминларни тушунтириб, муҳим сиёсий муаммоларнинг моҳиятини очиб беради. Бу жараёнда у “ёқимсиз” сифатини олган соҳани жонли ва қизиқарли иқтисодиётга, сиёсатни эса миллатга доир муҳим масалага айлантиради.

Мароқ билан ўқиладиган ушбу китоб ўқувчида иқтисодий саводхонлик ошишига хизмат қилади. Китобхонни фаннинг туб моҳияти билан юзлаштириб, куннинг энг муҳим иқтисодий муаммоларини тушунадиган ўқимишли фуқарога айлантиради. Уилан иқтисодиётни чизма, диаграмма ва тенгламаларсиз ҳам тушунтириб бериш мумкинлигини исботлаб беради. У иқтисодий таҳлилни жуда ҳам қизиқарли услубда изоҳлайди. Бу китоб коллеж ва институтларнинг иқтисодиёт курслари учун анча фойдали қўшимча дарслик бўла олади. Энг муҳими ‒ иқтисодиётни ўта зерикарли ва мижғов фан сифатида кўрган ҳамда уни ўрганишдан бош тортган инсонларнинг қарашларини ўзгартириб юборишга қодир. Ўзим ҳам иқтисодиёт билан таништирадиган китоб ёзишни кўп ўйлардим, бироқ доим бошқа лойиҳалар билан бандлигим бунга имкон бермас эди. Бу мавзуда китоб ёзганимда, мана шундай китоб ёзишни истардим.

БЁРТОН Г. МАЛКИЕЛ,
Принстон, Нью-Жерси 2010 йил, январь

Кириш

Жуда ҳам таниш бир ҳолат ҳақида айтиб берай. Американинг йирик университетларидан бирида битирувчи талаба каттакон маъруза залидаги доскага турли тенгламалар ёзиб, чизмаларни чизмоқда. Эҳтимол, у инглиз тилида равон гапирар, балки унчалик равонмасдир ҳам. У ёзаётган маълумотлар эса зерикарли ҳисоб-китоблардан иборат. Имтиҳон вақти келганда талабалардан ялпи харажат функцияларини фарқлаш ёки талабнинг эгри чизиғини чиқариб бериш сўралиши мумкин. Бу бошланғич иқтисодиётдир.

“Иқтисодиётнинг қайси асосий қоидаларига риоя қилмаслик Совет Иттифоқини муқаррар ҳалокатга етаклади?” (Ресурсларни нарх-навосиз система асосида тарқатиш узоқ муддатли жараёнда ҳаддан зиёд машаққатга айланади); “Чекувчилар чекмайдиганларга қандай иқтисодий фойда келтиришади?” (Чекувчилар нисбатан тезроқ вафот этишади ва чекмайдиганларнинг ижтимоий ҳимоя ҳамда нафақадан кўпроқ фойдаланиб қолишига йўл очиб беришади); “Нега оналик таътили учун кўпроқ муддат бериш аёллар зарарига ишлайди?” (Ишга ёлловчилар ёш қизларни ишга олишда дискриминацияга йўл қўйишлари мумкин) каби саволлар талабалардан камдан-кам ҳолларда сўралади.

Баъзи талабалар фанни узоқ вақт ўрганиб, кенг фикрлайдиган бўлишади. Аммо талабаларнинг кўпчилиги бу йўлдан бормайди. Буни қарангки, энг ақлли, билимли ва қизиқувчан талабалар бошланғич иқтисодиёт дарсларида қийналади. Иқтисодиёт дарслари тугаганда ўзида йўқ қувонадиган бундай талабалар бу фан билан умрбод хайрлашади. Иқтисодиёт эслаб қолиш талаб қилинадиган ва келажакда деярли керак бўлмайдиган маълумотларни ўргатувчи кимё каби машаққатли фанлар билан бир қаторга қўйилади. Шунинг учун аксарият истеъдодли талабалар биринчи курслигидаёқ бу фандан ўзини четга олади. Бундай шармандали ҳолат икки салбий оқибатга олиб келмоқда.

Биринчидан, илмга ташна кўплаб талабалар ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига алоқадор ва кишини ўйлашга ундайдиган кучли фанни назардан четда қолдиряпти. Ваҳоланки, иқтисодиёт органлар трансплантациясидан тортиб, позитив дискриминациягача бўлган турли-туман муаммоларни қамраб олади. Бу каби масалаларни тушунишда иқтисодиётнинг роли катта. Ушбу фан баъзида интуицияга таянса, бошқа ўринларда унга мутлақо қарши боради. Иқтисодиёт кўплаб буюк мутафаккирларни етиштирган. Улардан Адам Смит ва Милтон Фридманга ўхшаганлар жамоатчилик эътиборига тушган бўлса, Гэри Беккер ва Жорж Акерлоф каби олимлар ўз академик доирасидан ташқарида танилмади. Фуқаролар уруши ёки Самуэл Жонсоннинг таржимаи ҳоли ҳақидаги китобни завқу шавқ билан ўқиб чиқадиган одамлар бор, аммо иқтисодиёт фанига келганда, улар ўзини олиб қочишга одатланиб қолган. Аслида эса бу фан қийин эмас, аксинча, жуда мароқли.

Иккинчидан, ҳатто энг зеҳнли фуқароларимизнинг кўпида иқтисодий савод йўқ. Оммавий ахборот воситалари умумжаҳон молиявий инқирози даврида АҚШ ҳукуматининг тутган чора-тадбирларида муҳим роль ўйнаган Федерал захира тизимини қайта‐қайта эътироф этади. Аммо Федерал захира тизими айнан нима билан шуғулланишини қанча одам билади? Ҳаттоки кўплаб сиёсий етакчиларимиз ҳам иқтисодий билимларга муҳтож. Масалан, Дональд Трамп глобаллашув туфайли Америкадаги иш ўринлари камайиб кетаётгани, натижада қашшоқлик ва ишсизлик янада кўпаяётганини бир неча бор таъкидлаган. Бозор иқтисодиётига асосланган рақобатда бўлганидек халқаро савдода ҳам кимдир мағлуб бўлиши рост. Бироқ халқаро савдонинг кенг ёйилиши аҳволнинг ёппасига ёмонлашувига олиб келади, деган қараш нотўғри. Аслини олганда, халқаро савдонинг салбий оқибатларидан хавотирланиш Америка ҳарбий денгиз кучларини узоқ масофага сузиш хавфидан огоҳлантириш билан баробар. Умрим давомида мен эшитган энг баландпарвоз ва ноодатий фикрлар 1992 йилдаги сайловда учинчи номзод бўлган Росс Перога тегишли (Билл Клинтон ва Ҳ. У. Буш асосий кандидатлар бўлган). Перо президентлик дебатларида “Шимолий Америка эркин савдо шартномаси” Қўшма Штатларнинг “қонини сўрувчи” битим экани ҳақида жон куйдириб гапирганди. Уни АҚШдаги иш ўринлари камайиб, бунинг ҳисобига Мексикада бўш иш ўринлари яратилиши хавотирга солганди. У қанчалик таъсирли гапирган бўлмасин, фикрлари иқтисодиётга зид эди. У хавотирланган ҳолат рўй бермади.

Перо кампанияси, ўзининг таъбири билан айтганда, “ов қилишни билмайдиган ит” эди. Бироқ бу сайловларда ютиб чиқадиган дунё етакчилари иқтисодиётнинг асосий тамойилларини яхши тушунади, дегани эмас. 2000 йилда Францияда ишсизлик фоизи икки хонали рақамга келиб қолган ва ишсизлик сурункали равишда кўпайиб бораётган эди. Бунга жавобан Франция ҳукумати муаммони ҳал этиш учун 2000 йилда янги дастур ишлаб чиқди. Социалист ҳукумат бир ҳафталик иш максимумини ўттиз тўққиздан ўттиз беш соатга туширди. Уларнинг мантиғига кўра, ишчилар камроқ ишласалар, янги иш ўринлари ҳосил бўларди. Лекин ярқираган ҳамма нарса ҳам олтин бўлавермайди. Бундай сиёсат маълум даражада жозибали туюлади, худди заҳарни сўриб олишда зулукдан фойдаланишганидек. Афсуски, зулукдан фойдаланиш ҳам, ҳафталик иш соатларини камайтириш ҳам узоқ истиқболда фақат ва фақат зиён келтиради.

Тилга олинган французча сиёсат “иқтисодиётда иш ўринлари сони аниқ белгиланган, демак, уларни оқилона тақсимлаш мумкин” деган янглиш тасаввур устига қурилган эди. Бу ғирт сафсата. Нега десангиз, Америка иқтисодиётида охирги ўттиз йил мобайнида интернет билан алоқадор миллионлаб янги касблар пайдо бўлди – бу касблар 1980 йилгача нафақат мавжуд бўлмаган, балки улар пайдо бўлишини ҳеч ким тасаввур ҳам қилмаганди. Барчаси ҳукумат иш соатлари миқдорини ўзгартиришга уринмаган бўлса ҳам пайдо бўлди.

2008 йилда Николас Саркози бошчилигидаги Франция ҳукумати компания ва ишчиларга ҳафтасига ўттиз беш соат ишлаш чекловидан воз кечган ҳолда шартнома тузишга қонуний рухсат берди. Иш соатларини чеклаш сиёсати ишсизлик муаммосига ҳеч қандай ёрдам бермагани бу қарорнинг асосий сабаби эди. Бирорта ақли расо иқтисодчи “иш соатларини камайтириш ишсизликни камайтиради” деб ўйламаганди ҳам (бироқ сиёсатчилар ва уларни сайлаганлар мутахассисларнинг маслаҳатларини эшитишни истамаган).

Америка ҳам иқтисодий муаммолардан холи эмас. 1999 йилда Сиэтлда илк бора антиглобалистлар намойишга чиқишди. Улар Жаҳон Савдо Ташкилоти анжуманига қаршилик кўрсатиш мақсадида деразаларни синдириб, машиналарни ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Намойишчилар ҳақмиди? Глобаллашув юқори суръатда ривожланиб бораётган халқаро савдо атроф-муҳитга салбий таъсир этиши, ривожланаётган мамлакатлардаги ишчилар эксплуатация қилиниши ва ҳар бурчакда “MсDoald’s” тамаддихоналари қурилишига олиб кела дими? Ёки “New York Times” колумнисти Томас Фридман намойишни “Ернинг ясси эканини даъво қилувчилар, протекционист3 касаба уюшмаларининг аъзолари ва ўзининг 1960-йиллардаги наркотик дозасини излаб юрган ғўр ўсмирлар жамланган Нуҳ кемаси” дея таърифлаганида ҳақмиди?4

2016 йилги президентлик сайловида Дональд Трамп демократ Билл Клинтон президентлиги даврида имзоланган “Шимолий Америка эркин савдо шартномаси” ва “Тинч океандаги ҳамкорлик битими”ни қоралайди. Трампнинг танқидлари иқтисодий жиҳатдан ўринлимиди ёки бу фақатгина сиёсий ўйиннинг бир қисми эдими? (Ҳиллари Клинтон Обама маъмурияти давридаги давлат котиби сифатида “Тинч океандаги ҳамкорлик битими”ни қўллаб-қувватлаган, “Шимолий Америка эркин савдо шартномаси” эса Ҳиллари Клинтоннинг турмуш ўртоғи Билл Клинтон президентлиги даврида қабул қилинган.) Бу саволга жавобни 12-бобни ўқиб, билиб оласиз.

Даромад тенгсизлиги замонимизнинг долзарб муаммосига айланди. Шахсий компьютер, интернет, сунъий интеллект ва бошқа технологиялар иқтисодимизни кескин ўзгартириб, ғолиблар ва мағлублар юзага келишига сабаб бўлмоқда. Шунга қарамай, иқтисоднинг асоси ўзгармаган. Фойда келтирадиган кўникмаларга меҳнат бозорида талаб ҳар доим бўлган, бу бейсбол тўпини соатига 163 км тезликда учадиган қилиб улоқтириш ёки халқаро корпорацияни бошқариш бўладими ‒ фарқи йўқ. Аммо технологиялар ва глобаллашув энг малакали ишчилар (янги технологиялар самарадорликни янада оширади) ва кам малакали ишчилар (машиналар уларнинг ўрнини босиши эҳтимоли катта) ўртасидаги тафовутни катталаштирмоқда. 6-боб иқтисодиётнинг (ва кўпинча сиёсий баҳсларнинг) асосий саволига жавоб қидиради:

нега айримлар юзлаб миллион доллар топса, бошқалар камбағалликдан чиқиш учун етарлича пул топа олмайди.

Мен китоб борасида биттагина ваъда бераман: унда ҳеч қандай чизма, диаграмма ва ҳисоб-китоблар бўлмайди. Буларнинг барчаси иқтисодиётда ўз ўрнида қўллангани маъқул. Аслини олганда, математика оламни тушунтиришнинг энг оддий, шу билан бирга, энг зукко йўлини таклиф эта олади (об-ҳавонинг қанчалик илиқ ёки салқинлигини айтишдан кўра ташқарида етмиш икки градус дейиш кўпроқ аниқликка эга бўлгани каби). Бироқ моҳиятан иқтисодиётдаги энг муҳим ғоялар асосан интуитив тарзда туғилади. Интуитив ғояларнинг кучи кундалик муаммоларни ҳал этишда мантиқ ва пухталикдан усталик билан фойдаланишдадир. Бостон университети назарий иқтисодчиси Гленн Лоури таклиф этган қуйидаги фикр ҳақида ўйлаб кўринг: ўнта номзод бор ва улар битта бўш иш ўрнини эгаллаш учун ҳаракат қилмоқда. Номзодларнинг тўққизтаси оқ танли, биттаси эса қора танли. Ишга олувчи компаниянинг сиёсатига кўра, номзодларнинг барчаси тенг қобилиятларга эга бўлса ҳам, озчилик қатламдан чиққан номзод ишга олинади.

Вазиятнинг давомини тасаввур қилиб кўринг: ўнта номзод орасида иккита энг кучли номзод мавжуд ‒ бири оқ танли ва иккинчиси қора танли. Компания сиёсатига кўра, қора танли номзод ишга олинади. Иқтисодчи Лоури (унинг ўзи ҳам қора танли) ушбу вазиятни келтириш орқали дарров хаёлга келмайдиган, лекин оддий бир фикрни тушунтирмоқчи: аслида биттагина оқ танли номзод компаниянинг ушбу сиёсатидан жабр кўрди, қолган саккиз номзод эса қобилият жиҳатидан оқсагани учун барибир бу ишни қўлга кирита олмасди. Шундай бўлишига қарамай, оқ танли номзодларнинг тўққизтаси ҳам бирдек асабийлашади ва “дискриминация қурбони бўлдим” деб ўйлайди. Лоури озчиликларни қўллабқувватлаш сиёсатига душман эмас. У шунчаки бу борадаги баҳс-мунозараларга янгича ёндашди холос. Ахир кўриниб турибдики, позитив дискриминация сиёсати ирқий муаммоларни ҳал этиш ўрнига бундай муаммолар янада кучайишига сабабчи бўлиши мумкин экан.

Ёки суғурта компаниялари туғуруқдан сўнг аёлларнинг шифохонаги бир эмас, икки кечаси учун тўловларни қоплаши тўғрисида янграб турадиган таклифларни олайлик. Президент Билл Клинтон бу муаммони жиддий деб ҳисоблаган ва 1998 йили Конгрессга қилган мурожаатида уни ҳал қилишга ваъда берган. Бироқ бундай режаларни амалга ошириш осон эмас. Одатда шифохонада қўшимча яна бир кун қолишга ҳеч қандай тиббий эҳтиёж бўлмайди, устига-устак, бу қимматга тушиб кетади. Шунинг учун ёш оналар қўшимча кун учун тўлов қилишни истамайди, суғурта компаниялари ҳам улар учун бу ортиқча чиқимни қоплашни хоҳламайди. Агар суғурта компанияларига шу каби ёки бошқа бирон-бир мажбурият қонунан юклатилса, ортиқча чиқимни суғурталаш тўловини ошириш эвазига қоплаб оладилар. Лекин суғурта нархлари ошса, зўрға кун кўрадиган одамлар соғлиғини суғурталашга имкон тополмайди. Шундай қилиб, масала бундай: биз кўплаб оналарга қулайлик яратиб бериш йўлида у бошқа одамларнинг соғлиғи ҳимоясиз қолишига олиб келадиган қонун чиқаришга тайёрмизми?

Бир томоннинг зарари бошқа томоннинг фойдасига ишлайдиган ушбу вазият Америкада соғлиқни сақлаш ислоҳоти ҳақидаги баҳс-мунозараларда доим улкан резонанс келтириб чиқаради. Соғлиқни сақлаш тизими қўшимча қулайликларга кафолат беришда қанчалик кўп сахийлик қилса, суғурта нархи шунча ошаверади. Буни ҳукумат йўлга қўядими, йўқми ‒ аҳамиятсиз, ҳолат худди шундайлигича қолаверади. Аслида, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ энг муҳим саволга жуда оз эътибор берилади. Масалан, қиммат тиббий технологиялар кўпайиб кетган. Уларнинг баъзилари зўр натижаларга олиб келса, баъзилари ҳеч қандай фойда келтирмайди. Шундай экан, ўз нархига арзийдиган муолажаларга “ҳа”, арзимайдиганларига эса “йўқ” дейдиган тизимни қандай қилиб яратамиз?

Иқтисодиёт илми Республикачилар партияси учун яхшигина реклама холосми? Ундай эмас. Ҳаттоки иқтисодиёт бўйича Нобель лауреати ва эркин бозор иқтисодиётининг асосий тарғиботчиси бўлган Милтон Фридман ҳам тартибга солинмаган бозор жиддий салбий оқибатларга олиб келиши ҳақидаги фикрга қўшилган бўларди. Америкаликларнинг автомобилларга ўчлиги ҳақида ўйлаб кўринг. Муаммо биз машиналарни ёқтиришимизда эмас, балки машинани сотиб олаётганимизда, автомобиль ҳайдашимиздан юзага келадиган барча зарарли оқибатларни қоплайдиган даражада пул тўламаслигимизда. Тўғри, биз машинани сотиб оламиз, унинг суғуртаси, ёнилғиси ва қўшимча харажатлари учун пул сарфлаймиз. Лекин автомобилимиздан чиқадиган заҳарли тутун, биз келтириб чиқарадиган тирбандликлар, йўлларга етказиладиган зарар ёхуд кичикроқ машиналардаги ҳайдовчиларга хавф туғдирганимиз учун биздан тўлов талаб этилмайди. Натижада эса отасининг кредит картасини ўғирлаб, кечаси айланишга чиқиб кетган шўх боланинг ҳолатига ўхшаш вазият содир бўлади: агар ўз чўнтагимиздан тўлаш керак бўлса, ҳеч қачон қилмайдиган харажатларимизга бошқалар ҳисобидан бемалол пул сарфлаймиз. Катта-катта машиналарни ҳайдаймиз, жамоат транспортига минмаймиз, шаҳар ташқарисидаги чеккароқ жойларга кўчиб ўтамиз ва у ердан узоқ масофаларга машина ҳайдаймиз.

Инсонлар ўзларининг бундай хатти-ҳаракатлари учун ҳеч нима тўламайди, бироқ жамият бунинг бадалини ҳаво ифлосланиши, глобал исиш, тирбандликлар ва шаҳарларнинг тартибсиз кенгайиши билан тўлайди. Долзарблашиб бораётган ушбу муаммонинг ечимини ҳу куматнинг иқтисодга аралашувини чеклаш тарафдорлари бўлган консерваторларнинг одатий жавобларида учрата олмайсиз. Ечим эса машиналар ва ёнилғига юқорироқ миқдордаги солиқлар жорий этишдир. Шундай чораларни кўрсаккина, енгил автомобиль ёки баҳайбат йўлтанламасни миниш харажати жамиятга етказиладиган зарар билан мутаносиб бўлади (ушбу мавзуни учинчи бўлимда таҳлил қиламиз). Жамоат транспорти учун катта субсидиялар берилиши эса машина ҳайдамайдиган ва бу билан бизни ортиқча тирбандликлардан асраб қоладиган одамлар учун муносиб мукофот бўларди.

Айтганча, иқтисодчилар дискриминация каби ижтимоий муаммолар бўйича энг долзарб тадқиқотларни ўтказишган. Бутун дунёда симфоник оркестрлар азалдан аёлларга нисбатан дискриминация қилиб келганми? Ҳарвард иқтисодчиси Клаудиа Голдин ва Принстон университети иқтисодчиси Сесилиа Роуз буни аниқлашнинг янги усулини ўйлаб топишди. 1950-йилларда Америка оркестрларида “парда ортидаги” чиқишлар ўтказила бошланди. Яъни оркестр аъзолари саҳна ортидан туриб мусиқа чалишарди. Ҳакамлар мусиқачиларнинг кимлиги ва жинсини билмаган. Аёллар саҳна ортида туриб ижро қилганда, саҳнада – ҳакамлар кўз ўнгида ижро қилган пайтдагидан кўра яхшироқ баҳоланганми? Ҳа, худди шундай. Ижрочининг шахсияти номаълум бўлган чиқишлар кенг тарқалганидан сўнг аёллар биринчи турдан ўтиши эҳтимоли қарийб эллик фоизга, финалга чиқиши эҳтимоли эса бир неча баробарга ошганди.5

Иқтисодиёт қўлимизга кучли (ҳар доим ҳам мураккаб бўлмайдиган) таҳлил этиш воситаларини тутқазади. Бу воситалардан ҳодисаларнинг сабабларини изоҳлаш учун фойдаланиш мумкин. Шунингдек, улар атрофга назар солиб, дунёни тушунишда ва йирик сиёсий ўзгаришларнинг оқибатларини олдиндан башорат қилишда ҳам ишлатилади. Иқтисодиёт худди тортишиш кучига ўхшайди: бепарво бўлсангиз, бошингизга олма тушиши тайин.

“Lehman Brothers” сармоя банкининг муваффақиятсизликка учраши иқтисодий инқирозга сабаб бўлди ва банк 2008 йил 15 сентябрда ўзининг банкротликка учраганини эълон қилди. Катта депрессиядан кейин энг улкан зарар келтирган иқтисодий инқироз мана шу бўлди, десак, муболаға бўлмайди. Бу қандай содир бўлди? Қандай қилиб ўз фаровонлигини таъминлаш йўлларини яхши тушуниши лозим бўлган кўплаб мижозлар уй-жой бозоридаги “пуфак”6 ёрилиб кетишининг қурбони бўлди? Уларга қарз берган тентаклар ким экан? Нима учун “Wall Street” таъминланган қарз облигациялари ҳамда дефолт свопларини яратди ва нима сабабдан улар молия тизими учун ғоят хатарли бўлиб чиқди?

Иккинчи бўлимда беэътибор хатти-ҳаракатлар иқтисодий инқирозга етаклашини тизимдаги рағбатларнинг хусусиятларига қараб олдиндан билиш мумкинлиги батафсил ҳикоя қилинади. Ипотека брокерлари нима учун бемулоҳазалик билан жуда кўп қарз бериб юборди? Чунки пуллар ўзлариники эмасди! Пулларни қарз берувчи банклар комиссия асосида тўлаган. Ипотека қарзлари қанча кўп ва йирик бўлса, брокерларнинг фоиз бўйича даромадлари ҳам шунча кўп бўлади.

1.Мидас ‒ юнон мифологиясида тегинган нарсаси олтинга айланадиган қирол. ‒ Таҳр.
2.Маҳсулотлар олдиндан белгилаб қўйилган нархда сотиладиган ёки сотиб олинадиган бозор. ‒ Таҳр.
3.Протекционистлар – давлат ички бозорни чет эл рақобатидан ҳимоя қилиши керак, деб ҳисоблайдиганлар. – Таҳр.
4.Thomas Friedman, “Senseless in Seattle,” New York Times, December 1, 1999.
5.Claudia Goldin and Cecilia Rouse, “Orchestrating Impartiality: The Impact of ‘Blind’ Auditions on Female Musicians,” American Economic Review, September 2000.
6.Иқтисодий пуфак – кўпинча бозордаги саросима ортидан келиб чиқадиган ҳаддан ташқари катта талаб натижасида нархларнинг ҳақиқий қийматдан анча юқорилаб кетиши. Худди шу нархларнинг бирданига кескин тушиб кетиши “пуфак ёрилиши” дейилади. ‒ Таҳр.
399 ₽
9,34 zł
Ograniczenie wiekowe:
0+
Data wydania na Litres:
25 kwietnia 2023
ISBN:
978-9943-23-222-8
Właściciel praw:
Asaxiy books
Tekst PDF
Średnia ocena 5 na podstawie 1 ocen
Tekst
Średnia ocena 5 na podstawie 3 ocen
Tekst
Średnia ocena 5 na podstawie 1 ocen